Abu Jandal
Ал-Ос ибн Суҳайл ибн Амр ал-Омирий ал-Қураший | |
|---|---|
| Шахсий маълумотлар | |
| Вафоти |
милодий 639-йил (ҳижрий 18-йил) |
| Дини | Ислом |
| Танилган соҳаси | саҳоба |
Абу Жандал (арабча: أبو جندل — Ал-Ос ибн Суҳайл ибн Амр ал-Омирий ал-Қураший) — саҳоба.
Биографияси
Исломни қабул қилганидан кейин Абу Жандал куняси билан машҳур бўлган. Баъзи манбаларда укаси Абдуллоҳ ибн Суҳайл билан чалкаштирилиб, у билан боғлиқ баъзи воқеалар Абу Жандалга нисбат берилган. Абу Жандал Бадр ғазотидан аввал Маккада мусулмон бўлган. Шу боис отаси уни қамаб занжирбанд қилади ва ҳижрат қилишига изн бермайди. Ҳудайбия сулҳида (6/628-йил) маккаликлар вакили бўлган отаси Суҳайл ибн Амр билан Пайғамбар келишувнинг ёзма матнини имзолаш тараддудида турганида Абу Жандал оёқлари занжирбанд қилинган ҳолда Маккадан қочиб келади. Буни кўрган Суҳайл Пайғамбардан келишувга мувофиқ ўғли ортга қайтишини талаб қилади. Расулуллоҳ келишув ҳали имзоланмаганини айца-да, Суҳайл буни қабул қилмайди ва ўғли қайтарилмагунича келишув қоғозига имзо чекмаслигини таъкидлайди. У ўғлига зарар бермасликка ваъда бериб, уни олиб кетишга киришади. Мусулмонларни таассуфга солган ва „Явму Аби Жандал“ деб тилга олинадиган бу воқеадан қаттиқ хафа бўлган Пайғамбар Абу Жандалга таскин беришга ҳаракат қиладилар ва келишувга содиқ қолишга Аллоҳ номи билан сўз берганларини айтиб, унга сабр тилайдилар.
Ҳудайбия сулҳидан кейин мусулмон бўлиб Мадинага келган, аммо қурайшликларнинг хоҳишига кўра, ортга қайтарилган ва муҳофизлардан бирини ўлдириб, Қизил денгиз соҳилидаги „Сийф ал-баҳр“га қочган Абу Басийр ҳақида эшитгач, Абу Жандал ҳам ўзи каби ҳибс қилинган 70 та мусулмон билан ўша ерга қочади. „Сийф ал-баҳр“да йиғилган мусулмонларнинг тижорат карвонлари учун хавфли бир кучга айланганини эшитган қурайшликлар шартномада Мадинага кетганларни ортга қайтариш ҳақидаги қайд қилинган шартдан воз кечганлари, хоссатан Абу Басийр, Абу Жандал ва уларнинг сафдошларини Мадинага киритилишига рози эканларини маълум қиладилар. Бунинг эвазига тижорат карвонларининг хавфсизлиги таъминланишини сўрайдилар. Пайғамбар Абу Басийр ва бошқаларга мактуб юбориб, Мадинага келишларини буюради. Мактуб „Сийф ал-баҳр“га етиб борганидан бир оз кейин Абу Басийр вафот этади. Унинг вафотидан сўнг, у ердаги мусулмонларга бош бўлган Абу Жандал, сафдошлари билан бирга Мадинага қайтади.
Пайғамбар вафотига қадар Мадинада қолган Абу Жандал барча ғазотларда иштирок этган. Макка фатҳ этилган кун мусулмон бўлган отаси билан бирга Дамашқ фатҳида қатнашадилар.
Вафоти
Баъзи манбаларга кўра, Абу Жандал Ямома жангида (12/633-йил) иштирок этиб, ўттиз саккиз ёшида вафот этган. Бошқа ривоятга кўра эса, 18-йил (639-йил)да Урдунда тарқалган вабо сабабли отаси билан бир вақтда вафот этган[1].
Адабиётлар
- Ал-Воқидий. Ал-Мағāзӣ. ИИ, 607-609, 630;
- Ибн Абдулбар. Ал-Истӣ’āб. ИВ, 33-35;
- Ибн ал-Асир. Усд ал-ғāба. ИВ, 54-56;
- Аз-Заҳабий. Сияр. И, 192-193;
- Ибн Ҳажар. Ал-Исāба. ИВ, 34;
- Асри Çубукçу. „Эбу Cендел“. ТДВ İА. — İстанбул: 1994. Х, 118-119.
Манбалар
- ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.
| Ушбу мақолада Ислом энсиклопедияси (2020) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ислом шахсияти ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |