Аччи (атчи) сурилмаси – Оҳангарон дарёси юқори оқимининг чап соҳилида 1972-йил баҳорида вужудга келган улкан сурилма. Саҳни 8 км² бўлган 800 млн. м ҳажмдаги тоғ жинси сурила бошлади. Аччи сурилмасининг дастлабки белгилари 70-йиллар аввалида намоён бўлган. Микрорелефда энг кўп жиддий ўзгаришлар 1973-йилдан бошланган (йирик ёриқлар пайдо бўлди, турар жой бинолари ва иншоотлар шикастланди, автомобил йўллари ва Оҳангарон дарёси кўприги деформацияланди). Сурилма Тешиктош шаҳарчасини, „Еростигаз“ стансияси ва Ангрен шаҳар қуйи қисмини босиши ҳамда Ангрен ГРЕСга еув берувчи канални тўсиб, кўмир ҳавзасини еув остида қолдириш хавфини туғдирди. Сурилма тезлиги дастлаб суткасига 1-2 мм, кейинроқ 17 мм га етди. Дунёда энг катта сурилмалардан бири бўлган Аччи сурилмасининг пайдо бўлишига у ерда 8 км2 майдонда 1947-йилдан шахта усулида узлуксиз кўмир қазиб олиниши, 1961-йилдан кўмирнинг бир қисмини ер остида газга айлантирилиши натижасида бўшлиқ пайдо бўлиши, 40-65 м қалинликда 60 млн. м кон чиқиндилари тўкмаси (отвал)нинг уюмланиши, яъни назорациз антропоген омиллар сабаб бўлди. Буларнинг барчаси тоғ жинслари қатламида табиий мувозанатнинг бузилишига олиб келди. Кўмирнинг шахта усулида қазиб олиниши, 100-130 м чуқурликда 5-15 м қалинликдаги кўмир қатламининг газга айлантирилиши 1960-йилдаёқ 60 га ерда сурилма содир бўлишига, ер усти қатламининг 45 м гача сурилиши ва 4-15 м чўкишига сабаб бўлган эди. Загсан сурилмаси ҳам ер ости сувлари режимини ўзгартирди. Аччи сурилмаси фавқулодда мураккаб ва хавфли вазиятни вужудга келтирди. У ни бартараф этиш мақсадида республика ҳукуматининг махсус қарори асосида тезкор эксперт-методик кенгаш ташкил қилиниб, унга тегишли ташкилотлар жалб қилинди. Кўлами жиҳатидан улкан фалокат келтириб чиқариши аён бўлган сурилманинг зудлик билан тўхтатиб қолиш чора-тадбирлари белгиланди. Тавсияларни мувофиқлаштириш ва амалий ишларни бажариш Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитасининг „Ўзбекгидрогеология“ бирлашмаси зиммасига юкланди. Юздан ортиқ бурғилаш ишлари олиб борилди ва сурилма майдонининг муҳандислик-геологик ва гидрогеологик ҳолатлари ўрганилди. Сурилмани тўхтатиш учун 120 млн.м ҳажмда тоғ жинси келтирилиб дарё буй и га 3,2 км масофага ётқизилди ва дамба (контрфос) ҳосил қилинди. Тешиктошнинг 13 минг аҳолиси бошқа ерга кўчирилди, Оҳангарон дарёси янги ўзан (6 кмли айланма канал)га буриб юборилди. Аччи сурилмаси тезлиги камайтирила бориб, 17 йилдан кейин тўхташ фазасига эришилди. Сурилманинг барқарорлаштиришга эришилиши табиий офатларнинг олдини олишда жаҳон амалиётида катта воқеа бўлди. Аччи сурилмасини „Ўзбекгидрогеология“ бирлашмаси қошидаги Хавфли геологик жараёнларни кузатиш давлат хизмати томонидан назорат қилиб бориш давом этмокда[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент 2000-йил