Абулқосим Абдуллоҳ ибн Али (арабча: أبو القاسم عبد الله بن علي‎‎) (908—949-йил сентябр/октябр), ал-Мустакфий биллоҳ (арабча: المستكفي بالله‎‎[1]) ҳукмдорлик номи билан машҳур, 944—946-йилларда ҳукмронлик қилган Бағдоддаги Аббосий халифа.

ал-Мустакфий биллоҳ
المستكفي بالله
Халифа
Мўминлар амири

ал-Мустакфийнинг кумуш дирҳами (945-йил)
Аббосийлар халифалигининг 22-халифаси
Салтанат 944-йил сентябр — 946-йил 29-январ (ёки 9-март)
Ўтмишдоши ал-Муттақий
Давомчиси ал-Мутий
Туғилиши 908-йил 11-ноябр
Бағдод, Аббосийлар халифалиги
Вафоти 949-йил сентябр
Бағдод, Ироқдаги Бувайҳийлар амирлиги
Фарзандлари Муҳаммад ибн ал-Мустакфий
Тўлиқ номи
Абулқосим Абдуллоҳ ибн Али ал-Муктафий ал-Мустакфий биллоҳ
Сулола Аббосийлар
Отаси ал-Муктафий
Онаси Ғусн
Дини Ислом (Суннийлик)

Ал-Мустакфий халифа ал-Муктафийнинг кенжа ўғли бўлиб, шунинг учун ҳам Аббосийлар халифалиги деярли қулаб, халифалр ўзаро рақиб саркардалар қўлидаги қўғирчоққа айланиб қолган давр, 908—944-йилларда ҳукмронлик қилган халифа ал-Муқтадир авлодига рақиб бўлган. Ал-Мустакфийни тахтга аввалги халифа ал-Муттақийни тахтдан ағдариб, кўр қилган турк саркардаси Тузун чиқарган. Ал-Мустакфий 945-йил августида Тузуннинг ўлимидан сўнг пайдо бўлган ҳокимият бўшлиғи шароитида шиаларга қарши чоралар кўриб, ҳаракат эркинлигининг бир қисмини қайта тиклашга ҳаракат қилган. Бироқ худди шу бўшлиқ бувайҳийларга Бағдодни эгаллаш имконини берган. Ал-Мустакфий бувайҳийларни қонуний ҳукмдорлар деб тан олиб, уларга шоҳлик унвонларини беришга мажбур бўлган. Бироқ, тез орада уларга қарши фитна уюштирганликда айбланиб, 946-йилнинг январида (ёки мартида) тахтдан четлатилган. Ҳаётининг сўнгги йилларини қамоқда ўтказган. Ўғлининг тах. 968-йилда халифаликка даъво қилиш учун уриниши мувафаққияциз якунланган.

Биографияси

Ёшлик даври ва характери

Ал-Мустакфий 908-йил 11-ноябрда[2] халифа ал-Муктафий (ҳ. 902–908) ва юнон канизак Ғусндан туғилган[3]. Солномачилар спорт ва ўйинларни яхши кўрадиган, набидга (аччиқ ичимликлар) ихлос қўйган деб таърифлашган. Айтишларича, шиаларга хайрихоҳ бўлган ва Бағдод айёрлари (шаҳар дайдилари ва жангчилари) билан яқин алоқада бўлган[3]. Унинг айёрунлар билан алоқаси, „қўпол“ ўйинларда қатнашиши жамиятнинг тақводор қатламларини ҳақорат қилиш ҳисобланган[4].

