Абу Зайд Даббусий — (978—1039 йиллар) фақиҳ, аллома бўлган.

Абу Зайд Даббусий
Шахсий маълумотлар
Дини Ислом
Танилган соҳаси фақиҳ, аллома

Абу Зайд Абдуллоҳ ибн Умар ибн Исо Қозий Даббусий Йирик ҳуқуқшунос олим Бухоронинг етти машҳур қозиси (қузоти сабъа)дан бири, ҳанафий мазҳабининг салоҳиятли вакили ва раиси бўлиб, 367/978—йилда „Даббусия“ қишлоғида туғилган. Абу Зайд Даббусий 63 йиллик сермаҳсул ҳаётидан кейин 430/1039—йилда Бухорода ҳаётдан кўз юмиб, Имом Абу Бакр Тархон мақбараси яқинида дафн этилган. Абу Зайд Даббусий фиқҳ илмини икки буюк фақиҳ — Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий ва Абу Бакр Жассоснинг шогирди бўлмиш Абу Жаъфар ибн Абдуллоҳ Уструшаний (Аструшаний)дан ўрганиб фиқҳ, усул, хилоф, жадал ва тасаввуф илмлари бўйича иқтидорли олим даражасига кўтарилади. Алломанинг илмий салоҳияти ва тенгсиз истеъдоди барча олимлар томонидан эътироф этилган. „Вафаёту-л-­аъён“, „Тожу-т-­тарожим“, „Жавоҳиру-л­-музийя“ ва „Фавоиду-л-­баҳийя“ китобларида зикр этилишича, аллома ҳар доим Бухоро, Самарқанд шаҳрида машҳур ва таниқли олимлар билан мунозара олиб борган.

