Агностицизм (юнонча Агностоса — ма'лум бир билимга эга бо'лмаслик, гносис — билиш) — борлиқни, воқеликдаги нарса ва ҳодисаларни, уларнинг моҳиятини билиш мумкинлигини қисман ёки мутлақо инкор этувчи назария. Агностицизм вакиллари борлиқнинг чексизлиги, ниҳоясизлиги ва мураккаблиги, инсон сезги аъзолари имкониятларининг чекланганлигига асосланиб борлиқни билиш мумкин эмас деб ҳисоблайди. Агностицизмнинг йирик вакилларидан бири инглиз файласуфи Давид Юм, инсон ақли сезгиларимиз берган маълумотларга таяниб воқеликни билади, лекин, сезги аъзоларимиз бизга тўғри ва тўлиқ маълумот берадими, сезгиларимиз акс эттираётган воқеликнинг ўзи мавжудми, деган масалаларни ўртага ташлаган ва шу асосда оламни билиш мумкинлигини рад этган, об’эктив воқеликнинг мавжуд-лигига шубҳа билдирган (бу жиҳатдан Юм Агностицизми скептицизмнинг бир кўриниши сифатида намоён бўлади). Агностицизмнинг иккинчи бир йўналиши немис файласуфи Иммануил Кант фалсафасида ифодаланган. И.Кант ташқи оламни иккига: „биз учун нарса“ ва „нарса ўзида“га ажра-тиб тушунтиради, оламнинг биз билган ва билиб олишимиз мумкин бўлган қисмини „биз учун нарса“ деб атайди. Оламнинг „нарса ўзида“ қисмининг ай-рим жиҳатларинигина билиш мумкин бўлса ҳам, унинг асл моҳиятини билиш мумкин эмас дейди. Билиш об’эктининг чексизлигини, ниҳоясизлигини, ҳодисалар ички моҳиятининг тубсизлигини мутлақлаштириш Агностицизмнинг гносеологик илдизларига киради. Ҳақиқатда, ҳар қандай нарсани бир қарашда, бир зумда ҳар тарафлама билиб бўлмайди, уни билиб олиш учун муайян вақт керак бўлади. Шунингдек, ҳар қандай нарсани ва унинг моҳиятини билиб олишимиз учун ёрдамчи қурол ва воситаларнинг қай даражада такомиллашганлиги жиддий аҳамиятга эга. Бизга нисбатан кейинги авлодларимизнинг тажрибалари янада бойиб, такомиллашиб боради ва натижада улар бизларга нисбатан кўпроқ нарсаларни билади. Биз сезги аъзоларимизнинг билиш имконияти етмаган об’эктларни ақл ва тафаккур кучи билан билиб борамиз. Билиш шу тарзда яхлит ва узлуксиз жараёндир. Инсон ақл-тафаккури фан ва амалиетни тараққий эттиришга, билиш ва изланиш воситаларини такомиллаш-тиришга йўл очади[1].

Агностицизм теология, ўлимдан сўнгги ҳаёт, худо каби метафизик мавзуларга оид маълум иддаоларнинг ҳақиқий ечимини билиш иложсиз эканини таъкидловчи фалсафий дунёқарашдир. Бунга сабаб сифатида обектив реалликни ўрганиш доим субектив билиш орқали кечиши кўрсатилади. Одатда агностицизм худонинг мавжудлиги ёки эмаслиги масаласига оид дунёқарашга айтилади. Агностицизм дунёқарашига эга шахс агностик дейилади. Аксар агностиклар атеистлар билан бир қаторга қўйилсада, баъзи агностиклар теист бўлишлари ҳам мумкин.

Этимологияси

Агностицизм атамаси 1869-йили Тҳомас Ҳенрй Ҳухлей томонидан гностицизмни рад этувчи фалсафий оқимни номлаш учун ўртага қўйилди.

Шунингдек

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил