Википедияда исми Акбар ва фамилияси Асқаров бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.

Акбар Асқарович Асқаров [1902.25.10 (7.11) – Тошкент – 1978-йил, 5-сентябр] – терапевт, Ўзбекистон Фанлар Академияси мухбир а’зоси (1943), тиббиёт фанлари доктори (1947), профессор (1948), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1956). 1927-йил Ўрта Осиё давлат университети тиббиёт факултетини битирган. Тошкент тиббиёт институти факултет терапияси кафедраси мудири (1941-йилдан). Асқаров кўп йиллар давомида ме’да-ичак касалликлари этиологияси, клиникаси ва даволаш (айниқса ўзбек таомларидан тузилган парҳез ёрдамида) усуллари устида илмий тадқиқот ишлари олиб борган. Асқаровнинг ингичка ичак, йўғон ичак, ўт пуфаги ва жигар касалликлари устида олиб борган илмий ишлари тиббиёт назарияси ва амалиётини бойитган. Ибн Сино "Тиб қонунлари" асарининг ўзбекча нашрига мас’ул муҳаррир ва русча нашрининг таҳрир ҳай’ати а’зоси бўлган. Тошкентдаги кўчалардан бири унинг номига қўйилган.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил