Al-Alo Hadramiy
Ал-Ало ал-Ҳадрамий (арабча: العلاء الحضرمي; 635–636 ёки 641–642-йилларда вафот этган) – илк мусулмон саркардаси. Ислом пайғамбари Муҳаммад даврида тах. 631–632-йилларда Баҳрайнда (шарқий Арабистон) солиқ йиғувчи, 632–636 ва 637–638-йилларда халифалар Абу Бакр (ҳ. 632–634) ва Умар (ҳ. 634–636) ҳукмронлиги даврида Баҳрайн ҳокими бўлиб хизмат қилган. Абу Бакр даврида ал-Ало Ридда урушлари доирасида Сосонийлар тарафдори Лахмийлар сулоласи томонидан уюштирилган исённи бостирган. Халифа Умар даврида Сосонийларга қарши бир нечта денгиз юришларига бошчилик қилган, бироқ улар нинг энг сўнггиси араблар учун фалокатли якунланган ва ал-Алонинг лавозимидан бўшатилишига сабаб бўлган. Сўнгра у Басрага ноиб этиб тайинланган, бироқ ушбу лавозимни қабул қилиш учун йўлга чиққанида вафот этган.
Келиб чиқиши
Ал-Ало Жанубий Арабистоннинг Садиф қабиласига мансуб эди[1]. У Маккадаги Қурайш қабиласининг бадавлат Бану Умайя уруғига ҳомийлик ёки иттифоқчилик алоқалари билан боғлиқ эди[2]. Пайғамбар Муҳаммаднинг Маккани забт этиши ва 630-йилда Қурайш қабиласининг оммавий равишда мусулмонликни қабул қилишидан олдин[3] исломни биринчилардан бўлиб қабул қилганлардан бўлган.