Файз, Аҳмад Файз (1911.13.2, Сиёлкат — 1984.27.11) — Покистон шоири, танқидчи ва жамоат арбоби. Сиёлкат (1917-29) ва Лохур (192934) коллежларида таҳсил олган. 1972-йилдан Покистон санъати миллий кенгашининг раиси. „Пакистан тайме“ („Пакистан“, 1947-51; 1955-58), „Имроз“ („Имрос“, 1948-51; 1955-58) газ.ларида бош муҳаррир. 1950-йилда Жаҳон тинчлик кенгашининг аъзолигига сайланган ва шу йили „Равалпинди фитнаси“ иштирокчиси сифатида айбланиб, қамоққа олинган. 1955-йилда озод қилинган. Урду ва панжоб тилларида ижод қилган. Аҳмад Файз лирикасида инсоний ҳис-туйғулар, чуқур фалсафий мушоҳадалар ҳамда сиёсий масалалар муҳим ўрин тутади. У шеъриятнинг ғазал, қасида, марсия ва бошқа жанрларида ижод қилган. Аҳмад Файз „Ғамгинлар“ (1941), „Шамол қўли“ (1952), „Зиндоннома“ (1957), „Тош остида қолган қўл“ (1963), „Синай водийси“ (1971) шеърий тўпламлари, қамоқдан ёзилган хатлардан иборат „Панжарали туйнук“ (1971) китоби ва бошқа асарлар муаллифи. Деҳлида ўтган Осиё ёзувчилари конференсияси (1956), Осиё ва Африка ёзувчиларининг Тошкент (1958) ҳамда Олмаота (1973) конференсиялари қатнашчиси. Айрим асарлари ўзбек тилига таржима қилинган. „Нилуфар“ мукофоти лауреати (1975).