Петрадаги улкан бинолардан яна бири қояда кесиб ишланган Ад-Дайр ибодатгохи ҳисобланади. Унинг кенглиги 50 метр, баландлиги – 45 метрни ташкил этади. Деворларига ўйилган хочларга кўра, уни қачонлардир насронийларнинг черкови бўлган, деб айтиш мумкин.

Петрани 1812-йилда швейсариялик тадқиқотчи Иоганн Людвиг Буркхардт топмаганида, мазкур шаҳар қумлар орасида кўмилиб кетар эди. Йўқолган шаҳарни излаш мақсадида швейсариялик сайёҳ Дамашқдан Қоҳирага савдо карвони билан йўлга чиққан. 1812-йилнинг августида сайёҳ Петра шаҳри жойлашган ердан унча узоқ бўлмаган ерга етиб келди. Буркхард араб тилида бемалол гаплашган, араб кўчманчиларидек кийинган ва ўзини ҳаммага мусулмон – Иброҳим ибн Абдуллох деб таништирган.

Шу боис, маҳаллий араблардан ҳеч иккиланмай Мусо пайғамбарнинг укаси Ҳорун пайғамбарнинг якин ўртадаги тог тепасида жойлашган қабрига олиб боришни илтимос қилган. Маҳаллий бадавий сайёҳни Арава дарёсининг водийсига олиб боради. Унча кенг бўлмаган Арава дарёси водийсига олиб борувчи дарага киргач, швейсариялик сайёҳ кўз олдида қумлар орасида қолган ва харобаларга айлана бошлаган Петра шаҳри намоён бўлади. Буркхард кейинги 600 йил мобайнида дунёнинг ушбу мўжизасини кўрган илк европалик эди.

Шаҳар йирик қоятошлардан барпо этилгани боис, баъзи тадқиқотчилар Петранинг бунёд этилишида улкан эҳромларни қурган мисрликларнинг қўли бор, деган фикрни олдинга сурадилар. Аммо, Петрада олиб борилган тадқиқотлар шаҳарнинг қурилишига мисрликларнинг алоқаси йўқлигини кўрсатди. Ушбу шаҳарни қадимги мисрликларга ўхшаш меъморчиликнинг юксак чўққиларини эгаллаган бошқа халқ – набатайлар бунёд этишган.

Ҳозирги кунда Петра шаҳрига йилига 500 мингдан ортик сайёҳ ташриф буюради. Шаҳарнинг жозибали ландшафти, сирли қоялар кино индустрияси усталари эътиборини ўзига доим жалб этади. Кўпгина филмлар Петра суратга олинган.