Akkretsiya
Аккреция — коинот жисмига (айрим турдаги юлдузлар, галактикалар ядролари ва бошқалар) атроф муҳитдан ёки қўшни обектдан модданинг узлуксиз тушиб бориш жараёни. Аккреция жараёни оқ митти пулсар ва қора ўра каби объектлар учун алоҳида ўрганилган. Кузатувларга кўра, галактикамиз жуда ҳам зич қўшалоқ юлдузларга бой ва, хусусан, янги юлдуз ҳодисаси кўпинча айнан уларда рўй бермоқда. Физик ва динамик боғланган қўшалоқ юлдузнинг бири оддий юлдуз бўлса, унинг сиртидан асосан водороддан иборат модда иккинчи компонентга — оқ миттига тушиб йиғилиб боради. Оқ миттининг ўз водороди аллақачон ёниб тугагани, йиғилаётган водород массаси ва температураси эса аста ошиб бориши сабабли тўсатдан термоядро реаксияси содир бўлиб, янги юлдуз ҳодисаси кузатилиши мумкин. Пулсарлар атрофида эса Аккреция ҳодисаси содир бўлиш-бўлмаслиги уларнинг ёшига боғлиқ. Ёш пулсар юқори энергияли заррачалар манбаи бўлгани учун унда аккреция юз бермайди. Пулсар ёши тахминан 106-107-йилга етгач аккреция рўй бера олади. Пулсар сиртидаги гравитацион потенсиал 0,15 с2 эканлиги сабабли (с — нур тезлиги), агар у қўшалоқ тизим аъзоси бўлса, Аккреция туфайли кучли рентген нурланиши вужудга келади. Космик аппаратлардан олиб борилган кузатувлар ёрдамида қатор рентген пулсарлари (Сеп Х-3, Ҳер Х-1 ва бошқалар) топилган. Қора ўралар яқинидаги айрим фаол жараёнлар ҳам аккреция модели ёрдамида осон ва тўғри тушунтирилмоқда.
Умумий ҳолда Аккреция турларини 3 синфга ажратиш мумкин: дисксимон, сферик ва носимметрик. Булар ичида дисксимон аккреция яхши ўрганилиб, адабиётда аккрецион диск атамаси тез-тез учраб туради. Гап шундаки, оддий юлдуздан релятивистик ёки компакт (зичлиги катта, ўлчами кичик) юлдузга оқиб тушаётган масса импулс моментига эга бўлиб, у аккреция дискини ҳосил қилади (расм). Бу момент йўқолмагунга қадар аккреция массаси компакт юлдузга туша олмайди. Шу сабабли, унинг атрофида айланувчи аккрецион диск вужудга келади. Аккреция натижаси компакт юлдузнинг магнит майдонига ҳам боғлиқ. Дискнинг энг қайноқ ички қисмида иссиқлик ва динамик беқарорликлари юз беради. Марказдан тарқалаётган нурланиш босими ва электромагнит кучлар таъсирида аккреция дискининг ўқи йўналишлари бўйлаб модданинг ҳаракат тезланиши юз беради. Бу кузатилаётган фаол жараёнлар сабабли бўлиши керак. Квазарлар ва галактикалар ядролари фаоллиги ҳам аккреция диски модели ёрдамида тушунтирилади.
Манбалар
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |