Akbar Islomov
Акбар Исломов — қўқонлик давлат ва жамоат арбоби. Туркистон ССР ички ишлар халқ комиссари.
| Акбар Исломов | |
|---|---|
| Туркистон ССР ички ишлар халқ комиссари | |
| Шахсий маълумотлари | |
| Таваллуди |
1896-йил Қўқон шаҳри |
| Вафоти | 1938-йил |
Фаолияти
Акбар Исломов 1896-йил Қўқон шаҳрида таваллуд топган. Унинг оиласи Қўқон хони хизматида юқори мавқега эга бўлган. Акбар Исломов оилада 4 нафар фарзанднинг энг кенжаси бўлган. У дастлаб Қўқондаги эски мактабда сўнг, 2 йил давомида Абдуваҳҳоб Ибодийнинг жадид мактабида таҳсил олади. 1910—1914-йилларда у заргарлик устахонасида заргарга шогирд бўлиб, ҳунар ўрганди. 1914-йилда Акбар Исломов Қўқонда очилган рус-тузем мактабида ўқишни бошлайди. Аммо отасининг вафоти сабабли ўқишни давом эттира олмайди. 1914-йилдан у Қўқоннинг эски шаҳар қисмида жойлашган нашриётда ҳарф терувчи сифатида фаолиятини бошлайди. Акбар Исломов Обиджон Маҳмудовнинг „Садойи Фарғона“ газетасида ишлаб, Фарғона жадидларинг етакчилари Ашурали Зоҳирий, Назир Тўрақулов, Ҳамза Ниёзий билан танишади. У 1916-йилдаги мардикорликка қарши курашда фаол иштирок этади. Акбар Исломов Воскресний кўчаси Болотина дорихонаси ёнида жойлашган Велиский хусусий типографиясига ишга киради. У ерда рус ишчилари билан танишиб, рус тилидаги билимларини янада мустаҳкамлайди[1]. У Туркистон мухторияти ташкил топгач, мухториятнинг тадбирларида фаол иштирок этади. 1918-йилнинг март ойида Қўқондаги „Печат ишлари“ номли типографияга ишга киради ва „Мусулмон меҳнаткашлари иттифоқи“ жамоатчилик ишларида иштирок эта бошлайди. 1918-йилда Қўқон шаҳар Мусулмон меҳнаткашлари касаба уюшмаси раиси лавозимига сайланган. 1918-йил сўнгида Қўқон шаҳридан Акбар Исломов Туркистон МИК аъзолигига сайланади ва Бухоро амирлигига йўлланган гуруҳга аъзо этиб танланади. Бухородан қайтгач 1919-йил 24-майдан Туркистон МИК ички ишлар халқ комиссари ўринбосари лавозимига тайинланади. 1920-йил Тошкентга келади ва Туркистон ССР ички ишлар халқ комиссари лавозимига тайинланади. 1920-йил Туркистон давлат университети очилгандан сўнг, Акбар Исломов биринчилардан бўлиб ишчи факултетига ўқишга кирган. Аммо ўзининг билимидан кўнгли тўлмай, 1924-йил яна Ўрта Осиё давлат университети қишлоқ хўжалиги факултетига ўқишга киради. 1937-йилда у яшайдиган Тошкент шаҳар Оққўрғон кўчаси 5-уй 2-хонадон тафтиш ўтказилади ва қамоққа олинади. 1938-йил 4-октабр куни унга олий жазо берилди ва ҳукм шу куннинг ўзида ижро этилди[2].