Ahmad Mirzo
Аҳмад Мирзо (1388-1425) — Темурийлар сулоласининг вакили. Умаршайх мирзо баҳодирнинг укаси. Амир Темурнинг Хитойга қилган юришида қўшиннинг ўнг қанотига Халил Султон билан бирга раҳбарлик қилган. Амир Темур вафотидан сўнг Шоҳрух саройида бўлган. 1409-йил Шоҳрух фармонига кўра амир Худойдод ва Сайди Аҳмад мирзолар билан бирга Ҳисор вилоятидаги исённи бостиришда қатнашган. 1409-йил Мовароуннаҳр Шоҳрух қўлига ўтгач, Фарғона вилояти Аҳмад Мирзога берилган. У Фарғонада ободончилик ишларини ривожлантирган, истеҳкомларни таъмирлаган, шунингдек ўз навкарлари билан Шоҳрухнинг ҳарбий юришларида қатнашиб турган. 1413-йил Улуғбек ҳарбий кенгаш баҳонасида Аҳмад Мирзони Самарқандга таклиф қилган, бироқ у Улуғбекнинг феълидан ҳадиксираб Самарқандга келмаган. Шундан сўнг Улуғбек Андижонга қўшин тортиб Андижон, Ахсиларни эгаллайди. Аҳмад Мирзо тоғга яширинган ва Мўғулистондан мадад учун келган лашкар билан Андижонга юриш қилиб, Ўш атрофида Улуғбек амирлари устидан ғалаба қозонади. Шундан сўнг Аҳмад Мирзо Мўғулистон хони Муҳаммадхон ҳузурига — Қашқарга кетган. Шоҳрух 1415-йил 26-майида Аҳмад Мирзога мактуб йўллаб уни ўз ҳузурига чақиртириб олади. Аҳмад Мирзо 1416-йил Қашқардан Ҳиротга қайтиб келган, уни Ҳиротдан ташқарига чиқармасдан назорат остида сақлаб турганлар. Салтанатни қўлга киритиш учун тузган режаси ошкор бўлиб қолгач, Аҳмад Мирзони Маккага, Каъбатулло зиёратига жўнатиш борасида фармон берилган. Аҳмад Мирзо ҳаждан қайтиб келмаган.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |