Abulabbos Maznaviy
Абулаббос Мазнавий — ровий.
Тўлиқ исми Абулаббос Фазл ибн Аҳмад ибн Исмоил ибн Абдураҳмон Мазнавий бўлиб, аксар манбаларда Абулаббос Мазнавий деб куняси билан келтирилган. Баъзиларида эса Фазл ибн Аҳмад Мазнавий деб ҳам келтирилган. У Самарқанд билан Иштихон оралиғидаги қадимий Мазнав қишлоғида туғилган. Шу боис унга Мазнавий нисбаси берилган.
Устози
Абулаббос Мазнавий ҳадис борасида Али ибн Ҳашрам ва Абу Саъид Ашажжлардан таълим олган ва ҳадислар ривоят қилган.
Шогирди
Ўз навбатида, Абулаббос Мазнавийдан Муҳаммад ибн Жаъфар Кабузнажакасий ва Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Албў Хузўий Самарқандий каби алломалар таълим олган ва ҳадислар ривоят қилганлар.
Ривоят қилган ҳадис
Нажмиддин Умар Насафийнинг „Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд“ китобида келтирилишича, Фазл ибн Аҳмад Мазнавий қуйидаги ҳадисни Али ибн Ҳашрамдан ривоят қилган: Абдуллоҳ ибн Нофийъ разияллоҳу анҳу бундай дейдилар: "Араб қавмларидан бири бутларга сиғинишар эди. Бир куни улар ўзларига тегишли бутлардан бирига атаб қулидан нон, ёғ ва сут бериб юборишди. Қул бу нарсаларни бут қошига олиб келиб қўйди-да, ўзига ўзи: „Бироз кутиб, қараб турай-чи, олиб келган нарсаларимга не бўлар экан?!“, — деди. Сўнг, бир эрга ўтириб кузата бошлади. Шунда икки тулки келиб, бояги нон ва ёғни эйишди, кейин сутни ичиб бўлишгач, бутга пешоб қилиб кетишди. Буни кўрган қул қуйидаги байтни айтди:
"Тангри бошига сиярми икки тулки тик туриб?!
Бўлди расво тулкилар устига сийган ул фириб „.
Кейин у қўллари меъёридан узун қилиб ясалган бутга қарата яна қуйидаги уч сатр шеърни айтди:
“Сенга мен банда эмасман, эй қўли ҳаддан узун!
Биз яралганмиз, билиб қўй, сен яралмасдан бурун.
Қўйдим ўт тош кўксингга бу сўз ила, ёнсин бутун!".
Сўнг, қул Жаноб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бориб, бўлган воқеани сўзлаб берди. Шунда у унга: „Кўрганларингдан одамларни хабардор қил!“, — деб марҳамат қилдилар[1]. Манбаларда Абулаббос Мазнавийнинг таваллуд топган ва вафот этган йили ҳақидаги маълумотлар келтирилмаган[2].
Манбалар
- ↑ Нажмиддин Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. Ал-қанд фий зикри уламои Самарқанд. — Теҳрон, 1999. 655; Нажмиддин Умар Насафий. Ал-қанд фи зикри уламои Самарқанд. — Т.: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2001. 214, 215.
- ↑ Исаэв Й., Аббосов А. Иштихоний алломалар. Имом Бухорий халқаро маркази. 2016. — Б. 76.