Ajziy
Ажзий (тахаллуси; асл исми Саидаҳмад Ҳасанхўжа ўғли Сиддиқий) (1864 — Самарқанд — 1927) — маърифатпарвар шоир, таржимон. Миллий уйғониш даврининг йирик вакилларидан бири. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ўқитувчи (1926). Ажзий 1864-йил Самарқанд вилоятининг Жомбой тумани Ҳалвойи қишлоғида ҳунарманд оиласида таваллуд топди. Ёшлигида отаси вафот этиб, бобоси қўлида вояга етди. Янгаси қўлида савод чиқарди. “Унинг аждодлари асли туркистонлик хўжалардан бўлиб, ХВ асрнинг ўрталарида ҳукмронлик қилган Абу Саид Мирзо даврида Самарқандга кўчиб келган эди. Бўлажак мутафаккирнинг ёшлигида отаси Ҳасанхўжанинг вафотидан сўнг онаси уни соацоз устага шогирдликка беради. Уста табиатан анча хасис одам бўлгани сабабли Саидаҳмад ниҳоятда қийналган, турмушнинг оғир дамларини ўз бошидан кечирди. У бу ҳақда ўз таржимаи ҳолида батафсил баён қилган эди".
Самарқанд, Бухоро мадрасаларида ўқиган. Араб, форс, озарбайжон тилларини мукаммал билган. Кейинроқ рус тилини ҳам ўрганган. 1901-1903-йилларда Кавказ, бир қатор Араб мамлакатлари ва Россияга саёҳат қилган. Жиддада маълум муддат рус элчихонасида таржимон бўлган. Самарқандга қайтгач, шаҳар яқинидаги Ҳалвойи қишлоғида янги усулдаги мактаб очиб, ўқитувчилик қилган. Лев Толстой ҳикояларини, Крилов масалларини, Гоголнинг „Шинел“ повестини ўзбек ва тожик] тилларига таржима қилган (1908-1910). Дарслик ёзиб, таржималаридан намуналар киритган хозирги кунга келиб жадиднинг авлодлари Самарқанд шаҳрида истиқомат қилишади.
Ижоди
Ажзий 80-йиллардан шеър ёза бошлаган. „Айн ул-адаб“ („Одоб чашмаси“, 1916), „Ганжинаи ҳикмат“ („Ҳикмат хазинаси“, 1914) каби шеърий тўпламлари, „Мир’оти ибрат“ („Ибрат ойнаси“, 1914), „Анжумани арвоҳ“ („Арвоҳлар йиғини“, 1912) достонлари нашр қилинди. „Мир’оти ибрат“да Туркистоннинг ўша даврдаги фожиали аҳволи ва ундан қутулиш чоралари ҳақида баҳс юритган. Илм-фан, давлат, тил, қонун — буларсиз ҳеч бир миллатнинг истиқболи йўқ, бу тўрт нарсани қўлга киритмаган миллат ҳалокатга маҳкумдир, дейди. „Анжумани арвоҳ“да эса хонликдаги турғунлик танқид қилинган. Шеърлари чуқур фалсафий мазмуни, ижтимоий-сиёсий мушоҳадалари, Фузулий ва Бедилона услуби билан ажралиб туради. У миллий уйғониш даврининг барча шоирлари сингари кенг оммани маърифатга бошлаш, ҳақ-ҳуқуқини англатишни адабиётнинг бош мавзуи деб билди. Ажзий 1917-йил феврал инқилобидан кейин ижтимоий ҳаракатда бевосита иштирок этди. 1918-1921-йилда Вилоят Адлия комиссари лавозимида ишлади. 1922-йилдан яна ўқитувчиликка қайтган. Самарқандда ўзбек ва тожик тилларидаги „Машраб“, „Мулла Мушфиқий“ каби ҳажвий журналларни, „Зарафшон“ газетани чиқаришда фаол иштирок этган. „Майна“, „Гинагина“, „Шашпар“, „Тир“, „Гумном“, „Олмос“ имзолари билан ҳажвий асарлар ёзган. Уларда шўро тузумида юз бераётган ўзгаришларни хушламаслик, келажакдан хавотирланиш кайфиятлари сезилади. 1903-йилда Ҳалвойи қишлоғида шоирнинг ўзи қурдирган мактаб ҳали ҳам бор, ҳозир унинг номида.
У 1890-йилларнинг охирида Маккага боради. 1900-йилда Руссиянинг Жиддадаги элчихонасида таржимонлик қилган. Шоир 1901-йилда она юртига қайтади ва янги типдаги мактаб очади. У кенг оммани маърифатга бошлаш, ҳақ-ҳуқуқини англатишни адабиётнинг бош мавзуи деб билди. Миллатни ўз аҳволини англашга, дунё билан баробар яшамоққа чақирди. Сиддиқий 1919-йилда Самарқанд вилояти адлия бўлими мудирининг ўринбосари, кейинроқ эса бўлим мудири бўлиб ишлади. 1922-йилда яна асл касби муаллимликка қайтди. 1927-йилда эса вафот этди.
Шоир адабий мероси профессор Бегали Қосимов томонидан тўплаб, нашр қилинган. „Айн ул-адаб“ („Одоб кўзи“, Самарқанд, 1916, ўзбекча), „Ганжинаи ҳикмат“ („Ҳикмат хазинаси“, Самарқанд-Тошкент, 1914, тожикча) шеърий тўпламлари, „Мир’оти ибрат“, „Анжумани арвоҳ“ каби поэмалари, публицистик мақолалари, Гогол „Шинел“и таржимаси, ҳикоялари ижодининг серқирралигидан далолат беради.
Шеърлари Кавказда „Мулла Насриддин“, „Дирилик“ журналларида босилган.
Нашр қилинган асарлари
- Сиддиқий-Ажзий. Танланган асарлар. Т., 1973.
- Ажзий. Мир’оти ибрат. Тўпламда: Миллий уйғониш. Т., 1993, 96-107 бетлар.
- Ибрат, Ажзий, Сўфизода. Танланган асарлар. Т.: Маънавият, 1999.
Адабиёт
- Вадуд Маҳмуд. Турк шоири Ажзий. Миллий уйғониш. Тўплам. 1993.
- Турсунқул (Раҳим Ҳошим). Сиддиқий тўғрисида мулоҳазалар. Юқоридаги тўплам, 86-95 бетлар.
- Қосимов Б. Маслакдошлар (Беҳбудий, Сиддиқий-Ажзий, Фитрат). Т., 1994.
Манбалар
- Сиддиқий — Ажзий, Танланган асарлар, Т., 1973
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |