Акром Маматович Юсупов (1905.1.5, Қува — 1975.26.11, Тошкент) — сирк артисти, масхарабоз. Ўзбекистон халқ артисти (1961). 8 ёшидан амакиси — дорбоз Ҳотам Мадалиевдан дорбозлик ва муаллақчиликни ўрганган. 14 ёшидан халқ сиркчилари труппасида ишлаган. 1920—30 йилларда комик акробатика, волтижёрлик, турник устида машқ бажариш, чавандозлик томошаларида қатнашган. 1942 йилдан Ўзбек сирки жамоаси таркибидаги Тошканбоевлар дастурида иштирок этди ва дорбозмасхарабоз сифатида кенг танидди. 1953 йилдан клоунада соҳасида фаолият кўрсатиб, қадимий масхарабохтик ва қизиқчилик анъаналарини давом эттириб, уни ривожлантириб замонавий ўзбек клоунадасининг энг яхши намуналарини яратди. Ю. томошалари ўргатилган эшак ва қўй иштирокида ўтади. Ю. замонавий Хўжа Насриддин образини гавдалантирди ва ўзининг хушчақчақ ва ўткир зеҳнли қаҳрамони билан бетакрор комик истеъдодини "ИСҲ — 421", "Дипломли эшак", "Пул ёки ақл", "Ўқувчи", "Сартарош", "Тафтиш", "Бокс", "Ақлли жонивор" каби клоунадаларда намойиш этди. "Сирли кристалл", "Акром, баджаҳл хон ва қуёнча" каби сирк пантомималарида бош ролларни ижро этди. 1970-йиллардан Тошкентдаги "Саҳнадаги сирк" ижодий жамоаси билан ҳамкорлик қилган. Муаллақ ошиш, чавандозлик ва дорбозликни яхши эгаллаганлиги туфайли пародияли масхарабозликни уста санъаткор сифатида бажариб, томошабинлар таҳсинига сазовор бўлган. Ю. сўз ва мимика устаси. У содда, самимий, вазиятга дарҳол, лекин бамайлихотир баҳо берувчи, тадбиркорлигини намойиш этувчи, ишонувчанлиги, тепсатебранмаслиги билан кулги уйғотувчи одам қиёфасини моҳирона талқин этган. Андижон вилоят Марҳамат шаҳри кўчаларидан бирига Ю. номи берилган.

Ўғли Маҳмуд Юсупов (1930.12.11, Тошкент) — дорбоз, акробат. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист (1964), 1951 йилдан Тошканбоевлар дастурининг қатнашчиси.[1]

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил