Аграр ислоҳотлар, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотлар — давлатнинг ерга мулкчилик муносабатлари ва ерда хўжалик юритиш усулларини ўзгартиришга қаратилган чора-тадбирлари мажмуидир. Дастлаб Аграр ислоҳотлар консепсияси мақсад ва вазифалари, йўналиши, уни ўтказиш босқичлари аниқлаб олинади. Шунга асосланиб Аграр ислоҳотларни ўтказишнинг аниқ чора-тадбирлари белгиланади ва уларни давлат амалга оширади. Тарихда Аграр ислоҳотларнинг 3 турини кўриш мумкин. Биринчиси — анъанавий (натурал, биқиқ, қолоқ) иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтишни кўзловчи Аграр ислоҳотлар Улар жумласига ХИХ—ХХ асрларда Европа, Осиё, Африка, Лотин Америкаси мамлакатларидаги Аграр ислоҳотларни киритиш мумкин. Иккинчиси — бозор хўжалигидан тоталитар-режали тузумга ўтишни кўзлаган ва пролетариат диктатураси ёрдамида амалга оширилган Аграр ислоҳотлар Учинчиси — 90-йиллар бошидан собиқ социалистик мамлакатларда режали иқтисодиётдан қайта бозор муносабатларига ўтишга қаратилган Аграр ислоҳотлар Биринчи тоифадаги ислоҳотлар қишлоқ хўжалигида товар ишлаб чиқаришни ўстириб, уни бозор изига солишни мўлжаллайди. Заминдорлар мулки бўлган ер уни экадиганларга — деҳқонларга ҳақ тўлаш шарти билан ёки бепул берилади, ерга деҳқонларнинг хусусий мулки ўрнатилади. Деҳқонлар табақалашиб, уларнинг бир қисми бойларга айланса, бошқа қисми ёлланма ишчиларга айланади. Аграр ислоҳотлар қишлоқ хўжалигида механизацияни қўллаб, бу соҳадан иш кучини сиқиб чиқаришга олиб келади. Аграр ислоҳотлар фермерлар синфини шакллантириб, уларнинг мавқеини мустаҳкамлайди. Иккинчи тоифадаги Аграр ислоҳотлар собиқ СССР, Монголия, Шарқий Европа давлатларида ва бошқа мамлакатларда амалга оширилган. Бундай ислоҳотлар натижасида ер тўла-тўкис ёки қисман хусусий мулкдорлар тасарруфидан чиқарилиб, давлат мулкига айлантирилади, мустақил деҳқон хўжалиги ўрнига давлат режасига биноан ишловчи давлат хўжалиги ва жамоа хўжаликлари барпо этилади, уларни ҳукумат тўла назорат қилади. Бу ислоҳотлар қишлоқдаги эркин бозор муносабатларини йўқотади, қишлоқ хўжалигида стимуллар сўна борганидан у инқирозга юз ўгиради, озиқ-овқат тақчиллиги доимий тус олади. Учинчи турдаги Аграр ислоҳотлар давлатлаштирилган қишлоқ хўжалигидан эркин бозор хўжалигига ўтишни кўзда тутади, улар натижасида ерга давлат эгалиги қисман ёки тўла-тўкис бекор қилинади, ерни ижарага ишлатишга рухсат берилади, давлат ва жамоа хўжалигининг мулки деҳқонлар ўртасида бепул, қисман бепул, ёхуд ҳақини тўлаш шарти билан тақсимланади. Деҳқон (фермер) хўжалиги асосий хўжалик турига айлантирилади, бу хўжалик бозор талабига қараб ва ўз манфаатини кўзлаб иш юритади.ХХ аср давомида Ўзбекистонда Аграр ислоҳотларнинг сўнгги икки тури амалга оширилди. Шўролар даврида ер-сувлар уларнинг эгаларидан тортиб олиниб, деҳқонларга берилди. Лекин тез орада улардан яна тортиб олиниб давлат мулкига айлан-тирилди. Бундай ислоҳотлар 1917—1922 йилларда ўтказилди. 19251926 йилларда ер-сув ислоҳоти ўтказилди. Бу ислоҳотларда маҳаллий бойларга қарашли ерларнинг бир қисми ерсизларга бепул тақсимлаб берилди. Бундай ислоҳотлар натижасида бозорга ишловчи мустақил деҳқон ҳўжалиги ривожланди. Аммо бу узоққа бормади, чунки 20-йиллар ислоҳоти қишлоқни ёппасига жамоалаштириш билан якунланди. 1929—1932 йиллар мобайнида деҳқон хўжалиги тамоман тугатилиб, ўрнига давлат ва жамоа хўжаликлари барпо этилди, қишлоқ хўжалиги тоталитар-режали тизим гирдобида қолди. Ўзбекистон мустақилликка эришгандан сўнг, янги мазмунга эга бўлган ислоҳотлар бошланди. Республикада туб Аграр ислоҳотларнинг ҳуқуқий асосларини яратадиган қонунлар қабул қилинди. Жумладан, „Ер тўғрисида“ (20.06.1990), „Ўзбекистонда тадбиркорлик тўғрисида“ (15.02.1991), „Давлат тасарруфидан чикариш ва хусусийлаш-тириш тўғрисида“ (19.11.1991), „Ижара тўғрисида“ (19.11.1991), „Деҳқон хўжалиги тўғрисида“ (3.07.1992), „Хўжалик жамиятлари ва ширкатлари тўғрисида“ (9.12.1992), „Ер солиғи тўғрисида“ (6.05.1993) ва бошқа қонунлар ҳамда ҳукумат қарорлари қишлоқ хўжалигида кўп укладли иқтисодиёт пойдеворини яратишга йўл очди. 1998-йил апрелда чиқилган „Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида“, „Деҳқон хўжалиги тўғрисида“, „Фермер хўжалиги тўғрисида“ қонунлари ва Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси қабул қилинди. Қишлоқда мулкдорлар син-фини шакллантириш сиёсатдаги муҳим йўналишга айланди. Ўзбекистонда бозор тизимини яратишга қаратилган янги Аи. давомида давлат ва жамоа хўжаликлари ерининг бир қисми (жами 500 минг га) аҳолига томорқа тарзида фойдаланиш учун берилди. Натижада 1996-йил аҳолининг томорқа хўжалигида ер 640 минг гани ташкил этди. Янги Аграр ислоҳотлар иккинчи йўналиши — бу қишлоқни фермерлаштириш, яъни давлат ва жамоа хўжаликлари ўрнига деҳқон ва фермер хўжаликларини ташкил этишдан иборат. Ерга давлат мулки сақлангани ҳолда ер хўжалик юритиш учун меросга ўтиш шарти билан деҳқонларга берилди. 1996-йил жами 19,5 минг деҳқон ва фермер хўжалиги ишлади. Аграр ислоҳотларнинг учинчи йўналиши сақланиб қолган давлат ва жамоа хўжаликларида деҳқонларнинг улушбай мулкига ўтишдан иборат бўлди. Хўжаликлардаги молмулк пулга чақилиб, у деҳқонларга улуш (пай) қилиб берилди. Деҳқонлар умумий мулкдаги улушига қараб ҳақ оладиган бўлдилар. Аграр ислоҳотлар Ўзбекистоннинг хусусиятини ҳисобга олган ҳолда янги мулкчилик ва бозорга мос хўжалик усулларини бунёд этиш йўналишида бормоқда.

Адабиётлар

  • Ўлмасов, Аҳмаджон. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил