Ал- Аббодий, Абу Мансур (арабча: العبادي، أبو منصور‎‎ – Қутбуддин Амир Абу Мансур ал-Музаффар ибн Абу-л-Ҳусайн Ардашер ал-Аббодий) – мутасаввиф, муҳаддис, воиз ва хатиб.

Абу Мансур
Шахсий маълумотлар
Таваллуди милодий 1098-йил (ҳижрий 491-йил)
Вафоти милодий 1152-йил (ҳижрий 547-йил)
Аскар мукрам
Дини Ислом
Танилган соҳаси мутасаввиф, муҳаддис, воиз ва хатиб

Ҳаёти

Отаси Амир Аббодий номи билан машҳур бўлган воиз Абу-л-Ҳусайн Ардашер ибн Мансурдир. Ал-Ғаззолий ҳам унинг ваъзларини тинглаган. Ал-Аббодий Марвда машҳур бўлгани учун „Воизи Марвазий“ деб танилган. Ал-аббодий илк таҳсилини Марвда олган. Машҳур муҳаддислардан ҳадисдан сабоқ олиб, кейинчалик ҳадис ривоят қилган. Манбаларда, асосан, ишончли ҳадис ровийси сифатида зикр қилинган ал-Аббодий ота касби бўлган воизлик билан кўпроқ шуҳрат топган. Ваъзларида халқни руҳлантиргани сабабли унга „Султони суҳан“, „Хожаи маъно“, „Алломаи рўзгор“' каби унвонлар берилган.

Ал-Аббодий Марвда шуҳратга эришганидан кейин Султон Санжарнинг элчиси бўлиб, Бағдодга боради. Халифа Муқтафий-лиамриллаҳнинг ишончини қозонади. Уч йил Бағдодда қолиб, ваъзлар қилади ва халқнинг ҳурматига сазовор бўлади. Халифанинг элчиси сифатида Марвга, у ердан яна Бағдодга қайтади. Элчилик вазифаси билан Ҳузистонга бориб, 547-йил 2-раби’ул-аввал ойида (милодий 1152-йил 7-июн) вафот этади. Жасади Бағдодга келтирилиб, Шунизийя мозорига дафн этилган.

Ўша даврда воизликка рағбатнинг кўп бўлгани, унинг ёшлигидан бу маслакка қизиқишига сабаб бўлади. У шунингдек, сўфийликка ҳам қизиқиб, тасаввуф асарларини ўқиб улардан фойдаланади. Фикрларидан тасаввуф мавзусидаги билимининг теранлиги кўринса-да, асарларида шайх ва мутасаввифлар билан бўлган мулоқотлари ҳақида маълумотлар берилмаган. Сўфий табақот китобларида у ҳақида маълумотлар келтирилмагани, сўфийлар наздида мутасаввиф олим деб танилмаганини кўрсатади. Шогирди Абу Саъд ас-Сам’оний ҳадис ривояти хусусида ал-Аббодийнинг эътиборга лойиқлигини зикр қилган бўлса-да, бироқ динга тўғри келмайдиган айрим ишларни ҳам қилганини айтган. Бу борада Ҳамза ибн Маккий ҳам ал-Аббодийнинг намоз хусусида бепарвороқ бўлганини нақл этадики, буларнинг барчаси унинг диний кўрсатмалар қаршисида у қадар ҳассос бўлмаганини кўрсатади. Оддий халқ орасида дин раҳнамоларининг нуфузи юқори бўлган бир даврда яшаган ал-Аббодий нотиқлиги билан халқнинг ишончини қозонган. Унинг бу санъати давлат арбоблари наздида эътибор қозонишига олиб келган бўлса-да, ҳанбалийларнинг танқидига учраган. Чунки у Ислом тарихида маълум бир илмда мутахассис бўлмасдан, фақат нотиқлик билан шуҳрат қозонган шахслардан бири эди.

