Agroelektronika
Агроэлектроника — агроахборотларни тўплаш ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини бошқаришга оид электроника билимлари ва воситалари мажмуи. Асосий вазифалари: қишлоқ хўжалиги бошқаруви ва ҳисоб-китоб ишларини компютер занжирлари орқали таҳлил этиш; тупроқнинг механик физик-кимёвий параметрларини тезкор усулларда аниқлаш ва улардан амалда фойдаланиш; иссиқхоналар, омборлар, чорвачилик ишлари ва деҳқончилик маҳсулоти ишлаб чиқариш технологиясини микроэлектрон асбоблар ёрдамида бошқариш; махсус агроэлектроника қурилмаларини лойиҳалаш ва яратиш, улардан агрономия ишларида кенгроқ фойдаланиш; автоматлашган махсус илмий-техник агроахборот марказларини ташкил этиш ва уларга хизмат кўрсатиш; Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат кўрсаткичларини аниқлаш ва таҳлил қилишнинг тезкор усулларини яратиш; қишлоқ хўжалиги экологиясига оид ишларни ўрганишнинг электрон усулларини яратиш ва бошқа Асосий мақсади — қишлоқ хўжалигини электронлаштириш тизимларини ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш. Агроэлектроника микроэлектрониканинг ютуқлари асосида ривожланиб, деҳқончилик ишларини кенгайтириш ва ҳосилдорликни бошқаришда қўлланилмоқда. Турли микроэлектрон датчиклар, электрон бошқарув тизимлари, компютерлар ва махсус электрон қурилмалар агроэлектрониканинг техникавий асосини ташкил этади. Ривожланган мамлакатларда агроэлектроника қурилмалари қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида кенг қўлланади. Ҳозирги вақтда Агроэлектроника асбобсозлигига тўла асос яратилган, турли микроэлектрон ўлчов асбоблари, узоқдан туриб бошқаришнинг йирик электрон тизимлари, қишлоқ хўжалигига оид илмий-техника ахборотларини тўплаш, сақлаш ва ишлов беришга доир ком-пютерлаштирилган мураккаб тизимлар яратилган бўлиб, ҳосилдорликни оширишда, суғориш тизимларини такомиллаштиришда ва бошқа иқтисодий масалаларни ҳал этишда ижобий рол ўйнамоқда. Бироқ, Ўзбекистонда оммавий тарзда қўлланилганича йўқ. Бионика қурилмаларининг яратилиши натижасида агроэлектроника истиқболда янада ривожланади ва ҳосилдорликни олдиндан бошқариш ва ошириш технологияси яратилади. Бионикага асосланган Агроэлектроника келажак фанидир.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |