Абулҳорис Арслон ал-Музаффар ал-Басасирий (1059-йил 15-январда вафот этган) туркман қул-аскар (мамлук) бўлиб, Ироқ бувайҳийлари ҳарбий қўмондони лавозимига кўтарилган эди. Хизматни оддий аскарликдан бошлаб, ўз маҳорати ва садоқати туфайли юқори лавозимга эришган. 1055-йилда Салжуқийлар бувайҳийларни ҳокимиятдан сиқиб чиқаргач, ал-Басасирий Миср Фотимийларига байъат келтирди. Шундан сўнг, Фотимийлар номидан Бағдодни забт этиб, у ерда деярли бир йил ҳукмронлик қилди.

Ёшлик даври

Ал-Басасирий (ёки ал-Фасасирий, ал-Фасавий) номи дастлабки эгасининг яшаш жойи бўлган Форс вилоятининг Баса (Фаса) шаҳридан келиб чиққан. Абулҳорис эса куня бўлиб, асл исми туркча Арслондир[1]. Ал-Басасирий бувайҳийлар амири Баҳо уд-Давланинг (ҳ. 988–1012) озод қилинган қули (мавло) бўлган. Ҳарбий фаолиятини фақатгина Баҳонинг ўғли Жалол уд-Давла ҳукмронлик даврида (ҳ. 1025–1044) амалга оширган[2]. Ал-Басасирий Жалолнинг жияни, Форс амири Абу Калижар ҳамда Мосулнинг рақиб Уқайлийлар сулоласи билан бўлган низоларда иштирок этган. Шунингдек, бувайҳийлар амири ал-Малик ар-Раҳимнинг (ҳ. 1048–1055) севимли кишиларидан бўлиб, ундан Анбар шаҳрини инъом қилиб олган эди. Бу даврда Бағдоддаги туркий қўшинлар ўртасида нотинчлик ҳамда суннийлар ва шиалар ўртасида низолар авж олган, курдларнинг доимий босқинлари ва Уқайлийлар билан уруш давом этаётган давр эди[2].

Вазир билан низо (1054—1055)

Ал-Басасирий 1054-йилда туркий қўшинларнинг Бағдодда тартибсизлик ва талон-тарож уюштиришларига қаршилик қила олмади. Ўша йили Уқайлийлар етакчиси Қурайш Бараданга бостириб кириб, ал-Басасирийнинг туялари ва отларини олиб кетди[2]. Ноябр ойида Қурайш Анбарни эгаллаб, расман бувайҳийлар ҳукмронлигидан воз кечгач, Салжуқий султон Тўғрулбекнинг номини жума хутбасига қўшишни буюрди[2][3].

Ибн ал-Асирнинг Ал-Комил фи-т-тарих|тўлиқ тарих]]ида ёзилишича, „[Аббосий] халифа ва Басасирий ўртасидаги бегоналашув шу йилнинг Рамазон ойида“, яъни 1054-йил 4-декабрдан 1055-йил 2-январгача бўлган даврда бошланган[3]. 1054-йилда ал-Басасирий халифалик вазири Ибн ал-Муслима билан туркийлар сиёсати масаласида жанжаллашиб қолди. Вазирни 1052/53-йилдан бери Тўғрул билан алоқада бўлганликда айблади. Ибн ал-Муслима, ўз навбатида, ал-Басасирийнинг Бағдоддаги Қурайш тарафдорларига қарши курашга уринишларини тўсиб қўйди. Бунга жавобан, ал-Басасирий вазирнинг қайиғини мусодара қилиб, ойлик маошини тўхтатиб қўйди. Шунингдек, халифа ал-Қоимнинг ойлик нафақасини ҳам бекор қилди[2].

1055-йил март ойида ал-Басасирий Анбарни қайта забт этди[2]. Йўл-йўлакай Димимма ва Фаллужа қишлоқларини талон-тарож қилди. Унга Мазядийлар сулоласидан бўлган қайноғаси Дубайс И ҳам қўшилди. Анбарни Уқайлийлар вассали Абулғанаим ибн ал-Муҳаллабон мудофаа қилган. Ал-Басасирий манжаниқлар ва юнон оловидан фойдаланиб, минора ҳамда айрим мудофаа иншоотларини вайрон қилди. Шаҳар штурм қилиниб, Абулғанаим юз нафар хуфажа аскари билан қўлга олинди[3].

Вазир билан зиддият ал-Басасирий Бағдодга қайтганидан кейин ҳам давом этди. 1055-йил июлида, суннийларнинг норозилик намойиши пайтида, вазир баъзи мутаассибларни бир кемага чиқиб, насроний савдогарга тегишли бўлган ҳамда ўша пайтда Воситда Бувайҳийлар султони ёнида бўлган ал-Басасирийга мўлжалланган шароб идишларини синдиришга ундади. Шароб насронийларга тегишли бўлгани боис, ал-Басасирий Ҳанадидан вазирнинг ҳаракатлари ноқонуний эканлигини эътироф этувчи фатво олишга эришди. Шундан сўнг, Ибн ал-Муслима ал-Басасирийни шиалар билан ҳамфикрликда ҳамда Аббосийларнинг рақиби бўлмиш Фотимийлар халифалиги билан алоқада бўлганликда айблади. Вазир туркий қўшинлар ва халифани Басасирийга қарши қайраб, унинг Бағдоддаги уйини ёқиб юборди. Аслида, Фотимийларнинг бош тарғиботчиси ал-Муъайяд фи ад-Дин аш-Шерозий ал-Басасирийга мактублар йўллаган бўлса-да, бу хатлар унга Тўғрулбек Бағдодга кириб келганидан кейингина етиб борган[2][4].

Ибн ал-Муслима султон ал-Малик ар-Раҳимга ўзининг севимли одамини узоқлаштиришни буюрди, аммо султон бунга кўнмади. 1055-йил 15-декабрда Бағдоддаги хутбада Маккага ҳаж сафари баҳонаси билан ўтаётган Тўғрулбекнинг номи тилга олинди. Тўғрулбек 18-декабр куни тантанали равишда шаҳарга кириб келди. Салжуқий қўшинлари шаҳарда экани сабабли тартибсизлик юзага келди. Тўғрулбек 23-декабр куни халқни назорат қила олмагани учун бувайҳий султонни қамоққа олди. Ал-Малик ар-Раҳим Тўғрулбекни кутиб олиш учун Воситдан Бағдодга қайтиб келган бўлса-да, ал-Басасирий қайноғаси Дубайснинг саройига йўл олди. Тўғрулбек Дубайсга ал-Басасирийдан ажралишни буюргач, у Раҳбага борди[2].

Салжуқларга қарши Фотимийлар хизматида (1055—1059)

Раҳба ноиби

Ал-Басасирий Раҳбадан Фотимийлар халифаси ал-Мустансирга (ҳ. 1036–1094) мактуб ёзиб, Қоҳирага бориш учун рухсат ҳамда Сурия ва Мисрни салжуқийлардан ҳимоя қилишда ёрдам сўради. Фотимий вазир ал-Язурий биринчи сўровни рад этган бўлса-да, иккинчисига розилик берди. Ал-Басасирий Раҳба ноиби этиб тайинланиб, халифа унга 500 минг олтин динор, 500 минг динор қийматидаги кийим-кечак, 10 минг камон, 1000 та қилич, 500 та от ҳамда кўп миқдордаги найза ва ўқларни жўнатди. Ал-Муайяд мазкур маҳсулотлар ҳамда тайинлов ёрлиғини олиб келди[2].

1056—1057-йилларда ал-Муайяд Сурия ва Ироқнинг бир нечта амирларини Фотимийлар тарафига оғдиришга эришди. Ал-Басасирийнинг собиқ ҳомийси бўлган Дубайс аввал Тўғрубекка бўйсунган бўлса-да, кейинчалик байъатини ўзгартириб, хутбада Фотимий халифа номини тилга олишни буюрди. Ал-Басасирий билан яна иттифоқчилик муносабатларини ўрнатди. Аввалги йилларда ал-Басасирийга муаммолар яратган Бағдод турклари Тўғрулбек ҳукмронлигига чидай олмай, Сурияга бориб, Басасирий сафига қўшилдилар. Ал-Басасирий ва Дубайснинг туркийлар ва баъзи бадавийлар билан кучайтирилган қўшини Синжорга юриш қилиб, у ерда Қуталмиш ва Қурайш бошлиқ салжуқийлар қўшинини мағлуб этди. Қуталмиш асир тушишдан қочиб, Озарбайжонга чекинган бўлса-да, жангда яраланган Қурайш 1057-йил 9-январда таслим бўлди[2].

Синжордаги ғалабадан сўнг, ал-Басасирий Мосулга кириб, шаҳарда Фотимийлар халифаси ҳукмронлигини эълон қилди. Бу ҳолат бир неча кун давом этди, холос. Тўғрулбек тез орада Мосулни қайтариб олиб, Синжор вилоятини вайрон қилишга киришди. Ал-Басасирий эса Раҳбага чекинди. Дубайс ва Қурайш вақтинча салжуқийлар томонига ўтдилар. Бироқ, салжуқийлар қароргоҳидаги арабларга қарши кайфият туфайли фикрларидан қайтдилар. Дубайс Жомиёнга борди, Қурайш эса Раҳбада ал-Басасирий сафига қўшилди[2].

1058-йил бошларида Тўғрулбекнинг укаси Иброҳим Инал ал-Басасирий ва ал-Муайяд билан келишувга эришди. Унга кўра, ал-Басасирий ва ал-Муайяд Иброҳим Инални акасининг тахтини эгаллашда қўллаб қувватлаши, Иброҳим Инал эса хутбага Фотимийлар халифаси номини қўшиши керак эди. Иброҳим Мосулни ал-Басасирийга топширган бўлса-да, қалъани қўлга киритиш учун тўрт ой қамал қилишга тўғри келди. Бу гал ҳам ғалаба узоққа чўзилмай, қалъани қўлга киритгач, ал-Басасирий Раҳбага чекинди. Тўғрулбек тез орада Мосулни қайтариб олиб, Нисибисга юриш бошлади. Ал-Басасирий Дамашққа чекинди[2].

Бағдоднинг забт этилиши

Ал-Мустансир номидан ал-Басасирий Бағдодда зарб қилдирган олтин динор

Ал-Басасирий чекинаётган вақтда Иброҳим Жибалда қўзғолон кўтарди. Тўғрулбекнинг қўзғолон билан банд бўлиши ҳамда Ироқда салжуқий қўшинларининг деярли қолмагани ал-Басасирийга қайта босқинчилик юриши бошлаш имконини берди. Тезда Ҳит ва Анбарни эгаллади. 1058-йил 27-декабрда Қурайш ва унинг 200 отлиқ аскари ҳамроҳлигида 400 мамлук отлиқлари билан Бағдодга кирди. Кейинги жума куни, 1509-йил 1-январда, асосан шиалар яшайдиган ғарбий Бағдодда шиалар азони айтилди. 8-январ куни ал-Басасирий Дажладан ўтиб, шарқий Бағдодни эгаллади. Жоме масжидида Фотимийлар халифасининг номи тилга олинди[2]. Кейинги ҳафта давомида кўчаларда тўқнашувлар бўлиб турди[5]. 19-январ куни Ҳасаний саройига ҳужум қилиниб, Аббосий халифа ал-Қоим ўзи ҳамда оила аъзоларини Қурайш қабиласи ҳимоясига топширди. Ал-Басасирий 29-январ куни Жоме масжиди ташқарисидаги намоз майдонида (мусалла) Фотимийлар байроқларини ҳилпиратиб, Қурбон ҳайитини нишонлади[2].

Бағдоднинг янги ҳукмдори бўлган ал-Басасирий Аббосийлар сулоласи ҳокимияти рамзлари, яъни салла (миндил), ридо ва ўйма панжара (шиббак) кабиларни ўз тасарруфига олди. Қурайшга шаҳардан чиқарилиб, Ҳадисада ҳибсга олинган ал-Қоимни назоратда сақлашга рухсат берди. Бироқ, вазир Ибн ал-Муслимани топширишни буюрди. Вазирни кўчалар бўйлаб сазойи қилиб, 1059-йил 16-февралда қатл эттирди[2].

Ал-Басасирий Бағдодни забт этгандан сўнг, Восит ва Басрани ҳам қўлга киритди. Бироқ, Хузистонга қилган юриши мувафаққияцизликка учради[2]. Хузистон ҳукмдори Ҳазорасп ибн Банкир Дубайсдан ал-Басасирий билан ўртада воситачилик қилишни сўради. Ал-Басасирийга ўлпон тўлашни таклиф қилди. Бироқ, ал-Басасирий таклифни рад этиб, хутба ва тангаларда Фотимийлар халифаси номини акс эттиришни талаб қилди. Ҳазорасп ҳам талабни рад этди. Ал-Басасирий Тўғрулбек қўшинлари яқинлашаётганидан хабар топиши билан сулҳ тузиб, Восит томон чекинишга қарор қилди. 1059-йил 12-сентябр куни шаҳарга етиб келди[6].

1059-йил июлда Тўғрулбек укасини мағлуб этди. Тўғрулбек Бағдод ҳокимиятини хутба ва тангалар ўз номида бўлиши ҳамда Аббосий халифа қайта тикланиши шарти билан ал-Басасирийда қолдиришга рози бўлди. Ал-Басасирий халифани салжуқийлардан узоқлаштиришга уриниб кўрди. Бироқ, ал-Қоим бунга рози бўлмади. Қурайш ал-Басасирийни Тўғрулбек ҳокимиятини қабул қилишга кўндирмоқчи бўлиб, рад жавоби олди. Тўғрулбек Бағдодга юриш қилди. Ал-Басасирий 1059-йил 14-декабрда оиласи билан шаҳарни тарк этди. Тўғрулбек ва Аббосий халифа 1060-йил 4-январда шаҳарга кириб келди. Бағдод масжидларидаги хутбаларда Фотимийлар номи қирқ марта тилга олингани айтилади. Бу эса ал-Басасирийнинг Бағдоддаги ҳукмронлиги қирқ жума давом этганини англатади[2].

Ал-Басасирий Куфа сари йўл олиб, Дубайс билан бирлашди. Салжуқийлар отлиқлари уларга етиб олганда, Дубайс қочиб кетди. Ал-Басасирий эса жангга киришишни таклиф қилди. 15-январ куни ал-Басасирий Куфа шаҳри яқинидаги Сакй ал-Фурат деган жойда мағлубиятга учраб, ўлдирилди. Дастлаб ўқ теккан оти ҳалок бўлгач, ал-Басасирийни салжуқийлар вазири ал-Кундурийнинг котиби ўлдирди. Унинг боши Бағдодга келтирилиб, Тўғрубекка топширилди[2][1].

Манбалар

Адабиётлар