Аэрация (юн. аэро..) — 1. Сув Аэрацияси — сувни ҳаво кислороди билан тўйинтириш. Водопровод сувини тозалаш иншоотларида сувдаги темир гидрооксидни, эркин карбонат ангидридини, водород сулфидин чиқариб юбориш ҳамда сувнинг сифатини яхшилаш; оқова сувларни биологик тозалаш иншоотларида (аэротенк, аэрофилтр, биофилтрларда) микроорганизмларнинг яшаш шароитларини таъминлаш мақсадида аэрация амалга оширилади. 2. Бино аэрацияси — бино ичи ва ташқарисидаги ҳаво зичликлари орасидаги фарқ ҳисобига ва шамолнинг бино деворига ҳамда устёпмасига таъсири ҳисобига амалга ошадиган табиий-ташкилий ҳаво алмашиниш. Ортиқча иссиқлиги бўлган саноат бинолари ва сехлар (темирчилик, қуймачилик, прокат ва бошқалар)да қўлланади. Бинолардаги ортиқча иссиқликнинг энергия сарфламай туриб алмашинишига имкон беради. Бино аэрациясида дераза ёки тирқиш орқали бинонинг пастки қисмига келган ташқи ҳаво иссиқ ва ифлосланган ҳавони бинонинг юқори қисмидаги тирқиш (аэрация фонари)дан сиқиб чиқаради. Йилнинг совуқ даврларида хизматчилар шамолламаслиги учун ҳаво полдан камида 4 м баландликдаги тирқишдан киритилади.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил