Абу Муҳаммад ал-Ҳасан ибн Солиҳ ар-Рузабарий халифа аз-Зоҳир ҳукмронлиги даврида, 1024—1027-йилларда Фотимийлар халифалиги вазири бўлган.

ал-Ҳасан ибн Солиҳ ар-Рузабарий
الحسن بن صالح الرُّضْبَارِي
Фотимийлар халифалиги вазири
Мансаб даври
1024 – 1027
Ўтмишдоши Шамсулмулк Абулфатҳ Тоҳир ибн Ваззан
Вориси Али ал-Жаржараий
Машҳур ишлари Фаластинда назоратни қайта тиклаш мақсадида ҳарбий ноиб Ануштакин ад-Дизбарийни лавозимига тиклаган

Насл-насаби

Ар-Рузабарийнинг шахсияти номаълум бўлиб, бу ҳақида лавозимда бўлган давридаги асосий манбалардан бири ҳисобланган ал-Мусаббиҳий асарларида ҳам тилга олинмаган. Бошқа бир замондош солномачи эса уни отаси билан чалкаштирган. Ар-Рузабарий форс оилага мансуб бўлган. Оила аъзолари Ихшидийлар ҳукмронлиги даврида Мисрда сиёсий ва ҳарбий лавозимларда хизмат қилган бўлиб, оиланинг мазкур фаолияти Фотимийлар даврида ҳам давом этган. Оиланинг кўплаб вакиллари солномачи бўлишган. Отаси Абулфадоил Солиҳ ибн Али Суриянинг шимолий қисмида Фотимий ҳоким Манжутакин қўл остида ҳарбий лавозимда хизмат қилган[1]. Отаси восита лавозимига тайинланган эди. Бу мансаб вазир лавозимидан қуйироқ бўлиб, халифа билан девон ўртасида воситачиликни назарда тутар эди. 1009-йилда халифа ал-Ҳаким (ҳ. 996–1021) буйруғи билан қатл этилган[2].

Фаолияти

Ар-Рузабарий халифа ал-Азиз ҳукмронлиги даврида (ҳ. 975–996) Фаластин пойтахти Рамла шаҳри маъмури вазифасини бажарган. Ал-Ҳаким даврида Дамашқ ҳокими лавозимида ишлаган. Сўнгра девон ал-жайш (қўшинни рўйхатга олиш) раҳбари этиб тайинланган[3].

1024-йилда халифа аз-Зоҳир (ҳ. 1021–1036) даврида ва девоннинг умумий раҳбарлиги остида ар-Рузабарий вазир Шамсулмулк Абулфатҳ Тоҳир ибн Ваззаннинг ўрнига тайинланган[1]. Бу лавозимга тайинланган вақтда кекса ёшда бўлиб, катта маъмурий тажриба ва маҳоратга эга эди. Солномачи Ибн ас-Сайрафийнинг ёзишича, аз-Зоҳир ар-Рузабарийга нисбатан қўпол муносабатда бўлган. Унинг ёши ва кексалигини инобатга олмаган. Уни лавозимидан бўшатиб, сўнг яна қайта тайинлаган[3]. Ар-Рузабарий лавозимдаги фаолияти давомида Фаластинни бадавий жарроҳийлар босиб олганидан сўнг, ҳарбий ноиб Ануштакин ад-Дизбарийни чақириб олган[4]. Ар-Рузабарийни халифа 1027-йилда лавозимидан бўшатиб, ўрнига Али ал-Жаражараийни тайинлаган[5].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 Бианқуис 1989, с. 460.
  2. ↑ Бретт 2017, с. 138.
  3. ↑ 3,0 3,1 Ал-Имад 1990, с. 179.
  4. ↑ Лев 2003, с. 51.
  5. ↑ Бретт 2017, с. 160.

Адабиётлар

Олдингиси Фотимийлар халифалиги вазири
1024—1027
Кейингиси