Аҳмад Ҳарб (848-йилда вафот этган) – “Насо­йим ул-муҳаббат”да зикр этилган тасаввуф шайхи. Асли Марвдан бўлиб, Нишопур шаҳрида яшаган муҳаддис, фақиҳ ва тариқат пешвоси. Фаридиддин Аттор уни “Хуросон пири” номи билан зикр этади. Дастлабки таълимни Марвда олиб, балоғат ёшига етгач, акаси Ҳусайн билан ҳаж зиёратига боради. Ҳаж сафари давомида кўп муҳаддис ва фақиҳ билан учрашиб, жумладан, Суфён бин Уяйна, Абдулваҳоб бин Атодан ҳадис илмини ўрганади. Аҳмад Ҳарб руҳий тарбияда зикрга катта эътибор қаратган. Муҳаммад Заҳабий “Ал-ҳикмат”, “Ад-дуо”, “Аз-зуҳд” каби китобларни унга нисбат берган. Яҳё бин Маъоз Аҳмад Ҳарбга алоҳида ихлос кўрсатиб, оёғи остига дафн қилишларини васият қилган. Алишер Навоий Аҳмад Ҳарб ҳақидаги фаслни  “Насойим ул-муҳаббат”га Атторнинг “Тазкират ул-авлиё”си асосида ёзиб киритган[1].

  1. ↑ “Алишер Навоий: Қомусий луғат”.