Abu Nasr Muhammad

Абу Наср Муҳаммад (1015 ёки 1016-йилда вафот этган) — Ғарчистон ҳукмдори, номаълум санадан 990-йилларгача ҳукмронлик қилган. Эроний князлар сулоласига мансуб бўлиб, Ғарчистонни бошқарган ва Шар („улуғлик ва ҳукмронлик“) унвонини олган. Мазкур сулола Абу Наср Муҳаммаддан аввал ҳам ҳудудни бошқарган бўлса-да, Абу Наср ушбу сулоланинг тарихда номи маълум бўлган илк аъзоси ҳисобланади. Отаси Асад исмли шахс бўлиб, эҳтимол ундан олдин ҳукмронлик қилган.
Ҳаёти
Абу Наср ўз сюзерени Сомоний ҳукмдор Нуҳ ИИ (ҳ. 976–997) даврида яшаган. У илм-фанга қизиққан бўлиб, саройига кўплаб олимлар ташриф буюрган ва Абу Наср уларга ҳомийлик қилган. Шоҳ Муҳаммад исмли ёш ўғли ҳам бўлган. Ўғли вояга етгач, Абу Наср тахтдан воз кечиб, ҳокимиятни унга топширган ва ўзи бутун эътиборини илм олишга қаратган. Бироқ 994-йилда кучайиб кетган симжурий исёнчи Абу Али Симжурий Ғарчистонга бостириб кириб, Абу Наср Муҳаммад ва унинг ўғли Шоҳ Муҳаммадни ўз юртидан қочишга мажбур қилган. Улар бир қалъага чекиниб, ўша ерда ўзларини мустаҳкамлаб олишган.
Шарлар сулоласига омад кулиб боққан. Сомонийлар вассали бўлган Ғазнавийлар шаҳзодаси Сабуктегин тез орада Абу Алига ҳужум қилиб, уни Гургонга чекинишга мажбур қилган. Шу тариқа Шарлар ўз юртларини қайта эгаллаш имконига эга бўлган. Бироқ 998-йилда Маҳмуд бошчилигидаги Ғазнавийлар шу қадар кучайиб кетганки, улар Сомонийлардан мустақиллик эълон қилган ва тез орада Сомонийларга бўйсунувчи давлатларни, жумладан, Ғарчистонни ҳам ўзига бўйсундира бошлаган. 1012-йилда Маҳмуд Шоҳ Муҳаммаднинг ёмон хулқ-атворини баҳона қилиб, унинг ҳудудларига бостириб кирган.
Абу Наср босқинга қаршилик кўрсатмай, тез орада Ғазнавий қўшинларига таслим бўлган. Шоҳ Муҳаммад эса қаршилик кўрсатишни танлаган. Бироқ мағлубиятга учраб, асир олинган. Шоҳ Муҳаммад асирлик даврида ёмон муносабатга учраган бўлса, Абу Наср ҳурмат билан қабул қилиниб, эъзозланган. Маҳмуднинг вазири Аҳмад Маймандий ҳам Абу Насрга катта ҳурмат кўрсатиб, ҳатто уни ҳимоя қилишга ҳаракат қилган. Абу Наср 1015 ёки 1016-йилда вафот этган. Бироқ унинг сулоласи вакиллари бир неча ўн йиллардан сўнг Ғурийлар хизматида тилга олинади.
Манбалар
Адабиётлар
- Босwортҳ, C. Э. „Тҳе эарлй Гҳазнавидс“, . Тҳе Cамбридге Ҳисторй оф Иран, Волуме 4: Фром тҳе Араб Инвасион то тҳе Салжуқс. Cамбридге: Cамбридге Университй Пресс, 1975 — 162–198-бет. ИСБН 0-521-20093-8.
- Ҳоуцма, М. Тҳ. Э.Ж. Брилл'с Фирст Энcйcлопаэдиа оф Ислам 1913-1936. Брилл, 1987 — 1–299-бет. ИСБН 9789004082656.