Abu Muslim
Абу Муслим (лақаби; бошқа лақаблари Або Муслим, Абу Муслим Хуросоний, Абу Муслим Марвазий; асл исми Абдураҳмон) (тахминан 700-755) — Хоразм (у даврларда Марв амирлги деб аталган) туркий халқига мансуб, Хуросон ва Мовароуннаҳрда умавийлар сулоласига қарши ҳаракат раҳбари.
Исфаҳон вилоятидан чиққан қул. Баъзи, манбаларга кўра, аббосийларнинг Куфадаги тарғиботчиларидан Исо ас-Саррожнинг қули бўлган, бошқа бир манбаларга қараганда, Исфаҳон вилоятида яшовчи бир араб, йирик ер эгасининг қули бўлиб, 738 йили хўжайини Куфа қамоқхонасига ташланган пайтда Абу Муслим унинг хизматида бўла туриб ас-Саррож билан танишган ва унинг топшириқларини бажара бошлаган. Кейинчалик аббосийларнинг Хуросондаги тарғиботчилари раҳбари Абу Саламага сотилган (ёхуд берилган). 744 йил бошида у билан бирга Хуросонга келган. Кейинчалик Абу Муслим алавийлардан Иброҳим ибн Муҳаммадга маъқул келгани туфайли унга туҳфа қилинган. Иброҳим уни озод қилиб, Абдураҳмон деб исм қўйган ва уни ўзига яқин тутган. 747 йил мартда Иброҳим Абу Муслимни умавийларга қарши тайёрланаётган ҳаракатга раҳбарлик қидиш учун Хуросонга ўзининг шахсий вакили сифатида жўнатган. Май ойида у Марв воҳасига етиб келиб, бир ой ичида бир неча минг тарафдорларини тўплаган. Абу Муслим қулларга озодлик берилишини ваъда қилган. Хуросон ноиби Наср ибн Сайёр қўшинлари устидан ғалаба қилиб, 748 йил бошида Марвни эгаллаган. Абу Муслим шу ердан туриб Хуросон ва Мовароуннаҳрни эгалланишига раҳбарлик қилган. Абу Муслим Марвда кўпгина қурилиш ишларини олиб борган, илк бор хутбани ўтириб эмас, балки минбарда туриб ўқиган. Абу Муслимнинг ҳукмронлик даври нотинч бўлган: 750 йилда умавийлар ўрнига келган аббосийлар сулоласидан норози бўлган Бухоро араблари қўзғолон кўтаришган ва Мовароуннаҳрнинг кўпгина ҳокимлари халифаликдан ажраб чиқишган. Абу Муслим Самарқандгача бориб, унинг истеҳкомларини янгилаган ва Мовароуннаҳрга эгалик қилиш учун кураш бошлаган. 751 йил июлда унинг саркардаси Зиёд ибн Солиҳ Тароз ёнида Хитой қўшинини тор-мор келтирган ва бу билан аббосийларнинг Сирдарё ортидаги ҳудудларига эгалик қилишларини таъминлаган. 752 йил бошида Абу Муслим Марвга қайтиб келган, бироқ оз фурсатдан сўнг Мовароуннаҳр ноиби этиб тайинланган Зиёд исён кўтарган ва Абу Муслимга яна Амударёни кечиб ўтишига тўғри келган. Абу Муслим қудратининг ошиб бораётгани аббосийларни хавотирга солган ва улар уни йўқотиш пайига тушишган. 754 йил май-июнда Абу Муслим ҳажга бориш учун Хуросонни тарк этган. Шу пайтда ас-Саффоҳ вафот этиб, халифалик тахтига ал-Мансур ўтиради. Мансур ҳокимиятини амакиси, Византияга юриш қилган қўшин кўмондони Абдуллоҳ тан олмаган. Абу Муслим исёнчини тор-мор келтирган (754 йил ноябр) ва катта ўлжани қўлга туширган. Мансур ўлжани талаб қилади, бундан ғазабланган Абу Муслим Хуросонга қайтган. Бироқ халифа уни йўлдан қолдириб Мадойин шаҳрига музокарага чақиртириб келтиришга эришган. Абу Муслим шу ерда 755 йил 12-феврал (ёхуд 27-январ)да халифа қабулида бўлган чогида ўлдирилган. Саккиз йиллик фаол диний-сиёсий фаолияти даврида Абу Муслим „ашаддий“ шиалар таълимотига ёки имоматликка яқинлашмаган бўлса ҳам унинг ўлими замонавий маздакийлар, шиаларнинг бир қанча қўзғолонларини келтириб чиқарган. „Ашаддий“ шиаларнинг айрим фирқалари уни имом деб эълон қилган, абумуслимия фирқаси пайдо бўлган. Буларнинг сўнгги акс-садоси Муқанна қўзғолони ҳисобланади. Абу Муслим ҳақида Марвда удум бўлган ривоят, афсоналар кейинчалик форс тилида (унинг туркийча варианти ҳам бор) ёзилган халқ романи — „Қиссаи Абу Муслим“ (ўзбекча „Абу Муслим жангномаси“)га асос бўлган.
Манбалар
- Абу Муслим - Ислом Энсиклопедияси
- Абū Муслим — Британ энсиклопедияси.
- Маликов, А. М. Кул'т Абу Муслима и его сподвизҳников в Централ'ной Азии: вариантй мифологизации // Этнографическое обозрение. №3. 2020. с. 141—160.
- Мосcати, С. (1960). "Абū Муслим". Ин Гибб, Ҳ. А. Р.; Крамерс, Ж. Ҳ.; Лéви-Провенçал, Э.; Счачт, Ж.; Леwис, Б. & Пеллат, Ч. (эдс.). Тҳе Энcйcлопаэдиа оф Ислам, Неw Эдитион, Волуме И: А–Б. Леиден: Э. Ж. Брилл.
- Йūсофī, Ḡ. Ḥ. (1983). "АБŪ МОСЛЕМ ḴОРĀСĀНĪ". Ин Яршатер, Эҳсан (эд.). Энcйcлопæдиа Ираниcа, Волуме И/4: Абū Манṣūр Ҳеравı̄–Адат. Лондон анд Неw Ёрк: Роутледге & Кеган Паул. пп. 341–344.