Абулсарая ас-Сари ибн Мансур аш-Шайбонй (815-йил 18-октябрда вафот этган) 815-йил Ироқ ва Куфада Аббосийлар халифалигига қарши бошланган Зайдий қўзғолони етакчиси. Қўзғолон тез орада Ироқнинг жанубига ёйилиб, Абулсараянинг агентлари Макка ва Мадинани ҳам эгаллашди. Исёнчилар бир муддат Бағдодга ҳам таҳдид солишди. Бироқ, Ҳарсама ибн Аъён кетма-кет қозонган ғалабалари туфайли улар Куфага қадар чекинишга мажбур бўлишган. Август ойининг охирида Куфани тарк этишга мажбур бўлган Абулсарая ва унинг тарафдорлари қочишга уринишди. Бироқ уларни таъқиб қилиб, мағлуб этиб, асирга олишди. Абулсарая 18-октябр куни Бағдодда қатл қилинди. Қўзғолон Ҳижозда Муҳаммад ибн Жаъфар ас-Содиқ Маккада халифага қарши халифа деб эълон қилиниб, бир неча ой давом этди. Бу исён ҳам, охир-оқибат, Аббосий қўшинлари томонидан бостирилди.

Ҳаёти

Абулсараянинг ёшлик даври ҳақида маълумот мавжуд эмас. Унинг ватани Рас ал-Айн эди[1]. Исломдан олдинги шабоний қабила бошлиғи Ҳани ибн Қабисадан келиб чиққанини даъво қилган[2]. Бироқ, Арминиянинг Аббосий ҳукмдори Язид ибн Мазяд аш-Шайбоний хизматига киришидан аввал эшак ҳайдовчи ва қароқчи бўлгани ривоят қилинган[1]. Абулсарая Язид қўмондонлиги остида Хуррамийларга қарши курашган. Аббосийлар сулоласининг ал-Амин ва ал-Ма’мун ўртасидаги фуқаролар урушида дастлаб ал-Амин тарафида туриб, ал-Маъмуннинг лашкарбошиси Ҳарсама ибн А’ёнга қарши жанг қилди. Бироқ, кейинчалик ўз тарафини ўзгартириб, қарши томонга ўтди[1].

Куфадаги қўзғолон

Бироз вақт ўтгач, ҳаж зиёратига бориш учун рухсат олиб, йўлда қўзғолон кўтарди. Ўзига қарши юборилган Аббосийлар қўшинини мағлуб этиб, 815-йил январ ойида Куфада Алий Ибн Табатаба билан бирга Зайдий ғоялари асосида қўзғолон бошлади[1]. Ибн Табатаба қўзғолонда бор-йўғи рамзий шахс бўлиб, реал ҳокимият Абулсарая қўлида эди[2]. Дарҳақиқат, замонавий олимлар Абулсараянинг ҳаракатларини Алийларга нисбатан хайрихоҳлик эмас, балки Алийларни шунчаки ҳокимиятни қўлга киритиш воситаси деб кўргани билан изоҳлашади[3].

Қўзғолон дастлаб муваффақиятли кечиб, 815-йил 14-февралда исёнчилар ал-Маъмуннинг Ироқдаги ноиби ал-Ҳасан ибн Саҳл исёнчиларга қарши юборган Зуҳайр ибн ал-Мусайяб бошчилигидаги Аббосий қўшинларини мағлуб этишди[1][4]. Эртаси куни Ибн Табатаба вафот этди. Табарийнинг айтишича, уни Абулсарая заҳарлаган, аммо бу маълумот тўқима бўлиши мумкин. Ибн Табатабанинг ўрнига Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Зайд имом этиб тайинланди[1][5].

Қўзғолоннинг ёйилиши

Аббосийлар қўмондони Зуҳайр ибн ал-Мусайяб Қаср Ибн Ҳубайрага чекинган бир пайтда, ал-Ҳасан ибн Саҳл Куфага қарши яна бир Аббосийлар қўшинини юборди. Бу қўшин Абдус ибн Муҳаммад бошчилигидаги 4000 отлиқ аскардан иборат эди. 3-март куни Абулсарая Абдусни мағлуб этди. Абдус жангда ҳалок бўлди. Унинг одамлари ё ўлдирилди, ёки асир олинди[6]. Бу хабарни эшитган Ибн ал-Мусайяб шимолга, Наҳр ал-Маликка чекинди. Абулсарая эса ўз қўшинларини Қаср Ибн Ҳубайрага бошлаб борди[7].

