Аэрофагия (аэро - ҳаво… ва юнонча пҳагеин — ютмоқ) — ҳаво ютиш. Овқат ееётган пайтда қисман ҳаво ютиш табиий ҳол. Лекин қуруқ ҳаво ютишга одатланиш касалликка сабаб бўлади. Одатда шошиб ва гаплашиб туриб овқат ейиш, баъзан кўп сўлак ажралиши натижасида аэрофагия рўй беради. Сурункали гастрит, колит, меъда яраси ва гипотонияси, коронар томирлар касаллиги, аорта аневризмасида ҳам пайдо бўлиши мумкин. Эмадиган болаларнинг қуруқ тешик сўрғич сўриб юриши ҳам аэрофагияга сабаб бўлади. Ютилган ҳавонинг бир қисми кекирганда чиқиб кетади, қолгани меъдани шиширади, ичакка ўтиб, фаолиятини издан чиқаради, перисталтикаси бузилади, бемор қайт қилиб, қорни оғрийди; бола иштаҳаси йўқолиб, озиб кетади. Психиатрияда аэрофагия неврознинг айрим турларида кузатилади. Давоси: психотерапия, сўлак, балғам ютмаслик, овқатланаётганда гапирмасдан оз-оздан овқат ейиш, меъдада кўп туриб қоладиган овқат эмаслик, газли ичимликлар ичмаслик тавсия этилади. Болаларга сўрғични қуруқ сўрдирмаслик, ҳаво ютишга одатланишга йўл қўймаслик, қорин шишиб оғриганда боланинг ҳолатини ўзгартириб, ҳавони чиқариб юбориш чораси кўрилади[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент 2000-йил