Агробиоценоз (юнонча агро… ва биоценоз) — одамнинг деҳқончилик юритиш жараёнида (қишлоқ хўжалиги экинлари экиш, боғлар барпо этиш ва бошқалар) таркиб топган муайян ҳудудлар (майдонлар)даги ҳар хил ўсимлик ва ҳайвон (микроорганизм)лар жамоаси. Агробиоценез организмларнинг табиий жамоадан фарқи шундаки, уни ташкил қилувчи компонентларнинг сони, ривожланиш интенсивлиги ва яшаш муддати доимо инсон фаолияти таъсирида бўлади. Агробиоценез ҳайвонот олами, асосан ҳашаротлардан (кўпчилиги зараркунанда) иборат. Муайян турдаги бегона ўтлар билан бирга тирик организмларнинг шаклланишида маданий ўсимликлар белгиловчи шарт-шароит ҳисобланиб, Агробиоценезнинг энергетик асосини ташкил этади. Натижада ҳар бир маданий ўсимлик турига хос агробиоценез ҳосил бўлади. Агробиоценез флора ва фаунани анчагина ўзгартириб юборади, шунинг учун рационал Агробиоценез яратиш унинг компонентларини аниқ ҳисобга олишни, улар сонини бошқаришда илмий асосланган усулларни қўллашни, кимёвий воситалар (ўғитлар, пестицидлар ва бошқалар)дан тўғри фойдаланишни талаб қилади (яна қаранг Био-геоценоз, Фитоценоз)[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил