Al-Hamadoniy
Ал-Ҳамадоний (969-1007). Ўзининг қисқа ҳаёти мобайнида Бадиуззамон Эроннинг кўплаб вилоятларига саёҳат қилган, Ўрта Осиёда бўлган. У ҳамма жойда ўзининг кўплаб рисолаларида ўз замонининг мураккаб „ранг-баранг“ услубини ниҳоятда мукаммал эгаллаганлигини кўрсатган услубчи тилшунос сифатида шуҳрат қозонганаран шоирдир.
Ҳаёти ва Ижоди
Нишопурда у турли хил услубий усуллар ёрдамида мушоирада машҳур тилшунос ва адиб Абу Бакр ал-Хоразмийни енга олгани ма’лум. Лекин Бадиуззумонга шуҳратни унинг илмий асарлари эмас, балки кўплаб ше’рий киритмалари бўлган баландпарвоз қофияли насрда ёзилган қисқа ҳикоялари – мақомалари келтирган. Қадимги араблар „мақом“ ёки „мақома“ сўзи орқали қабила тўпланадиган жойни ифодалаганлар. Кейинчалик бу атама билан нафақат тўпланиш жойи, балки одамлар мажлиси, сўнгра эса ушбу мажлисда олиб бориладиган суҳбатлар ҳам ифодаланадиган бўлган. Ислом тарқалаётган даврда халифалар ва уларнинг яқинлари доирасида олиб бориладиган насиҳат хусусиятига эга бўлган суҳбатлар ҳам мақома деб аталган. Вақт ўтиши билан суҳбатларнинг хусусияти ўзгарган. Шаҳарлар ривожлангани сайин араб тили ва шеърияти билан қизиқувчи одамлар доираси кенгайиб борган ҳамда олим-шоир ўзининг адабий қобилияти ва тилшунослик соҳасидаги билимларини намойиш этиши мумкин бўлган адабий тўгараклар борган сари кўпайган. Тахминан Х асрдан бошлаб „мақома“ атамаси услуб бўйича нафис, жимжимадор, латифаларни ифодалаш учун қўллана бошлаган. „Мақома“ сўзи маъносининг тадрижий ривожланиши ушбу жанр гўзал сўз ишқибозларининг адабий суҳбатларида юзага келган ҳамда дастлаб оғзаки ҳикоя кўринишида мавжуд бўлганидан далолат беради. Фақат кейинроқ, афтидан ал-Ҳамадоний ижодида, у тўлиқ адабий шаклга кирган. Янги жанр асосан маълумотли шаҳарликлар ва феодал „зиёлилар“ орасида ёйилган ҳамда жуда ўзига хос шаклда шаҳар табақаларининг мамлакатда ҳукмронлик қилаётган мустабидлик ва феодал анархияга қарши норозилигини акс эттирган. Халифаликдаги ҳаёт шароити, айниқса ХИ асрдан бошлаб, маълумотли инсоннинг адабий фаолияти учун қулай бўлмаган. Адибнинг меҳнат бозори борган сари торайган. Халифаликнинг айрим вилоятларида ҳокимиятни қўлга олган араб бўлмаган ҳукмдорлар араб адабиётига бефарқ бўлганлар ва унинг ривожланишини қўллаб-қувватламаганлар. Борган сари кучайиб бораётган диний тоқацизлик ҳам адибнинг имкониятларини чеклаган. Бундай шароитда у пул топиш мақсадида шаҳардан шаҳарга саёҳат қилган, ўз асарлари ва бадиий бадиҳагойлиги билан бой ҳомийлар бошчилик қиладиган адабий тўгаракларда, шунингдек шаҳар бозорлари, қаҳвахоналари ва шу кабиларда сўзга чиққанлар. Маълумотли дайдиларнинг ушбу типи мақомаларда мустаҳкамлаб қўйилган.
Ҳамадоний ижодида мақомаларнинг ўрни
Бизгача етиб келган мақомаларнинг дастлабкилари, муаллифнинг эътирофича, 400 га яқин мақома яратган ал-Ҳамадонийнинг қаламига мансуб бўлиб, уларнинг атиги 51 таси сақланиб қолган. Ал-Ҳамадоний мақомаларининг бош қаҳрамони сифатида эпчил, тадбиркор ва айни вақтда беғам адиб Абул Фатҳ ал-Искандарий қатнашади. У ҳикоядан ҳикояга ўтган сари ўз касбини ўзгартиради ва яшаш учун маблағни ҳийла, баъзан эса фирибгарлик билан топади. Ал-Ҳамадоний мақомаларида ҳикоя савдогар Исо Ибн Ҳошим номидан юритилади. Уни савдо ишлари ва тақдир халифаликнинг турли шаҳарларига ташлайди. У „Шеърий мақома“ асарида ўзи ҳақида шундай дейди: "Тақдир мени Журжоннинг энг узоқ қисмига тушмагунимча бир жойдан иккинчи жойга ташлайверди. Мен тақдирга бардош бердим: ер сотиб олдим, унга қаттиқ ишлов бердим; савдо учун зарур моллар сотиб олдим, савдогарларининг асосий жойларига айланган дўконга эга бўлдим, дўстлар орттирдим. Уйимга фақат тонг ва тунни ажратдим, дўконга эса қолган барча вақтимни. Ироқ, Эрон ёки Кавказнинг қайси шаҳрида бўлмасин, Исо ибн Ҳошим Абул Фатҳнинг навбатдаги қилмишларига тасодифан гувоҳ бўлиб қолади, уни танийди ва фош қилади. Бироз вақт савдогар ана шу танишини йўқотади ва кейинги ҳикояда у билан яна учрашади. Мақомлар ўртасида сюжет бирлиги йўқ. Уларни ҳар бир ҳикояда муқаррар пайдо бўладиган ва китобхонни навбатдаги найранги билан қойил қолдирадиган қаҳрамон бирлаштиради. Ҳар бир ҳикояда Абул Фатҳ янги қиёфада намоён бўлади: у мўминларни Византияликларга қарши курашга даъват этувчи нотиқ, гоҳ ўликларни тирилтириш ва йўқолган нарсаларни топиш қўлидан келишига ишонтирадиган кўзбойлағич, гоҳ қашшоқ тиламчи, гоҳ бозорда қоғоз ёзувчи, гоҳ имом, гоҳ ниҳоят бу дунё неъматларидан тийилишга чақирувчи дарвеш сифатида намоён бўлади. Грим ва кийим-боши Абул Фатҳни таниб бўлмас даражада ўзгартиради ҳамда фақат қойил қоларли даражадаги эпчиллиги ва ажойиб адабий истеъдоди Исо ибн Ҳошимга уни фош этиш имконини беради. Маълум енгилтаклигига қарамай, мақомаларнинг бош қаҳрамони — Абул Фатҳ ўз ҳолатини етарлича ҳушёр баҳолайди ҳамда ҳаёт тарзини жамиятдаги аҳвол билан оқлайди. „Пасткашлик ва шармандаликдан қўрқма, — дейди у мақомалардан бирида, — зеро сени шунга мажбур қилган замон сендан ҳам ёмондир. Агар унинг тубанлигига қарши курашадиган бўлсанг, уни енгмайсан. Фарзанд ўз отасидан донороқ бўлишга мажбур эмас“[1]. Абул Фатҳнинг яшаш учун курашдаги ихтирочилиги чексиз. У барча нотиқлик ва артистлик қобилиятларини ишга солади, керак бўлса ўз тингловчиларини йиғлатади ёки қўрқитади, ниҳоятда кучли ақл-фаросати билан ҳайрон қолдиради ёки чексиз мақтанчоқлиги билан алдай олади. Абул Фатҳнинг ҳаётдаги шиори бўлиб унинг қуйидаги сўзлари хизмат қилади: „Одамлар орасидаги ҳаётинг батамом ҳийла ва найрангга бағишлансин. Бахт ҳеч қачон доимий бўлмайди ва мен ҳам унга тақлид қилишга ҳаракат қиламан… Мен — буқаламунман, доимо рангимни ўзгартириб юраман. Мен ўз исмим ва шажарамни ўзгартириб, вақтга мослашаман, бугун кечқурун набатийга, эртага тонгда эса ҳақиқий арабга айланаман“. Гарчи Абул Фатҳнинг найранглари ҳар доим ҳам кутилган натижа бермаса ҳам қувноқ қашшоқ кўнглини чўктирмайди. Ҳар қандай вазиятда у тийрак ва ҳаётдан мамнун бўлиб қолаверади. „Тақдир, — дейди у, — ёлғончи рўё. У қандай айланса, сен ҳам шундай айланиб-ўргил“. „Гоҳ тақдир менга ёмонлик қилади, гоҳ менинг тийраклигим уни енгишимга ёрдам беради“[2]. Ал-Ҳамадонийнинг мақомалари одатда панд-насиҳат хусусиятларига эга бўлиб, уларда муаллифнинг китобхонни кулдириш, қашшоқлар ва дайдиларнинг ғаройиб ишларидан ёки қаҳрамоннинг шоирлик маҳоратидан далолат берувчи қандайдир кулгили воқеа билан завқлантиришга аниқ интилаётгани сезилиб туради. Ал-Ҳамадонийнинг мақомалари мазмунан бир хил эмас. Уларда Бағдод ҳаётидан жанрга оид саҳналар келтирилади, бошқалари, уларда шоир Зур Румма ёки сиёсий арбоб Сайф уд-Давла сингари қаҳрамонлар келтирилгани боис, тарихий ҳикоя кўринишига эга. Айрим мақомалар мураккаб, кўп босқичли тузилишга эга (масалан, „шер ҳақидаги мақома“), айни вақтда бошқаларига фақат қизиқарли воқеа асос қилиб олинган. Услубий жиҳатдан олганда, ал-Ҳамадоний мақомалари халифаликдаги маълумотли одамларнинг адабий дидларига мос келган. Улар қофияли насрда ёзилган бўлиб, араб риторикасининг мураккаб фигуралари билан ниҳоятда тўлдирган. Бу эса уларни фақат тор даражадаги адабиёт билимдонлари учунгина тушунарли қилган.
Манбалар
• "Мумтоз араб адабиёти" Мухлиса Зиёвуддинова Тошкент-2012