Ал-Абдарий, Абу Муҳаммад ал-Ҳоҳий (арабча: العبدري، أبو محمد الحاحي‎‎ – Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Али ибн Аҳмад ибн Мас’уд Абу Абдуллоҳ (Абу Муҳаммад) ал-Абдарий ал-Ҳоҳий) – саёҳатчи, тарихчи, қози ва фақиҳ.

Ал-Ҳоҳий
Шахсий маълумотлар
Таваллуди милодий 1246-йил (ҳижрий 643-йил)
Вафоти милодий 1300-йил (ҳижрий 700-йил)
Марокаш
Дини Ислом
Танилган соҳаси саёҳатчи, тарихчи, қози ва фақиҳ

Ҳаёти

Абу Муҳаммаднинг ал-Ҳоҳий нисбаси Мағрибнинг Сувайра шаҳридан 60 км узоқликда жойлашган Ҳоҳо шаҳрига нисбатан айтилган. Ал-Абдарий нисбаси Қурайш қабиласидан Бани Абдуддор ибн Қусай ибн Килобга бориб тақалади. У Марокашда қозидан таълим олган. Машҳур шоир ва танқидчи адиб бўлиб танилган.

Абу Муҳаммад ал-Ҳоҳий ҳаж қилиш мақсадида ҳижрий 688-йилда (милодий 1289) укаси Яҳё билан саёҳатга чиқади. У сафарини Шимолий Африка орқали Мағрибнинг Тилмисон шаҳридан бошлайди. Сўнг, Жазоир, Тунис ва Триполида бўлади. Шунингдек, Искандария ва Қоҳирадан ўтиб, Уқба (Иорданиянинг жанубидаги шаҳар)га ва карвон билан бирга Ҳижозга кириб боради. У ердан Макка ва Мадинага жўнайди. Сафар ниҳоясида Фаластин орқали ўз юртига қайтади. Қуддусда беш кун бўлиб, Бадруддин ибн Жамоанинг илмий мажлисларида қатнашади. Бир муддат Искандарияда бўлганидан сўнг, Мағрибдаги ўз шаҳрига қайтади.

Абу Муҳаммад ал-Ҳоҳий мазкур сафари даврида бир қатор олимлар билан учрашиб, илмий мажлисларда иштирок этган. У Муҳаммад ибн Солиҳ ал-Киноний аш-Шотибийдан Абу Амр ад-Донийнинг „Ал-Муватто“, „Ат-Тайсӣр“ ва „Ал-Муқаннаъ“ асарларидан, Ҳасан ибн Муҳаммад ат-Тиб­лийдан (Тунисда) Ибн Асфур аш-Шиб­лийнинг „Ал-Муқарраб фи-н-наҳв“ китобидан, Абу Жаъфар ал-Лублийдан (Тунисда) Абу Амр ад-Донийнинг „Ал-Муватто“, „Жāми’ ат-Тирмизӣ“ ва „Қасӣда аш-Шāтибӣ фи-л-қирāат“ китобидан, Абу Абдуллоҳ ибн Ҳурайрадан „Вафайāт ал-машāҳӣр“ китобидан, Абу-л-Аббос ал-Ғаммоздан (Тунисда) „Жāми’ ал-Бухāрӣ“, „Ал-Муватто“, „Саҳӣҳ Муслим“, „Сунан Абӯ Дāвуд“ ва „Жāми’ ат-Тирмизӣ“ асарларидан таълим олган. Абдуссалом ибн Муҳаммад ал-Басрий ас-Самардан Мадинада бир қанча ҳадис эшитиб, омма ижозасига эришган.

Асари

Абу Муҳаммад ал-Ҳоҳийнинг „Ар-Риҳла“ („Сафарнома“) асарида текисликлар, тоғлар, дарё ва денгизлар, ёввойи ҳаёт саҳналари, шаҳар ва ёдгорликларнинг тавсифи, Искандария маёғи, Миср эҳромлари ва Қуббатус-саҳро каби жойлар ҳақида маълумотлар келтирилган. Шунингдек, у асарда иқтисодий, ижтимоий ва илмий шароитларни  ҳам тасвирлаган. Ўша давр машҳур олимларини тилга олган. Шулар қатори, ўз ҳиссиётларини шеърлари орқали билдирган.

Ғарблик шарқшунослар, жумладан, франсуз шарқшуноси Шербуно „Ар-Риҳла“ асари маълумотларга бой манба эканини эътироф этган.

Абу Муҳаммад ал-Ҳоҳийнинг „Ар-Риҳла“ асарининг қўлёзма нусхаси Мисрнинг „Дор ал-кутуб ал-Мисрийя“ кутубхонасида 2218 рақам остида сақланади. Шунинг­дек, мазкур асар 1968-йилда Марокашдаги Муҳаммад ал-Хомис университетида Муҳаммад ал-Фосий томонидан тадқиқ этилиб, нашр этилган[1].

Адабиётлар

  • Аз-Зириклий. Ал-Аълāм. ВИИ, 32;
  • Абдулҳай ал-Каттоний. Фиҳрис ал-фаҳāрис. – Байрут: „Дор ал-ғарб ал-исломий“, 1982. ИИ, 809;
  • Каҳҳола. Му’жам ал-муаллифӣн. – Дамашқ: 1957-61. ХИ, 244;
  • Ниҳад М. Çэтин. „Абдерî, Эбû Муҳаммед“. ТДВ İА. – İстанбул: 1988. И, 67-68;
  • Муҳ. Бен Ченеб-W. Ҳоэнербач. „ал-Абдари“. ЭИ2 (Инг.). И, 96.

Манбалар

  1. ↑ Ислом энциклопедияси (ўзбекча,), 2020-йил. ИСБН 978-9943-59-267-4.