Advokatura
Адвокатура — адвокатларнинг уюшган кўнгилли жамоат ташкилоти. Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 116-модда 2-қисмида суд ва тергов ишини юритиш ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланиши, фуқароларга, корхона, муассаса ва ташкилотларга (жисмоний ва юридик шахсларга) юридик ёрдам бериш учун адвокатура фаолият кўрсатиши белгиланган. Адвокатура ташкил этиш ва иш тартиби қонун билан белгиланади.
"Адвокатура тўғрисида"ги Қонунда (1996-йил 27-декабр) таъкидланишича, Адвокатура ҳуқуқий муассаса ҳисобланиб, у адвокатлик фаолияти ҳамда хусусий адвокатлик амалиёти билан шуғулланувчи айрим шахсларнинг мустақил, кўнгилли, касбий бирлашмаларини ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, ажнабий фуқаролар, фуқаролиги бўлмаган шахсларга, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга юридик ёрдам кўрсатади, ўз фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 3-бобида кўрсатилган Конституция ва қонуннинг устунлиги тўғрисидаги принсип ҳамда мустақиллик ва бошқа демократик принсиплар асосида амалга оширади.
Адвокатлик фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини берувчи лицензияни белгиланган тартибда олган шахс ўз адвокатлик бюросини очиб якка тартибда фаолият кўрсатишга ёхуд ихтиёрийлик асосида бошқа адвокатлар (шериклар) билан ҳай’атлар ва фирмалар тузишга ҳақлидир. Адвокатлар бюроси, ҳай’ати ва фирмалари, шунингдек, адвокатлар бирлашмалари Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар, Тошкент шаҳар ҳокимликлари адлия бошқармалари томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси белгилайдиган тартибда рўйхатга олинади. Адвокатлар бюроси, ҳай’ати ва фирмаларини тузиш, улар тузилиши, штатлари, вазифалари, маблағ сарфлаш тартиби, раҳбар органларининг ваколатлари, уларни сайлаш тартиби ҳамда адвокатлар бюроси, ҳай’ати ва фирмаларининг фаолиятига доир бошқа масалалар уларнинг уставлари (низомлари) билан тартибга солиб турилади. Адвокатура нотижорат ташкилотдир ва фаолиятни ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширади.Адвокатура маблағлари, давлат билан адвокатура ўртасидаги ўзаро муносабатлар "Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида (1998-йил 25-декабр) белгилаб берилган. Адвокатуралар қонунда белгиланган тартибда адвокатларнинг жамоат бирлашмаларини тузиши мумкин ( Ўзбекистон адвокатлар уюшмаси).
Адвокатура то'г'рисидаги қонуннинг 9- моддасида Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) деб ифодаланган:
Адвокатлик фаолияти адвокат ва ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) ўртасида тузиладиган юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) асосида амалга оширилади.
Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битим (шартнома) ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан адвокат ўртасида ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) ўзига ёки у тайинлаган шахсга юридик ёрдам кўрсатиш учун оддий ёзма шаклда тузиладиган фуқаролик-ҳуқуқий шартномадан иборатдир.
Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни (шартномани) бекор қилиш масалалари, агар ушбу Қонунда бошқача қоида назарда тутилган бўлмаса, Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.
Адвокат, унга қайси адлия органи томонидан гувоҳнома берилганлигидан қат’и назар, ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) билан юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимни (шартномани), унинг яшаш жойи ёки жойлашган еридан қат’и назар, тузишга ҳақли.
Юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимнинг (шартноманинг) муҳим шартлари қуйидагилардан иборат:
топшириқни бажаришни ишончли вакил сифатида ўз зиммасига олган адвокат ҳақидаги, унинг гувоҳномаси реквизитлари кўрсатилган ҳолдаги ма’лумотлар;
топшириқнинг предмети;
кўрсатилаётган юридик ёрдам учун ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан ҳақ тўлаш шартлари;
адвокатнинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш тартиби ва миқдори;
топшириқни бажаришни ўз зиммасига олган адвокат жавобгарлигининг миқдори ва хусусияти.
Адвокатнинг ҳақ олиши ҳамда топшириқни бажариши билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш ҳуқуқи ишонч билдирувчи шахснинг (ҳимоя остидаги шахснинг) махсус рухсатисиз учинчи шахсларга берилиши мумкин эмас.
Ишонч билдирувчи шахс (ҳимоя остидаги шахс) томонидан адвокатга тўланадиган ҳақ ва адвокатнинг топшириқни бажариш билан боғлиқ харажатларини компенсация қилиш юридик ёрдам кўрсатиш тўғрисидаги битимда (шартномада) назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тегишли адвокатлик тузилмасининг кассасига кирим қилиниши ёки адвокатлик тузилмасининг банкдаги ҳисобварағига ўтказилиши шарт.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |