Ажириқти – корунд кони; Навоий вилоятидаги Томдибулоқ овулидан 5 км ғарбда, Томди тоғларида. Корунд метаморфизмга учраган оҳактошлар орасида қалинлиги 1 метр ва узунлиги 10 метр гача бўлган қатламларда линза шаклида ётади. Руда таркибида корунд (10- 60%), Маргарит, хлоритоид, темир оксидлари ва гидроксидлари бор. Камдан-кам ҳолда диаспор, андалузит, шпинел, биотит, хлорит, мусковит, пирофиллит учрайди. Конда чуқурлиги 2-3 метрдан 20-30 метргача бўлган қадимда қазилган жойлар учрайди. Корунддан чарх қуми сифатида фойдаланилган. Шу типдаги бир қанча конлар (Ашибулоқ, Томди, Чингилди, Оқтов, Сарибулоқ, Бештов) мавжуд. Корундли оҳактошларнинг тошкўмир даврига мансублиги янги конлар топиш ва тошкўмир даври ётқизиқларининг янги стратиграфии: схемасини ишлаб чиқиш имконини берди.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил