Ahmad ibn Muso Keshiy
Аҳмад ибн Мусо Кеший муаррих ва фақиҳ бўлган. Кеший нисбаси билан эътироф этилган алломалардан бўлиб, унинг ушбу фиқҳий асари „Мажмуъу-л-ҳаводис ва-н-навозил ва-л-фатово ва-л-воқиъот“ деб номланган. Асарнинг қўлёзма нусхаси ҳозирда Абу Райҳон Беруний номидаги Тошкент давлат Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида № 5861 рақам билан сақланади. Асарнинг ҳажми 268 варақдан иборат ва мазкур қўлёзма асари ҳанафийлик йўналишидаги фиқҳи масалалар ва фатволар жамланмасидан ташкил топган[1]. Асар ҳанафийлик йўналишида тасниф этилган муътабар асарлар сирасига киради ундан кўплаб фақиҳлар фойдаланган.Аҳмад ибн Мусо Кеший 550/1155-йилда вафот этган. Алломанинг „Мажмауъ-л-ҳаводис ва-н-навозил“ асариинг бир нусха қўлёзмаси Туркиянинг Сулаймония кутубхонасида ҳам сақланади[2]. Бу асар ҳанафий фиқҳида тасниф этилган энг муътабар манбалардан ҳисобланади. Асар фатволар жамланмасидан ташкил топган бўлиб, унга Аҳмад ибн Мусо Кеший машҳур фақиҳлар Абу Лайс Самарқандий, Абу Бакр Фазл, Абу Ҳафс Кабийр Бухорий ва бошқаларнинг фатволаридан тузиб муҳим манбаларни асарда жамлаган. Асар ўзида ўн бешта фиқҳий усулни қамраб олган. Ҳанафийлик фиқҳини ўрганилишида, мазҳабнинг фуруъ масалалари ҳамда усулларини ўрганишда мазкур асарнинг аҳамияти катта ҳисобланган.