Ғалабадан сўнг Абулсарая „Аллоҳ ўз йўлида саф тортиб, гўё мустаҳкам бинодек жанг қилувчиларни севади“ деган ёзувли дирҳамларни зарб эттириб[7], ўз тарафдорларини Восит, Басра ҳамда Аҳвозни эгаллаш учун жўнатди[1][7]. Абулсараянинг аскарлари Воситда маҳаллий ноиб Абдуллоҳ ибн Саид ал-Ҳарошийга қарши яна бир бор ғалаба қозонишди. Ал-Ҳароший оғир талафот билан Бағдодга чекинишга мажбур бўлди[7].

Абулсарая Макка ва Мадинани эгаллаш учун бир гуруҳ Алийларни юборди. Мадинага юборилган Муҳаммад ибн Сулаймон ибн Довуд ибн ал-Ҳасан ал-Мусанна шаҳарни ҳеч қандай қаршиликсиз қўлга киритиб, ўз вазифасини мувафаққиятли бажарди[8]. Маккага юборилган Ҳусайн ибн Ҳасан ал-Афтас ибн Али ибн Ҳусайн Зайн ал-Обидин шаҳарга киришга иккиланди. Бунинг сабаби шаҳарда йиллик ҳаж зиёратига ҳамроҳ бўлиб келадиган Аббосийлар гарнизони мавжудлиги эди. Бироқ, Аббосий ноиб Довуд ибн Исо исёнчиларга қарши чиқиб, муқаддас шаҳарда қон тўкишни истамади. Маҳаллий гарнизон қўмондони Масрур ал-Кабир уларга қарши курашишни маъқул кўрган бўлса-да, Довуд ибн Исо бундай қилмади. Охир-оқибат, Довуд ибн Исо Аббосий кучларнинг бир қисми билан шаҳарни тарк этди. Унинг ортидан бир неча кун ичида қўшинлари ҳолдан тойган ва зиёратчиларнинг қўзғолончиларга қўшилишидан қўрққан Масрур ал-Кабир ҳам йўлга чиқди. Ҳусайн ибн Ҳасан ал-Афтас ўзининг кам сонли ҳамроҳлари билан Арафа куни (21-июн) шаҳарга кириб келди[9]. Маккадан яна бир Алий Иброҳим ибн Мусо ал-Козим йўлга чиқиб, маълум муддат Яманда ҳукмронлик қилди[10].

Мағлубияти, асир олиниши ва ўлими

Қўзғолончилар энди Бағдоднинг ўзига таҳдид солиб, ал-Ҳасан ибн Саҳлни Хуросонга кетаётган Ҳарсамадан ёрдам сўрашга мажбур қилишди. Дастлаб бироз иккиланишдан сўнг, Ҳарсама рози бўлди ва Бағдодга қайтди[1][11]. Буни эшитган Абулсарая апрел/май ойида ал-Мада’инга йўл олиб, ҳатто ундан ҳам ичкарироққа, Бағдоднинг жанубида жойлашган Наҳр Сарсаргача кириб борди. У ерга Ҳарсама ўз қўшинлари билан етиб келиб, Дажла ҳамда Фрот дарёларини туташтирувчи каналнинг нариги қирғоғида исёнчилар лашкарига юзма-юз келди[12].

Ҳарсама Рамазон ҳайитининг эртаси куни (15-май) қўзғолончиларга қарши ҳаракат қилиб, ўз ёрдамчиси Али ибн Абу Саидни ал-Мадаъинга қарши юборди. Аббосийлар қўшини шаҳарни икки кундан сўнг, кун бўйи давом этган ва эртаси куни қайта тикланган шиддатли жангдан сўнг эгаллади[13]. Ал-Мадаъиннинг қулаганидан хабар топган Абулсарая 7-июндан 8-июнга ўтар кечаси Наҳр Сарсардан Қаср Ибн Ҳубайрага чекиниш буйруғини берди. Ҳарсама уни таъқиб қилиб, Қаср Ибн Ҳубайра ёнида мағлубиятга учратди. Натижада исёнчилар Куфага чекинишга мажбур бўлишди[1][14]. Шаҳарга қайтгач, Абулсарая ва унинг одамлари Аббосийлар сулоласининг маҳаллий аъзолари уйларини талон-тарож қилишди ҳамда уларнинг тарафдорларини шаҳардан қувиб чиқаришди[8]. Ҳарсама Куфа шаҳридан ташқаридаги Қарят Шоҳий деган жойда Абулсарая қўшинларини тор-мор қилди. Шу пайтда Али ибн Абу Саид Восит шаҳрини қайта қўлга киритиб, Басра томон юриш бошлади[15].

Маҳаллий қўлловдан маҳрум қолган Абулсарая ва унинг тарафдорлари 815-йил 26-августдан 27-августга ўтар кечаси Куфани тарк этишга мажбур бўлишди[1][16]. Абулсарая 800 нафар отлиқ ҳамроҳлигида Суза томон йўл олди. У ерда Хузистон вилоятининг маҳаллий ноиби ал-Ҳасан ибн Али ал-Маъмунийдан мағлубиятга учради[1][17].

Яраланган Абулсарая ва унинг бир нечта тарафдорлари Рас ал-Айнга етиб олишга уринишди. Бироқ, Жалулада қўлга тушиб, ал-Ҳасан ибн Саҳлга топширилишди. Абулсарая 815-йил 18-октябрда Бағдодда боши танасидан жудо қилиниб қатл этилди. Жасади Дажла дарёси устидаги кўприкда халққа кўргазма қилиб осиб қўйилди[18][19].

Қўзғолоннинг Басра ва Маккадаги якуни

Ироқдаги Алийлар қўзғолонининг сўнгги таянчи бўлган Басра шаҳрини Али ибн Абу Саид забт этди. Бу билан шаҳардаги Алийлар ҳокими Зайд ибн Мусо ал-Козимнинг Аббосийлар тарафдорларига нисбатан ўрнатган ваҳшиёна ҳукмронлигига барҳам берилди[20].

Маккада Алийлар режими бир неча ой яшади. Абулсараянинг тақдири ҳақидаги хабар шаҳарга етиб келгач, Ҳусайн ибн Ҳасан ал-Афтас ва унинг иттифоқдошлари 815-йил 13-ноябр куни кенг ҳурмат қозонган Муҳаммад ибн Жаъфар ас-Содиқни халифа деб эътироф этдилар. Муҳаммад Маккада 16-январгача ҳукмронлик қилди. Ўша куни унинг қўшинлари Аббосийлар лашкарбошиси Исъҳоқ ибн Мусо ибн Исо томонидан мағлубиятга учратилди. Муҳаммад ва унинг қолган тарафдорлари Қизил денгиз қирғоқларига чекиниб, бир неча ой давомида Аббосий қўшинлари билан тўқнашувларга киришди. Ниҳоят, 816-йил июл ойида афв ваъдаси эвазига таслим бўлишди[21].

Манбалар

  1. ↑ 1,00 1,01 1,02 1,03 1,04 1,05 1,06 1,07 1,08 1,09 1,10 Гибб 1960, с. 149.
  2. ↑ 2,0 2,1 Босwортҳ 1987, с. 13.
  3. ↑ Босwортҳ 1987, с. 13 (ноте 16).
  4. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 14–15.
  5. ↑ Босwортҳ 1987, с. 15.
  6. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 15–16.
  7. ↑ 7,0 7,1 7,2 7,3 Босwортҳ 1987, с. 16.
  8. ↑ 8,0 8,1 Босwортҳ 1987, с. 19.
  9. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 19–22.
  10. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 28–29.
  11. ↑ Босwортҳ 1987, с. 17.
  12. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 17–18.
  13. ↑ Босwортҳ 1987, с. 18.
  14. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 18–19.
  15. ↑ Босwортҳ 1987, с. 23.
  16. ↑ Босwортҳ 1987, с. 24.
  17. ↑ Босwортҳ 1987, с. 25.
  18. ↑ Гибб 1960, сс. 149–150.
  19. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 25–27.
  20. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 26–27.
  21. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 28–37.

Адабиётлар