Асарлари

  • „Сўфийнома“ („Ат-Тасфия фӣ аҳвāл ал-мутасаввифа“). Мазкур асар тўрт бўлимдан иборат бўлиб, бирин­чи бўлимида тасаввуф ва тариқат мавзулари зикр қилинади. Иккинчи бўлимда сулук аҳли мубтадийлар, авосит, мунтаҳийлар номи билан учга бўлинади ва улардан ҳар бирининг вазифалари тушунтирилади. Учинчи бўлимда тасаввуфий ҳоллар зоҳир ва ботин деб иккига бўлинади ҳамда бирма-бир баён қилинади. Тўртинчи бўлимда тасаввуфий истилоҳлар, сўфийларнинг одоб ва аркони борасида сўз юритилади. Ушбу асар содда тилда ёзилган бўлиб, муаллиф мақсадини равшан баён қилиш учун тез-тез аниқ мисоллар ва ўхшатишлар келтиради. Унга кўра, уммат учун набий, талаба учун муаллим, жамоат учун имом, касал учун табиб қандай бўлса, мурид учун шайх ҳам худди шу кабидир. Ал-Аббодий мазкур асарида шариатларнинг бирлиги (ваҳдатуш-шарои’) масаласи ҳақида тўхталиб, барча набийларнинг вазифалари бир нарсани таълим ва таблиғ этишдан иборат бўлганини айтади. Асар Ғулом Ҳусайн Юсуфий томонидан нашр эттирилган.
  • „Манāқиб ас-сӯфийя“. Ушбу асарида муаллиф сўфийлар ва тасаввуф терминлари ҳақида баён қилади. Асар кириш қисми, биринчи боб ва ҳар бири икки бўлимни ичига олган икки асосий қисмдан ташкил топган. Асар 1983-йилда Теҳронда нашр этилган.
  • „Рисāла фӣ ибāҳа шурб ал-хамр“. Мазкур асарда шароб ичишнинг мубоҳлиги ҳақида зикр қилинади. Рисоланинг муаллифга тегишли қўлёзма нусхасини кўрганини зикр қилган ас-Сам’оний, ундаги фикрлар ал-ал-Аббодийга оид эмаслигини, асардаги бу сўзлар бошқалардан нақл этилганини айтган. Ас-Сам’оний асар ҳақида „Аббодий бу каби рисолани ёзганига ишонмайман, агар ёзган бўлса-да, ҳукми ихтилофли бўлган набиздан баҳс юритган бўлиши мумкин“, деб Ибн Ҳажарнинг қарашларига қўшилади.
  • „Марāсим ад-дӣн фӣ мавāсим ал-яқӣн“. Мазкур асар Али ва аҳли байтнинг фазилатлари ҳақида.

Ғулом Ҳусайн Юсуфий „Сўфийнома“нинг сўзбошисида ал-Аббодий қаламига мансуб Меърожнома ва „Ал-Васӣла илā маърифа ал-фазӣла“ асарлари ҳақида ҳам кенг маълумот бериб ўтган. Ал-Аббодий „Сўфийнома“сида „Китāб ал-’унсӯр“ номли асари ҳақида ҳам айтган бўлса-да, бу асар бизгача етиб келмаган[1].

Адабиётлар

  • Ас-Сам’оний. Ал-Ансāб. – Дамашқ: 1976. ВИИИ, 337-338;
  • Ибн ал-Жавзий. Ал-Мунтазам. – Ҳайдар­обод: 1938-40. Х, 150;
  • Ёқут. Му’жам. – Байрут: „Дор иҳё ат-турос ал-’арабий“. ИИИ, 264;
  • Ас-Субкий. Табақāт. – Қоҳира: 1964-76. ВИИ, 299;
  • Ибн Касир. Ал-Бидāя. – Байрут: 1981. ХИИ, 230;
  • М. Тҳ. Ҳоуцма. „Аббâдî“. İА. И, 8;
  • Сüлейман Улудаğ. „Аббâдî, Эбû Мансûр“. ТДВ İА. – İстанбул: 1988. И, 14-15.

Манбалар

  1. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.