Аэроионотерапия (аэро… ва юн. ион — келувчи, терапия) — ҳаво ионлари билан даволаш усули. Бунда махсус асбоблар — аэроионизаторлар ишлатилади; улар ёрдамида ҳавода кўплаб аэроионлар ҳосил қилинади. Аэроионлар нафас йўллари ва ўпка алвеолаларидаги ўз консентрацияси ва зарядига қараб, ўпка интероресепторлари — сезув нерви учларининг қўзғалувчанлигини ўзгартиради. Бу ерда ҳосил бўлган импулслар бош мия марказларига боради, сўнгра аъзоларга тегишли сигналлар етиб келади. Аэроионлар ўпка алвеолалари деворидан қонга ўтиб, ўз зарядини қон оқсиллари ва ҳужайра элементларига беради. Натижада қон ва бошқа суюқликларда (мас, орқа мия суюқлиғида) электр зарядларининг миқдори ўзгаради, бу ҳол марказий ва вегетатив нерв системасининг фаолиятига, пировардида, организм фаолиятига фойдали таъсир этади. Аэроионотерапия таъсирида тўқималарда моддалар алмашинуви ва оксидланиш қайтарилиш жараёнлари тезлашади, кислород билан таъминлаш кучаяди. Аэроионотерапия одатда бошқа даво тадбирлари билан бирга қўлланади. Аэроионотерапиядан бронхиол астма, гипертония, узоқ вақтгача битмайдиган ярачақаларни ва бошқа касалликларни даволашда фойдаланилади. Аэроионотерапия умумий тарзда қўлланиши ёки ҳаво оқими фақат жароҳат, ярага йўналтирилиши мумкин. Аэроионотерапиянинг бир қадар мукаммал усули — гидроаэроионотерапия Тошкентдаги Саломатликни тиклаш ва физиотерапия илмий тадқиқот институтида кенг қўлланади.[1]

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Аэроионотерапия“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (А-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.