Akbarnoma

"Акбарнома", "Тарихи Акбаршоҳий" („Акбаршоҳ тарихи“), "Тарихи Акбарий" („Акбар тарихи“) – тарихий асар, бобурийлардан Акбар топшириғига кўра унинг вазири ва яқин сафдоши Абулфазл Алломий томонидан 1589-1601-йилларда ёзилган. „Акбарнома“ 3 жилддан иборат. Биринчи жилдида Акбарнинг туғилиши, унинг шажараси ҳикоя қилинади, Бобур, Ҳумоюн даврида Афғонистон ва Шимолий Ҳиндистонда юз берган сиёсий вазият тасвирланади. Булардан ташқари Акбар ҳукмронлигининг илк 17 йили (1556-1572)да рўй берган воқеалар баён этилади. Иккинчи жилд Ҳиндистон ва Шимолий Афғонистон тарихини (1573-1601/02 йил), учинчи жилд эса Акбар шахси, унинг саройи, бобурийлар салтанатининг тузилиши, мамлакатнинг маъмурий бўлиниши, солиқ ва бошқадан келадиган тушумлар, динлар, ҳиндларнинг дунёқараши ва бошқа ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олади. Учинчи жилд „Ойини Акбарий“ („Акбар қонунлари“) номи билан мустақил асар сифатида ҳам машҳур. Муаллиф вафотидан сўнг Акбар ҳукмронлигининг сўнгги даврлари ёзилмай қолган. Аммо, кейинчалик бу даврлар „Акбарнома“ асоси (тартиби)да ёритилади (унда воқеалар йилма-йил баён этилади) ва у „Тақмилаий Акбарнома“ номи билан тарихга киради. „Акбарнома“га қўшимча қилинган сўнгги қисмлари муаллифи аниқ маълум эмас[1]. Баъзи маълумотларга кўра, у лаҳорлик ёзувчи ва тарихчи Иноятулло ибн Муҳиб Али дейилса, бошқа маълумотларда Шоҳ Жаҳоннинг машҳур тарихчиси Муҳаммад Солиҳ Камбо („Шоҳ Жаҳоннома“нинг муаллифи) дейилади, учинчи бир маълумотда эса Абулфазл Алломий мактубларини тўплаган жияни томонидан ёзилган деб кўрсатилади. „Акбарнома“да тарихий воқеалар йилма-йил тадрижий суратда баён этилади. Маълумотлар эса расмий ҳужжатлардан олинади ва содир бўлган воқеаларнинг бевосита иштирокчиси, гувоҳи бўлганларнинг ёзишмалари ва хотираларига асосланилади. Шунга кўра „Акбарнома“ қимматли ва ишончли тарихий асар ҳисобланади. „Акбарнома“ нусхалари Англия, Франсия, Ҳиндистон, Россия ва бошқа мамлакатларда сақланмоқда. ХИХ асрда „Акбарнома“ Бевериж, Эллиот ва Доусонлар (И-ИИ жилд), шунингдек Глодвин, Блошман, Жарретлар (ИИИ жилд) томонидан инглиз тилига таржима қилинган[2].
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Китобга оид уşбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. |