Ahmad ibn Hanbal
Абу Абдуллоҳ Аҳмад ибн Муҳаммад ибн Ҳанбал (780-йил, Бағдод — 855-йил, Бағдод) — илоҳиётчи олим, суннийликдаги ҳанбалийлик мазҳабининг асосчиси ва имоми.
Ҳаёти
Отаси Ҳуросонлик бўлиб, И. Ҳ. туғилишидан бир оз аввал оиласи билан Бағдодга кўчиб ўтган. И. Ҳ. ўсмирлигиданоқ ҳадис ва фиқҳни ўргана бошлади, замонасининг йирик уламолари, жумладан Абу Юсуф ва аш-Шофиъийлар билан мулоқотда бўлди. 816—833-йилларда Бағдодда мударрислик қилиб, фиқҳ илми билан ҳам шуғулланди. И. Ҳ. анъанавий суннийликни ҳимоя қилган, муътазилийларга қарши курашган. Аббосий халифалар: Маъмун (813 — 833), Муътасим (833-842) ва Восиқ (842-847) лар даврида муътазилийлар оқими таълимоти расмий эътиқод сифатида эътироф этилгач, И. Ҳ. мансуб бўлган анъанавий ислом тарафдорлари таъқиб остига олинган эди. Аслида анъанавий ислом уламолари ва муътазилийлар ўртасидаги баҳс бир асрдан (халифа Ҳишом (724—743) давридан) бери давом этиб келар, улар ислом уммасининг парчаланишида бир-бирини айбларди. Маъмун ана шу баҳсга барҳам бериш, муътазилийларнинг бир неча ақидалари ва, айниқса, Қуръоннинг яратилганлиги (яъни Аллоҳ томонидан яратилгани, бунга Муҳаммад ҳам дахлдорлиги) ҳақидаги фикрни қарор топтириш мақсадида 833-йил махсус хайъат тузди ва барча уламоларни имтиҳон (меҳна) қилдирди. Бу ақидаларни қабул қилмаган дин арбоби Қуръонни Аллоҳ билан бир даражага қўювчи мушрик, яъни кўпхудолик тарафдори деб эълон қилинар ва шунга яраша жазога тортиларди. Ўз фикрларидан қайтмаган бир неча уламо қатори И. Ҳ. 2-йил зиндонда ётди. Озодликка чиққач, умрининг охиригача диний-сиёсий фаолиятини давом эттирди. Пировардида меҳна кутилган натижа бермади ва анъанавий ислом тарафига ўтган халифа Мутаваккил (847—861) 848-йил меҳнани бекор қилди. Кексайиб қолган И. Ҳ. Бағдодда энди ўзининг номи билан атала бошлаган диний-сиёсий ҳаракатнинг ғоявий раҳнамосига айланди. Бағдод ва Басрадаги фаол муътазилийларнинг рўйхати тузилиб, улар қирғин қилиндилар. 9- а. нинг 20—40-й, лари мусулмон уммасида юз берган парокандалик ҳолатини таҳлил қилиб, И. Ҳ. исломнинг „олтин даври“ — Муҳаммад (сав) ва илк халифалар даврига қайтиш керак деган хулосага келди. Айниқса, „бидъат“ масаласида у кескин мавқеда бўлди. Унинг фикрича, Қуръонга, Ҳадисга ва мусулмон уламоларининг илк уч авлоди фикри (ижмо) га асосланмаган дин ва ҳаётга оид ҳар қандай „янгилик“ қораланмоғи даркор. Сиёсат соҳасида И. Ҳ. диний-сиёсий кураш, фитна-исёнлар уюштириш жоиз деб ҳисоблади. Шунингдек, у диний арбоблар ҳокимга таъсир ўтказишлари лозим, деб уқтирди. И. Ҳ. таълимотини унинг шогирди албарбаҳарий (847— 941) ўз асарларида давом эттирди. Ҳанбалийлик мазҳаби назарияси Ибн ал-Жавзий (1116-1200) ва Ибн Таймия асарларида ўз ифодасини топди. И. Ҳ. таълимоти 18- а. охирларида ваҳҳобийликнинг шаклланишига асос бўлди. И. Ҳ. нинг „6 ақида“ (ислом дини аҳкомларининг қисқача баёни), ҳадислар тўпламлари, шу жумладан 30 минг ҳадисни ўз ичига олган „Муснад“ (Суянчиқ ёки „Иснодли ҳадислар тўплами“) ва имон-эътиқод, фиқҳ ва ибодат масалалари бўйича рисолалари ҳозиргача сақланиб қолган[1].
Манбалар
Ҳаволалар
| Викииқтибосда Аҳмад ибн Ҳанбалга тегишли иқтибослар мавжуд. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |
| Шахсият ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |
| Ислом шахсияти ҳақидаги уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |