Ал-Амир ал-Мухтор Изз ал-Мулк Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Абулқосим Убайдуллоҳ ивн Аҳмад ибн Исмоил ибн Абдулазиз ал-Ҳарраний ал-Мусаббиҳий ал-Котиб ёки оддийгина ал-Мусаббиҳий (арабча: المصبحي‎‎) (977-йил 4-март — 1030-йил апрел/май) сунний Фотимий тарихчи, ёзувчи ва маъмурий амалдор. Тарих, психология, ҳуқуқ, грамматика, сексология ва пазандачилик каби турли мавзуларга бағишланган 40 000 саҳифали қўлёзмалар муаллифи экани маълум. Миср тарихи ва янгиликларининг йилномаси бўлган Ахбор Миср ал-Мусаббиҳийнинг машҳур асарларидан бири эди. Бироқ, ал-Мусаббиҳийнинг кўплаб асарлари қатори Ахбор Мисрнинг ҳам фақат айрим қисмларигина бизгача етиб келган. Ал-Мусаббиҳийнинг кўплаб ёзувлари вафотидан кўп ўтмай йўқолиб кетган.

Ал-Мусаббиҳий Фустатда туғилган, умрининг аксарият қисмини шу шаҳарда ўтказган ва шу ерда вафот этган тақводор сунний мусулмон бўлган. Фотимийлар ҳукуматига содиқлиги билан ажралиб турган ҳамда халифа [[Абу Али ал-Мансур|ал-Ҳаким (ҳ. 996–1021) билан яқин дўст бўлган. Касбий фаолиятининг бошида Фотимийлар қўшинида хизмат қилган ва Қоҳирадаги Фотимийлар марказий бошқаруви етакчи аъзосига айлангунга қадар Юқори Миср вилояти ҳокими вазифасини бажарган.

Ҳаёти

Ал-Мусаббиҳий 977-йил 4-мартда Мисрнинг Фустат шаҳрида сунний оилада туғилган[1]. Оиласи асли Жазиранинг Ҳаррон ҳудудидан бўлган[1]. Ал-Мусаббиҳий маҳаллий сунний фуқаролар учун ноодатий тарзда Фотимийлар қўшинида хизмат қилган. Юқори Мисрдаги ал-Қайс ва Баҳнаса ҳудудларига ҳоким этиб таийнланган амда амир унвонига сазовор бўлган[1]. Кейинчалик марказий маъмуриятнинг бош котиби лавозимига тенглаштирилган девон ат-тартиб бошлиғи этиб тайинланди[2]. Ал-Мусаббиҳий ҳар куни Фустатдан Қоҳирадаги ҳукумат биносига борар, кўп кечаларда эса тарихий Амр ибн ал-Ос масжидига тўхтаб ўтарди. Масжидда ўзи ва отасининг дўстлари билан мулоқот қилган. Бу дўстларнинг аксарияти суриялик мусулмон анъаначилар эди[3]. Суннийлик ақидаларига содиқ бўлишига қарамай, ал-Мусаббиҳий Исмоилий Фотимийлар давлатига содиқ бўлган. Янада ғалати томони халифа ал-Ҳаким (ҳ. 996–1021) билан яқин муносабатда бўлган[3]. Халифа ал-Ҳакимнинг Фустат аҳолиси билан тил топиша олгани маълум[3]. Ал-Мусаббиҳий 1030-йил апрел/майда Фустатда вафот этган[3].

Асарлари

Ал-Мусаббиҳий турли мавзуларда кўплаб қўлёзмалар яратган сермаҳсул ёзувчи бўлган. Жумладан, тарих, руҳшунослик, жинсий ҳаёт илми, ҳуқуқшунослик, тилшунослик ва ошпазлик каби соҳаларда асарлар битган[3]. Сўнгги ўрта асрлар тарихчилари Ибн Халликон ва Ибн Саид ал-Андалусий ал-Мусаббиҳийнинг асарларини ва ҳар бир асардаги саҳифалар сонини батафсил ҳужжатлаштирганлар. Ал-Мусаббиҳийнинг жами асарлари тахминан 40 000 саҳифани ташкил этган бўлиб, айрим асарлари мингдан ортиқ саҳифадан иборат эди[3]. Бироқ, вафотидан кўп ўтмай, асарларининг аксарияти йўқ бўлиб кетган[3].

Миср тарихи

Ал-Мусаббиҳийнинг асосий асарлари орасида Миср тарихига оид тахминан 13 000 саҳифадан иборат Ахбори Миср номли солнома алоҳида ўрин эгаллайди[3]. Ал-Мусаббиҳийнинг бошқа асарлари қатори Ахбори Мисрнинг ҳам кўп қисми аввалги даврларда йўқолиб кетган. Фақатгина бошқа тарихчиларнинг асарларида ушбу асардан кўчирилган иқтибосларгина сақланиб қолган[3]. Ахбор Мисрнинг бизгача етиб келган ягона қўлёзмаси 40-боби бўлиб, Испаниядаги Эскориал кутубхонасида сақланмоқда[3]. Ал-Мусаббиҳий асарининг бу қисмида 1023/24 ва 1024/25-йиллар оралиғида халифаликда рўй берган воқеалар ёритилган бўлиб, унда шунингдек, ал-Мусаббиҳий билан яқиндан таниш бўлган бошқа адибларнинг шеърлари ва мактублари ҳам ўз аксини топган[3]. Тҳиэррй Бианқуис таъкидлашича, ушбу қўлёзма 11-аср бошларида Миср ва Ироқда ёзилган замонавий адабий асарлар, нафис наср ва шеърият намуналари ҳақида тасаввур ҳосил қилиш имконини беради[3]. Замонавий Миср тарихшуноси Айман Фуад Саййиднинг таъкидлашича, ХВ аср Миср тарихчиси ал-Мақризий Ахбори Миср асарининг 34-бобини ўз қўлида сақлаган экан. Ушбу бобда 1004/5-йилда содир бўлган воқеалар қайд этилган бўлган[3].

Ахбори Миср ал-Мусаббиҳий қаламига мансуб замонавий асар бўлиб, унда Фотимийлар халифалигидаги кундалик воқеалар қайд этилган. Ҳар йил охирида таниқли шахсларнинг вафот этгани ҳақидаги маълумотларни ҳам ёзиб қолдирган[3]. Қоҳирада маъмурий амалдор бўлган ал-Мусаббиҳий ал-Ҳакимнинг вафотидан кейинги ҳокимият учун шафқациз курашни ҳам ҳужжатлаштирган. Бу кураш турли ҳарбий қўмондонлар ва фуқаровий амалдорлар ўртасида кечган бўлиб, улар бир-бирларини ал-Ҳакимнинг ёш вориси аз-Зоҳир (ҳ. 1021–1036) олдида обрўсизлантириш учун хабарчилардан фойдаланганлар ва сохта ҳужжатлар тайёрлаганлар[3]. Ал-Мусаббиҳий Ситт ал-Мулкнинг яқинлар аз-Зоҳир билан тил бириктириб, фитна уюштирганидан шубҳа билдирган[3]. Бианқуиснинг фикрича, „ал-Ҳаким вафотидан сўнг, расмий тарихшунослик устидан назорат ўрнатилган бўлиши ва маълум миқдордаги матнлар, жумладан ал-Мусаббиҳийнинг асарлари, йўқ қилинган бўлиши эҳтимолдан холи эмас“[3]. Ал-Мусаббиҳий ўз китобига 1024/25-йилда Сурияда Фотимийларга қарши кўтарилган қўзғолон ҳақидаги маълумотларни ҳам киритган. Бу қўзғолон натижасида Мирдосийлар ва Жарроҳийлар ҳокимиятни қўлга киритган эдилар[3]. Бундан ташқари, Ахбори Мисрда Фустатдаги кундалик ҳаётнинг турли жиҳатлари қайд этилган. Бу маълумотлар йўл-транспорт ҳодисалари ва жиноятлардан тортиб, очарчилик пайтида товарларнинг улгуржи ва чакан нархларигача, ҳатто Нил дарёсида сузиб юрган бегемотларгача бўлган воқеаларни ўз ичига олади[4].

Манбалар

  1. ↑ 1,0 1,1 1,2 Бианқуис 1993, п. 650.
  2. ↑ Бианқуис 1993, п. 650–651.
  3. ↑ 3,00 3,01 3,02 3,03 3,04 3,05 3,06 3,07 3,08 3,09 3,10 3,11 3,12 3,13 3,14 3,15 3,16 3,17 Бианқуис 1993, п. 651.
  4. ↑ Бианқуис 1993, пп. 651–652.

Адабиётлар