Абубакр Аҳмаджонович Диваев (1855-йил, 12-июл, Оренбург - 1933-йил, 2-май, Тошкент) — туркийшунос, этнограф, фолклоршунос. 1876-йилда Туркистон ўлкасига таржимон сифатида юборилган. Дастлаб, Авлиёота уездининг участка назоратчиси. Сирдарё обл. генерал-губернатори ҳузурида таржимон ва махсус топшириқлар билан шуғулланувчи кичик амалдор. Қозоқ тилини ўрганган. Диваев Туркистонни кезиб, ўзбек, қозоқ, қорақалпоқ, қирғиз халқларининг этнографияси, фолклорига оид материаллар тўплаган, уларнинг кўпини таржима қилиб, шарҳлар билан нашр эттирган. Шарқ институти, Ўрта Осиё давлат университетини ташкил этишда қатнашди, шу олий ўқув юртларида ўқитувчилик қилди. Туркистон ўлкаси музейида этнография ва археология бўлимини бошқарди. Маданият ёдгорликларини сақлаш, тарих, этнография ва халқ бадиий ижодини ўрганиш соҳасида Москва, Қозон ва Тошкентда иш олиб борган давлат ва жамоатчилик илмий ташкилотларининг фаол аъзоси. "Сирдарё области статистикаси учун материаллар тўплами" (1 —13-жилдлар, 1891 — 1907)га Д.нинг муҳим этнографик тадқиқотлари киритилган. Диваев "Ботирлар" (1922) қаҳрамонлик эпосини яратган. Диваев асарлари Туркистон халқларининг моддий ва маънавий маданиятини ўрганишда муҳим рол ўйнади.

Адабиёт

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Историография обшественних наук в Ўзбекистане, Т., 1974.

,