Келиб чиқиши: Аббосийлар халифалигининг таназзулга учраши

Ироқнинг 9—10-асрлардаги харитаси

930-йилларга келиб, бир вақтлар қудратли бўлган Аббосийлар халифалиги таназзулга юз тутган. Маҳаллий сулолалар таъсирига ўтаётган мамлакатнинг чекка вилоятлари молиявий аҳвол ёмонлиги сабабли саркардаларга бой берилган. Жумладан, Мосулда ҳамдонийлар, Басрада баридийлар, ғарбий Эронда бувайҳийлар каби турли кучлар мамлакатнинг турли қисмларини эгаллаб олган. Турли кучлар халифалик пойтахти Бағдодни назорат қилиш ва Аббосийлар ҳукумати устидан назоратни амалда ўз зиммасига олган амир ул-умаро унвони учун рақобатлашган[5][6]. Шу билан бирга, ҳукмрон Аббосийлар сулоласининг ўзи ҳам бир томондан ал-Муктафий авлодлари, иккинчи томондан унинг укаси ва вориси ал-Муқтадир (ҳ. 908–932) авлодлари ўртасидаги рақобат ва жанжалларга дучор бўлган. Ал-Муқтадирнинг ўғли ар-Радий (ҳ. 934–940) даврида ал-Муктафийнинг учта ўғли қатл этилган ёки қамоққа ташланган. Халифанинг ўзи эса икки укаси ва гаровда ушлаб турилган Аббосий шаҳзодалар туфайли қийинчиликларга дуч келган[7].

Ар-Радийнинг укаси ал-Муттақийни (ҳ. 940–944) эса амир ул-умаро Бажкам тахтга чиқарган. Халифа ўз идораси мустақиллиги ва обрў-эътиборини тиклаш учун минтақа қўмондонларининг рақобатидан фойдаланишга уринган, аммо уринишлари муваффақияцизликка учраб, 944-йил сентябрда амир ул-умаро Тузун томонидан тахтдан ағдарилиб, кўр қилинган[8][9]. 11-аср тарихчиси ал-Хатиб ал-Бағдодийга кўра, бу мисли кўрилмаган иш халифа ҳокимиятининг якуний қулаши бўлган[10]. Ал-Муттақий ўрнига 36 ёшли ал-Мустакфий тахтга ўтирган[3].

Ал-Мустакфий халифалиги

Ал-Мустакфийнинг тахтга ўтириши 36 йилдан сўнг ал-Муктафий наслининг тахтга қайта тикланишини англатиб, янги халифа бошиданоқ атайлаб отасига ишора қилган. Танланган ҳукмдорлик исми атайин ал-Муктафий номини акс эттириб, халифа Бағдодга киришда отасининг тантанали бош кийимини (қалансува) кийгани айтилади[11]. Бу воқеа ва ўғли Абулҳасан Муҳаммаднинг тезда меросхўр этиб тайинланиши ал-Мустакфий отасининг муваффақиятли ҳукмронлигига ишонч билан тақлид қилмоқчи бўлганини кўрсатади[12]. Бироқ, аслида янги халифа туркий қўшинлар қўғирчоғи бўлиб, ҳукмронлиги бошидаёқ хазина бўшаб қолган ва натижада пайдо бўлган тартибсизлик ва қашшоқлик ҳатто Бағдодга ҳам таҳдид сола бошлаган[3]. Бу давр халифалари ихтиёрида қолган ягона сиёсий маневр эркинлиги қайси саркарда билан иттифоқ тузишни танлаш бўлган. Ҳарбий қўмондонлар учун халифа қонунийлик манбаи бўлиб, зукко халифа ўзидан олдингилар вазирларни ўзгартирганидек, турли саркардалар ўртасида рақобатдан ўз мавқеини мустаҳкамлашда фойдаланиши мумкин бўлган[13].

Шу билан бирга, ал-Мустакфий ал-Муқтадирнинг қолган ўғилларининг каттаси ва олдинги икки халифанинг акаси ал-Муттақий ва ар-Радий ал-Фадл каби потенциал рақибларини таъқиб қилган. Ёш шаҳзодалар ал-Мустакфий ва ал-Фадл Тоҳирий саройида яшаганларидаёқ бир-бирларидан нафратланишган. Ал-Мустакфий тахтга ўтиргач, ал-Фадл эҳтиёткорлик билан яширинган. Қасоскор ал-Мустакфий унинг уйини ёқиб юборган[4][3][14]. Бағдоддаги янги тузумга Басра баридийлари билан иттифоқ тузган бувайҳийлар шарқ ва жанубдан таҳдид солар эди[3][15]. Бувайҳийларнинг 944-йил баҳорида Воситни эгаллашга уриниши ҳам, 944-йил ёзида Тузун шимолда банд бўлган вақтда Бағдодга бостириб кириши ҳам муваффақияцизликка учраган. 945-йил баҳорида бувайҳийлар Воситни эгаллашга муваффақ бўлса-да, Тузун Ҳамдонийлар билан сулҳ тузгач, чекинишга мажбур бўлишган[16].

