Аҳмаджон Абдусаидов – педагог, ёзувчи, шоир, жадид маърифатпарварларидан.

Аҳмаджон Абдусаидов
Таваллуди 1875-йил
Вафоти 1937-йил 14-октябр
Тошкент
Фуқаролиги Бухоро амирлиги
Бухоро Халқ Совет Республикаси
Ўзбекистон ССР
Таълими Дор ул-воизин (Истанбул)
Касби педагог, ёзувчи, шоир

Ҳаёти

Аҳмаджон Абдусаидов 1875-йилда Бухоро шаҳрининг „Муфтийзода“ маҳалласида туғилган. Бухородаги эски мактаб ва мадрасаларда таълим олган. Масжид қошида янги усулдаги жадид мактаби очиб болаларга дарс берган. Аҳмаджон Абдусаидов татар матбуоти орқали жадидчилик ғоялари билан таниш бўлган. „Тарбияи атфол“ жамиятининг ишларида фаол қатнашган[1]. Ўз шеърларида „Ҳамдий“ тахаллусини қўллаган. 1911—1913-йилларда бир гуруҳ ёшлар билан бирга Туркияга боради ва Истанбул шаҳридаги „Дор ул-воизин“ мактабида ўқийди.

Бухоро Халқ Совет Республикаси тузилгандан сўнг, 1920—1921-йилларда БХСР Марказий Ижроия Комитети раиси лавозимида фаолият олиб борган[2]. Кейинчалик Бухоро Халқ Совет Республикаси тугатилади. Ўрнида Ўзбекистон ССР ташкил этилгач, совет маъмурлари томонидан Аҳмаджон Абдусаидов эски жадидлар вакили сифатида ҳукумат ишларига олинмаган. Ҳамдий шундан сўнг Тожикистон ССРнинг Душанбе шаҳрида Тожикистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси сифатида иш олиб борган. 1935—1937-йилларда Тожикистон ёзувчилар уюшмасида адабий маслаҳатчи бўлиб ишлаган.

Қатағон қилиниши

Аҳмаджон Абдусаидов Ҳамдий 1937-йил меҳнат таътилига чиқиб Тошкентга қайтади. Ўша йилнинг 8-сентябрида „Миллий иттиҳод“нинг раҳбарларидан деб қамоққа олишга қарор чиқарилади ва Абдусаидов 9-сентябр куни Тошкент шаҳри, Октябр тумани, „Ўткир“ маҳалласи 76-уйдан ҳибсга олиниб олиб кетилган.

Аҳмаджон Абусаидов 1937-йил 13-сентябр куни сўроқ пайтида „Миллий иттиҳод“ номида ташкилотига аъзолиги, ташкилот таркибида Файзулла Хўжаев, Усмон Хўжаев, Ота Пўлатович Хўжаев, Мусо Саиджонов, Абдуқодир Муҳиддинов, Мухтор Саиджонов, Раҳмат Рафиқ, Муҳиддин Ҳакимов – Равкат, Мукаммил Бурҳонов, Ҳошим Шойиқ, Муинжон Аминжонов, Наимжон Ёқубзода, Абдулҳамид Орипов, Мирзо Иззатулло Амин, Шавкат Сулаймонов, Исмоил Садрий, Саидаҳмадхўжа Эшонхўжаевлар борлиги ҳақида маълумот беради. Ташкилот кўрсатмаси билан ўзининг Ота Хўжаэв билан бирга Шарқий Бухорога боргани, истиқлолчилардан миллий армия ҳам яратмоқчи бўлгани ҳақида, 1923-йилдан ҳаракатлари бесамар кетганидан сўнг, ташкилот фаолияти тўхтагани ҳақида айтади[3].

1937-йил 14-октябрда НКВД қошидаги махсус „учлик“ томонидан Аҳмаджон Абусаидов отувга ҳукм қилинган. Аҳмаджон Абдусаиднинг ўғли Анвар Аҳмедов 1956-йилда 29-июлда Ленинград шаҳридан СССР ИИВга ёзган аризага Аҳмаджон Ҳамдийнинг 1937-йил 10 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм қилиниб, 1942-йил 14-октябр куни юрак етишмовчилиги хасталигидан вафот этган деб жавоб берилган. Қизи Ҳидоят Аҳмедованинг 1964-йил 23-мартда Сталинобод шаҳри, Озоди занон кўчаси, 151-уйдан ТожССР ДҲҚга ёзган аризасига эса Аҳмаджон Ҳамдий 1946-йил вафот этган деган хабар келган.

Оиласи

Аҳмаджон Абдусаидовнинг 3 нафар фарзанди бўлган, 2 ўғил ва 1 қиз. 1922-йилнинг кузида катта ўғли Афзал Абдусаидни Германияда ўқишга юборган. Афзал Абдусаид Берлинда архитектура соҳасида олий маълумот олган. У ўзига пул бериш эвазига ёлланишини талаб қилган совет чекисти Михалковнинг пулини почта орқали қайтариб фош этиши билан Германия матбуотида жуда машҳур бўлган. Кичик ўғли Анвар Ленинграддаги ишчи факултетида таҳсил олган. Қизи Ҳидоят Аҳмедованинг фаолияти ҳақида эса маълумот мавжуд эмас.

Манбалар

  1. ↑ Юсуф Манзаров, Дилшод Рўзибоев. Эдуcатион ин тҳе ҳеритаге оф тҳе жадидс оф Туркей. Париж, Франсия: Глобал Сймпосиум он Ҳуманитй анд Сcиэнтифиc Адванcеменц, 30-ноябр 2021-йил — 128-бет. 
  2. ↑ Қаҳрамон Ражабов „Тарих қатидаги ҳақиқат: Бухоро амирлиги қандай тугатилган эди?“ (ўзбекча). зарнеwс.уз (2020-йил 1-ноябр). Қаралди: 8-июл 2023-йил.
  3. ↑ Баҳром, Ирзаев „Аҳмаджон Абдусаидов - совет чекистини фош қилган зиёли“ (ўзбекча). Азон.уз (2023-йил 17-январ). 2023-йил 8-июлда асл нусхадан архивланган. Қаралди: 8-июл 2023-йил.