Асарлари

Абу Зайд Даббусий ҳанафий мазҳаби бўйича қимматли асарлар муаллифи бўлиб, бундан ВИИИ ярим аср муқаддам „илму-л­-хилоф“ („хилоф илми“) — ислом ҳуқуқи бўйича қиёсий ҳуқуқшунослик фанига асос солган. Абу Зайд Даббусий ёзган китоблар қуйидагилардан иборат: „Таъсису-н-назар фи ихтилофи-л-аим-ма“ („Имомларнинг ихтилофи ҳақидаги қарашларини асослаш“), „Тақвиму-л­-адилла“ („Далилларни баҳолаш“), „Китобу-л­-асрор фи-л­-усул ва-л-­фуруъ“ („Фиқҳ илми асослари ва тармоқлари сирлари ҳақида китоб“), „Ал­-амаду-л­-ақсо“ („Энг олис мақсад“), „Хизонату-л­-ҳудо“ („Ҳидоят хазинаси“), „Шарҳу-л-­жомиъи-л-­кабир“ („Жомиъу-л-кабир шарҳи“), „Ал-анвор фи усули-л-­фиқҳ“ („Фиқҳ асосларини очувчи нурлар“), „Ан­-нузум фи-л­-фатово“ („Фатволардаги тартиб ­қоидалар“), „Тажнису-д­-Даббусий“ („Даббусийнинг тартиб ва таснифи“), „Ат­-таълиқа“ („Ҳошия“). Мазкур ўнта асардан тўрттасининг (1­4) қўлёзма нусхалари турли кутубхоналарда мавжуд б-б, улардан баъзилари қисман, биринчи ва иккинчиси мукаммал ҳолда нашр этилган. Кейинги олти китоб манбаларда зикр этилган бўлса ҳам бизгача етиб келмаган деб ҳисобланади. Абу Зайд Даббусий мазҳаб соҳасида ижтиҳод ва тахриж (ҳукмларни манбадан чиқариб олиш) салоҳиятига эга бўлган ҳурфикр олим бўлиб, Ўрта Осиё фақиҳлари орасида ўзига хос илмий услуби ва фалсафий тафаккури билан ажралиб турган ва шуҳрат қозонган. Абу Зайд Даббусий фиқҳ илми, ҳанафий мазҳаби такомили фанлар ривожига катта ҳисса қўшди ва юксак илмий аҳамиятга молик асарлар билан ўз номини абадиятга муҳрлаб қолдирди. Абу Зайд Даббусийнинг фанга қўшган ҳиссасини усулу-л­-фиқҳ, хилоф илми, фуруъу-л-­фиқҳ ва тасаввуф соҳаларида кўриш мумкин. Абу Зайд Даббусий асарлари усул илми ривожида бурилиш ясади, айниқса, „Тақвиму-л-­адилла“ китобида қиёс методининг имкониятларини, унга тегишли барча муҳим ва мураккаб атамалар, қонун­қоидаларни изоҳлаб берди. Ибн Халдун бу олимнинг хизматларини бундай таърифлаган: „Ҳанафий имомларидан Абу Зайд Даббусий қиёс бўйича барчадан кўра кенг кўламли ас. ёзди, қиёсга тегишли бўлган барча баҳс­-мунозараларга якун ясади. Шу йўсинда усулул ­фиқҳ илми мукаммал даражасига кўтарилиб, унга тегишли масалалар ўз эчимини топди, қоидалари тартибга келтирилди“. Ибн Халдун эътирофича, ҳанафий йўналишида салаф (аввалги) имомлар орасида энг яхши асар ёзган Абу Зайд Даббусий ва халафлар (кейинги давр олимлари) орасида эса Сайфу-л-­ислом Паздавий бўлган. Абу Зайд Даббусийнинг усул ва хилоф илмларига тегишли тўртта муҳим асари бор. Улар — „Тақвиму-л­-адилла фи усули-л-­фиқҳ“, „Таъсису-н-назар“, „Китобу-л-­асрор фи-л­-усул ва-л­-фуруъ“ ва „Ат­-таълиқа“. Абу Зайд Даббусий ўз асарлари билан ҳам Машриқ, ҳам Мағриб мусулмон олимлари асарига чуқур таъсир ўтказган аллома бўлган. Тадқиқотчилар хулосасига кўра, ҳанафий мазҳабининг буюк фақиҳи Ибн Нужаймга Абу Зайд Даббусийнинг таъсири, айниқса, катта бўлган. Бу таъсир Ибн Нужаймнинг „Ал­-ашбоҳ ва-н-­назоир“ номли қимматли китоби орқали ХИХ асарида усмонийлар давлатида амалга оширилган ислоҳотлар натижаси бўлмиш „Мажаллаи аҳкоми адлия“, хусусан, мажалланинг муқаддимасида берилган 99 та модда (фиқҳий қоида)да ўз ифодасини топди. Абу Зайд Даббусий бундан Х ярим аср муқаддам „илму-л­-хилоф“, бугунги таъбир билан айтганда, „қиёсий ҳуқуқшунослик“ фанига асос солиб, ислом дунёсининг, шарқу ғарб олимларининг эътиборига сазовор бўлган. Агар „қиёсий ҳуқуқшунослик“ ХХ аср охирларига келиб фан сифатида ривожлангани назарда тутилса, улуғ ватандошимиз бундан Х ярим аср олдин исломдаги ҳуқуқий мактаблар соҳасида ушбу фанга асос солиб, ислом ҳуқуқи қонунларини тизимлаштирганининг аҳамияти нечоғли экани аён бўлади[1].





Адабиётлар

  • „Ўрта аср Шарқ алломалари энсиклопедияси“; Самарқанд:Имом Бухорий халқаро маркази 2018.

Манбалар

  1. ↑ Абдуллоҳ Абдулҳамид Саад. Ўрта Осиё олимлари қомуси. – Б. 159; Ёқут Ҳамавий. Муъжаму-л-булдон. Ж.2. – Б. 499; Самъоний. Ал-ансоб. Ж. 2. – Б. 454; Умар Ризо Каҳҳола. Муъжаму-л-муаллифийн. Ж.3. – Б. 265; Ўзбекистон – буюк алломалар юрти. – Б. 245.