Тузун Бағдод устидан назоратни сақлаб қолиш учун турли рақибларга қарши тура олган. Бироқ, у 945-йил августида вафот этиб, унинг ўрнига қўшинлар билан бир хил ҳокимиятга эга бўлмаган котиби Ибн Ширзод келган[3][17][18]. Ибн Ширзоднинг заифлигидан халифа тезда фойдаланиб, ўзининг ислом етакчилигига бўлган даъвосини кучайтириш учун янги унвон, яъни „Ҳақли Имом“ (Имом ул-Ҳақ) унвонини олган. Шунингдек, халифа шиаларга қарши чоралар кўрган. Жумладан, шиалар етакчиси аш-Шофеийни қамоққа ташлаган. Бузуқ қозилар, жумладан, бош қози Муҳаммад ибн Абу аш-Шаворибни ишдан бўшатган[19].

Ибн Ширзод ўзи назорат қилишни эплай олмаганини сезиб, Мосулдаги Ҳамдоний Носир ад-Давладан ёрдам сўраган[3]. Айнан шу вақтда Восит ҳокими бувайҳийлар раҳбари Аҳмад ибн Буёга таслим бўлиб, Бағдод юришига қўшилган[20]. Йўлбошчисиз қолган пойтахт туркий қўшинлари қаршилик кўрсатишга тайёргарлик кўрмаган. Яшириниб олган Ибн Ширзод ва халифа туркийлар Ҳамдонийларга қўшилиш учун шаҳарни тарк этгач, пайдо бўлдилар. Пойтахтга Аҳмад ибн Буёнинг элчиси етиб келганда, ал-Мустакфий уларнинг келганидан хурсанддек кўринган[21].

Қулаши ва вафоти

Бувайҳий қўшинлари Бағдодга қаршиликсиз кириб келгач, 21-декабрда ал-Мустакфий бувайҳийлар ҳокимиятини тан олишга мажбур бўлган. Аҳмад Муизз уд-Давла (Сулолани шарафлантирувчи) шарафли номини қабул қилган. Шунингдек ака-укалари Ҳасан (Рукн уд-Давла, „Сулола устуни“) ва Али (Имод ад-Давла, „Сулола таянчи“) ҳам шу каби шарафли номлар олишган[3][16][22]. Бувайҳийлар оилавий тизимига кўра, амир ул-умаро унвони Муизз уд-Давлага эмас, балки тўнғич акаси Имод уд-Давлага ўтиб, у бош бувайҳий амири бўлган[23]. Ал-Мустакфий энди бувайҳийлар назорати остида бўлгани сабабли, Ҳамдонийлар уни халифа деб тан олишни дарҳол тўхтатиб, собиқ халифа ал-Муттақийга байъат эълон қилган[24][25].

Хабарларга кўра, Ал-Мустакфийнинг ўзи бувайҳийларнинг Дайламий зобитларидан бир нечаси билан Муизз уд-Давлага қарши ҳаракат қилган. Натижада 946-йил 29-январда (бошқа маълумотларга кўра, 9-мартда) Муизз уд-Давланинг буйруғи билан тахтдан четлатилган[2][26]. Ал-Мустакфий ҳибсга олиниши учун келтирилган сабаб шунчаки баҳона бўлиши ҳам мумкин[26]. Тарихчи Гаролд Боуэн бу ҳаракатни „сиёсий зарурат“ деб атаган. Бу ҳаракат жуда рамзий маънога эга бўлиб, ҳокимият маркази қаерда эканлигини аниқ кўрсатиб берган[14].

Гарчи бувайҳийлар ва уларнинг тарафдорлари шиаларга хайрихоҳ бўлишса-да, Муизз уд-Давла одамлари ўзига эмас, балки халифага бўйсунишидан қўрқиб, шиа халифасини тахтга чиқариб (ёки Исмоилий Фотимий халифаларини тан олиб), таваккал қилмасликни афзал кўрган. Бунинг ўрнига яшириниб юрган ал-Фадл ал-Мутий номи билан халифа этиб тайинланган. Ҳақиқий ҳокимиятга эга бўлмаган янги халифа амалда бувайҳийлар режимига қонунийлик берган қўғирчоқ ҳукмдор бўлган[14]. 946-йил ёзида тинчлик шартномаси тузилганидан кейин Ҳамдонийлар ал-Мутийни халифа деб тан олса-да, шарқда Сомонийлар 955-йилгача ал-Мустакфийни халифа деб тан олишда давом этган[27].

