Тўлиқ исми Саъд ибн Молик ибн Синон ибн Убайд, куняси Абу Саид ал Худрий. Од Адий ибн Нажжор қабиласидан. Отаси Молик Мадинада Ислом ёйила бошлаган паллаларда мусулмон бўлган эди. Абу Саид Мадинадаги Масжиди ал-Набавий қурилишида қатнашди. Бадр жанги сафарига бормаган бўлса-да, ўн уч ёшида Уҳуд жангида отаси билан иштирок этди. Отаси Молик ўлди. Шундан кейин оилани боқиш Абу Саиднинг зиммасига тушди. Абу Саид Бани Мустаълиқ ва Хандақ жангида, Ҳудайбия, Хайбар, Макка фатҳи, Табук муҳорабасида – жами ўн икки ғазотда иштирок этди. Умар ва Усмон даврларида Мадинада фатво берувчилардан бири бўлди, ҳазрат Али даврида бўлган Наҳравон жангида қатнашди. Абу Саид Худрий ҳар қайсиси мингдан ортиқ ҳадис ривоят қилган Абу Ҳурайра, Абдуллоҳ ибн Умар, Анас ибн Молик, ҳазрат Ойша, Абдуллоҳ ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ Ансорий билан бирга „муксирун“ (энг кўп ҳадис ривоят қилган) номи берилган етти саҳобийнинг биридир. Улар айтган ҳадислар ўн олти мингдан зиёд бўлиб, шундан бир минг бир юз етмиштасини Абу Саид ривоят қилган. Булардан қирқ учтаси Имом Бухорий ва Имом Муслимда, йигирма олтитаси фақат Бухорийда, элликтаси фақат Муслимда, қолганлари бошқа ҳадис китобларида келтирилган. Бу саҳобийнинг ривоятларини Зайд ибн Собит, Абдуллоҳ ибн Аббос, Анас ибн Молик, Ибн Умар, Абу Қатода, Абу Туфайл, Саид ибн Мусайяб, Ториқ ибн Шиҳоб, Ато, Мужоҳид нақл қилишган. Абу Саид эшитганларини фақат эҳтиёж бўлганида, суннат янглиш татбиқ этилаётганини кўрганидагина ривоят қилар эди. Абу Саид Худрий камбағалларга, бева-бечораларга ёрдам қилар, уларни уйига олиб келиб, бошпана берар ва тарбия қиларди. Лайс, Сулаймон ибн Амр шулар жумласидандир. Абу Саиднинг Абдураҳмон, Ҳамза ва Саид исмли фарзандлари бўлган. Абу Саид Худрий ҳижрий 74-йили саксон бир ёшда вафот этди[1].

Манбалар

  1. ↑ „Абу Саид Худрий“. 2017-йил 10-декабрда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 2017-йил 9-декабр.