Абу ас-Сож Девдад (арабча: أبو الساج ديوداد‎‎, Абū ас-Сāж Дīвдāд; 879-йилда вафот этган) Сўғд шаҳзодаси, Аббосийлар халифалигининг энг кўзга кўринган амирлари, саркардалари ҳамда амалдорларидан бири бўлган. Озарбайжоннинг Сожийлар сулоласи асосчиси бўлиб, сулола номи унинг исмидан келиб чиққан. Отасининг исми Девдашт бўлган.

Абу ас-Сож Девдад
أبو الساج ديوداد
Аҳвознинг Аббосий ноиби
Мансаб даври
875 – 876
Монарх ал-Муътамид
Вориси Иброҳим ибн Сима
Шахсий маълумотлари
Таваллуди Аббосийлар халифалиги
Вафоти 879
Муносабатлари Абдулраҳмон ибн Муфлиҳ (куёви)
Болалари Муҳаммад
Юсуф
Отаси Девдад

Биографияси

Абу ас-Сож Жанкаках ва Суйдак номли икки қишлоқдан келиб чиққан сўғдий оилага мансуб эди. Бу қишлоқлар бир-бирига жуда яқин жойлашган бўлиб, Ушрусана вилоятига қарашли эди. Абу ас-Сож Аббосийлар хизматига кириб, 837-йилда Афшин қўмондонлиги остида исёнчи Бобак Хуррамдинга қарши амалга оширилган сўнгги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган. Шунингдек, 839-йилда кароний қўзғолончи Мазярга қарши, бир йил кейин эса Афшиннинг амакиваччаси ва ёрдамчиси Минкажур ал-Фарғонийга қарши ҳам жанг қилган. Кейинги бир неча ўн йиллар давомида турли вилоятларда халифаларга хизмат қилди[1]. Абу ас-Сож 865-йилда давом этаётган фуқаролар уруши пайтида халифа ал-Муста’ин томонига ўтиб, ал-Мада’ин шаҳрини мудофаа қилиш вазифасини зиммасига олди[2].

875-йилда Абу ас-Сожни халифа Аҳвоз ноиби этиб тайинлаб, унга Али ибн Муҳаммад исёнини бостириш вазифасини топширди. Али ибн Муҳаммад бир гуруҳ занжий қулларни тўплаб, уларни қўзғолонга ундаган эди[3]. Абу ас-Сож Аҳвозга йўл олар экан, Муҳаммад ибн Восилни бўйсундириш учун ўз куёви Абдулраҳмон ибн Муфлиҳни Форсга жўнатди. Бироқ, Абу ас-Сож Дулабда (Аҳвоз яқинидаги қишлоқ) бўлган пайтда Абдураҳммоннинг мағлубияти ва вафоти ҳақида хабар етиб келди. Бу хабар туфайли режасини ўзгартириб, Аскар Мукрам томон йўл олишга мажбур бўлди. Занжилар бундан Аҳвозга ҳужум қилиш учун имкон сифатида фойдаланиб, шаҳарни талон-тарож, аҳолини эса қирғин қилишди. Бу эса халифани Абу ас-Сожни лавозимидан бўшатиб, ўрнига Иброҳим ибн Симони тайинлашга мажбур қилди.

Кейинги йили Абу ас-Сож халифага қарши юриш бошлаган Саффорийлар амири Я’қуб бин Лайс томонига ўтди. Бу вақтда Я’қуб бин Лайс ўз қўшинини Ироққа қарши юриш асносида Хузистон ҳудудига бошлаб кирган эди. Абу ас-Сож Саффорийларнинг мағлубияти билан якунланган Дайр ал-Ақул жангида иштирок этган. Ривоятларга кўра, жангдан сўнг Яъқубга нотўғри тактика қўллагани учун э’тироз билдирган. Мағлубиятдан сўнг халифалик регенти ал-Муваффақ ас-Сожнинг Ироқдаги мол-мулкини мусодара қилган. 879-йилда Я’қуб санчиқ касаллигидан вафот этгач, ўрнига укаси Амр ибн ал-Лайс тахтга ўтирди. Амр ибн ал-Лайс Аббосийлар халифалиги билан тинчлик битими тузди.

Халифа билан сулҳ тузилгач, Абу ас-Сож Форсдан Бағдод томон йўлга чиқди. Бироқ, Бағдодга етиб боришга улгурмай, ноябр-декабр ойларида Гундишопурда вафот этди. Икки ўғли Муҳаммад ва Юсуф кейинчалик ажойиб фаолият юритиб, мос равишда Озарбайжоннинг биринчи ва учинчи Сожий ноиблари бўлишди.

Манбалар

  1. ↑ Маделунг, "Дйнастиэс," 228
  2. ↑ Маделунг, "Бану Саж"
  3. ↑ Али, Адам (2022-01-28), „Занж Револт ин тҳе Аббасид Cалипҳате (Ирақ)“, Охфорд Ресеарч Энcйcлопедиа оф Африcан Ҳисторй (инглизча), дои:10.1093/аcрефоре/9780190277734.013.933, ИСБН 978-0-19-027773-4

Адабиётлар

Қўшимча ўқиш учун