Ал-Мутийнинг қасос ҳаракати туфайли ал-Мустакфийнинг ҳам кўзи кўр қилинган бўлиши мумкин[28]. Собиқ халифа умрининг қолган қисмини халифалик саройида маҳбусликда ўтказиб, 949-йил сентябрда вафот этган[2][26][29]. Ал-Муктафий авлодларининг ал-Мутийдан халифаликни қайтариб олишга уринишлари мувафаққияцизликка учраган. Ал-Мустакфийнинг жиянларидан бири Абу Наср Исъҳоқ 960-йилда Озарбайжонда исён кўтармоқчи бўлган. Ал-Мустажир биллоҳ („Худодан мадад сўраган“) ҳукмронлик номини қабул қилган. Бироқ маҳаллий Мусофирий ҳукмдорлардан мағлубиятга учраган[30]. 967-йилда Муизз уд-Давла вафот этгач, ал-Мустакфийнинг ўғли ва тайинланган меросхўри Абулҳасан Муҳаммад Ироққа келган. Шахсини яшириб, ўзини Маҳдий деб даъво қилган ва кўплаб тарафдорлар тўплашга муваффақ бўлган бўлса-да, охир-оқибат топилиб, қўлга олинган. У қочишга муваффақ бўлган бўлса-да, тахтни эгаллаш умидлари ҳеч қачон амалга ошмаган. Шу тариқа ал-Мустакфий наслидаги халифалик даъволарига ҳам барҳам берилган[30][31].

Манбалар

  1. ↑ Боwен 1928, с. 385.
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 Öзайдин 2006, с. 139.
  3. ↑ 3,0 3,1 3,2 3,3 3,4 3,5 3,6 3,7 3,8 Босwортҳ 1993, с. 723.
  4. ↑ 4,0 4,1 Буссе 2004, с. 25.
  5. ↑ Кеннедй 2004, сс. 191–197.
  6. ↑ Буссе 2004, сс. 17–19.
  7. ↑ Буссе 2004, сс. 20–21.
  8. ↑ Буссе 2004, сс. 21–24.
  9. ↑ Кеннедй 2004, сс. 196, 312.
  10. ↑ Буссе 2004, с. 23.
  11. ↑ Буссе 2004, сс. 23–24.
  12. ↑ Буссе 2004, сс. 24, 29.
  13. ↑ Доноҳуэ 2003, с. 8.
  14. ↑ 14,0 14,1 14,2 Боwен 1928, с. 392.
  15. ↑ Кеннедй 2004, с. 196.
  16. ↑ 16,0 16,1 Буссе 2004, с. 19.
  17. ↑ Буссе 2004, сс. 19, 25.
  18. ↑ Кеннедй 2004, сс. 196, 215.
  19. ↑ Буссе 2004, сс. 25–26.
  20. ↑ Боwен 1928, с. 386.
  21. ↑ Боwен 1928, сс. 386–387.
  22. ↑ Боwен 1928, с. 388.
  23. ↑ Доноҳуэ 2003, сс. 13–14, 18.
  24. ↑ Босwортҳ 1993, сс. 723–724.
  25. ↑ Буссе 2004, с. 27.
  26. ↑ 26,0 26,1 26,2 Босwортҳ 1993, с. 724.
  27. ↑ Буссе 2004, с. 28.
  28. ↑ Буссе 2004, с. 158.
  29. ↑ Буссе 2004, сс. 158–159.
  30. ↑ 30,0 30,1 Буссе 2004, с. 29.
  31. ↑ Доноҳуэ 2003, с. 56.

Адабиётлар

ал-Мустакфий
Таваллуди: 908-йил 11-ноябр Вафоти: 949-йил сентябр
Суннийлик унвонлари
Олдингиси Аббосийлар халифалиги халифаси
944-йил сентябр — 946-йил 29-январ/9-март
Кейингиси