Adabiyot



Адабиёт (арабча — „адаб“ сўзининг кўплиги) — 1. Фан ва амалиётнинг бирор соҳасидаги ютуқларини умумлаштирувчи асарлар мажмуи (техникавий адабиёт, қишлоқ хўжалиги адабиёти, сиёсий адабиёт ва бошқалар). 2. Санъатнинг бир тури („бадиий адабиёт“ деб ҳам аталади); воқеликни сўз ёрдамида образлар орқали акс эттиради.
Адабиёт аввал оғзаки бўлган, ёзув пайдо бўлгандан сўнг ёзма шаклга ўтган. Адабиёт сўз орқали инсоннинг ҳис-туйғуларини кенг ва чуқур акс эттириш моҳиятига эга, шунинг учун ҳам у санъатнинг энг оммавий тури ҳисобланади.
Турлари
Бадиий адабиётнинг етакчи 3 тури — эпос, лирика, драма мавжуд. Эпос воқеликнинг ўзини инъикос этади, лирикада эса инсоннинг воқеликдан олган таассуротлари қўшиб тасвирланади. Шарқ қадимдан ше’рият туйғулари ўлкаси бўлган. Шу боисдан Шарқ бадиий адабиётида, айниқса, лирика кенг ривожланган. Драма ҳаётни ҳаракатда ифодалаб, муаллиф нутқисиз акс эттиради. Адабиётда қоришиқ турлар ҳам мавжуд. Масалан, лирика ва эпос хусусиятлари бирлашиб, лироэпик турни ташкил этади. Лироэпик турга поэма, баллада, достон, масал кабилар киради. Эпос, одатда, 3 га бўлинади: кичик эпик шакл (латифа, очерк, эртак, ҳикоя), ўрта эпик шакл (қисса) ва катта эпик шакл (роман). Лирика мазмун ва шаклга кўра ғазал, мухаммас, марсия, рубоий, қасида, сонет, қўшиқ ва бошқаларга бўлинади. Драматик адабиётнинг ҳам мазмунан 3 хили бор: драма, комедия ва трагедия (фожиа). Адабиёт санъатнинг бошқа турлари каби мафкуравий ҳодисадир. Адабиётда воқеликни акс эттириш тамойилига кўра, адибнинг ижодий усули пайдо бўлади. Воқеликдаги типик ҳодисалар умумлаштирилган ҳолда ҳаққоний акс эттирилса, реалистик адабиёт дейилади. Ёзувчи айни воқеликни эмас, балки у ҳақидаги ўз орзу-умидларини ҳам ифода эца, романтик адабиёт бўлади. Адабиётнинг бадиийлик мезони унинг ғоявий-бадиий жиҳатдан мукаммал бўлишини тақозо қилади. Бу ҳол асар мавзусининг долзарблиги, ифода этадиган ғоясининг тўғрилиги, тасвир ҳақиқатининг чуқурлиги, бадиий шакл таркибий қисмларининг мукаммаллигидан юзага келади.
Миллий адабиёт
Ҳар бир адабиёт миллийдир, шунга кўра ҳар бир халқнинг тарихий ҳаётидаги ва руҳиятидаги хусусиятлар адабиётнинг миллийлиги мазмунини ташкил этади ва ўзига хос миллий шаклни юзага келтириб чиқаради. Миллий шаклнинг юзага келишида адабиёт томонидан узоқ давр мобайнида йиғилган тажриба ва анъананинг ҳам аҳамияти катта. Халқ ҳаётидаги янги давр эса адабиётни янги, юқорироқ босқичга кўтаради, унинг мазмуни ва шаклини ҳам янгилайди, ҳам бойитади. Янгиланган адабиёт ўз навбатида янги жамиятнинг мустаҳкамланишида қудратли қурол вазифасини ўтайди. Ҳозирги замон ўзбек адабиётида адабиётнинг тасвир обекти умуман ижтимоий воқелик бўлса, бош тасвир обекти эса инсондир. Адабиётда инсоннинг ижтимоий моҳияти умумлаштирилган ҳолда ифода этилади. Шунинг учун ҳам адабиётнинг мақсади маълум бир ижтимоий-сиёсий кучнинг моҳиятини тўла ифодалаш ва айни вақтда кескин индивидуаллашган бадиий образ яратмоқдир. Яратилган бундай образларнинг энг мукаммали „тип“ деб аталади. Навоий асарларидаги Фарҳод, Ширин, Мажнун, Лайли, Искандар образлари; Шекспир асарларидаги Отелло ва Ҳамлет; Абдулла Қодирий асарларидаги Отабек ва Кумуш тип даражасига кўтарилган образлардир. Адабиёт воқеликни акс эттирар экан, унга гўзаллик қоидалари нуқтаи назаридан ёндашади. Бинобарин, асар предметини танлаш ҳам ғоят муҳим ижодий нуқтадир. Чунончи, асарнинг таъсирли чиқиши, бошқа кўп мезонлар қатори, шунга асос қилиб олинган фикрнинг эмоционаллиги, кўтаринкилигига ҳам боғлиқ бўлади.
Мустақиллик даври
Миллий мустақилликка эришган ўзбек халқи ҳаётнинг барча жабҳаларида ўзлигини намоён этмоқда. Жумладан, истиқлол даври адабиёти туб сифат ўзгаришларига эришмоқда. Бу даврда ижодкор олам ва одам ҳақида аввалгидан фарқли фикрлаш мумкинлигини чуқур англаб фаолият кўрсатмоқда. Натижада, оламни, одамни, уларнинг туйғуларини турлича ифодалайдиган бадиий асарлар яратиш бошланди. Бу давр адабиётида тасвирланаётган инсон ўзининг башарият, Ватан, эл-юрт олдидаги мас’улиятини чуқур ҳис этган ҳолда намоён бўлмоқда. Истиқлол адабиёти мавзу нуқтаи назаридан ҳам, бадиий тасвир тамойиллари жиҳатидан ҳам илгариги қолипларга сиғмайдиган, табиий равишда ривожланаётган янги эстетик ҳодисадир. У одамларга йўл кўрсатишни зиммасига олмайди, ўқувчига ақл ўргатмайди, ҳаётий муаллимликни даъво қилмайди, балки тасвирнинг нозиклиги, ифодаларнинг фавқулоддалиги, образларнинг кутилмаганлиги билан ўқувчида муносабат уйғотади.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |