Al-Xayzuran
Ал-Хайзуран бинти Атта (арабча: الخيزران بنت عطاء) – Аббосийлар халифаси Ал-Маҳдийнинг хотини ва икки халифа Ал-Ҳодий ва Ҳорун ар-Рашиднинг онаси. Эри ва ўғиллари ҳукмронлиги даврида 775-йилдан 789-йилгача амалда таъсир кучига эга бўлиб, давлат ишларига улкан таъсири билан танилган.
| Ал-Хайзуран الخيزران | |||||
|---|---|---|---|---|---|
| Аббосий халифанинг хотини | |||||
| Туғилиши | Жораш, ҳозирги Биша яқинида, Саудия Арабистони | ||||
| Вафоти |
789 Мадинат ас-Салом, Бағдод | ||||
| Турмуш ўртоғи | Ал-Маҳдий | ||||
| Фарзандлари | |||||
| |||||
| Отаси | Атта | ||||
| Дини | Ислом | ||||
Расмий равишда ҳукмдор бўлмаса-да, ал-Хайзурон ислом тарихида амалда ҳукмронлик қилган биринчи аёл ва мусулмонлар тарихида номига олтин танга зарб қилинган биринчи аёл бўлди. У эри ва ўғиллари Маҳдий, ал-Ҳодий ва Ҳорун ҳукмронлиги остида ўз даврининг энг қудратли аёлларидан бирига айланди. Маҳдий даврида Хайзуран халифа саройига тез-тез ташриф буюриб, йирик сиёсий ҳокимиятни ҳам қўллаган ва халифа буйруқ беришдан олдин кўп масалаларда Хайзураннинг фикрини ўрганган.
Хайзуран, шунингдек, ўз бюрократияси ва саройига эга бўлган. Аризалар, амалдорлар ва халқнинг тингловларини қабул қилган. Халифаликда амр ва маън қила олган биринчи аёл эди. Давлат хазинасидан мустақил равишда бошқа давлатлар билан кенг савдо алоқалари ўрнатиб, улкан бойликларга эга бўлган. Маҳдий кўп вақтини ов ва кўнгилхушлик билан ўтказган бўлса, Хайзуран саройга таъсир кўрсатиб, халифаликни бошқариш масалаларида ўз уйида йиғилишлар ўтказишга муваффақ бўлган. Эрининг ўлимидан кейин ўғиллари даврида мавқеи ва таъсирини давом эттирди.
Маҳдий бевақт вафот этгач, пойтахт (Бағдод)даги Хайзуран ҳукумат ишларини ўз қўлига олган эди. Халифанинг ўлимини яшириб, армия зобитларининг маошларини тўлаб, янги халифа бўладиган ўғли ал-Ҳодий учун аскарларнинг байъат қилишини таъминлади. Ҳодий халифалик ҳокимиятини бўлишиш ва онасини шерик қилишга қарши чиқди. Хайзуран қаттиқ тортишувлардан кейин уни ўлдирди. Ҳодийнинг ўлимидан кейин Ҳорун ар-Рашидни ҳокимият тепасига олиб келди. Ҳорун акасидан фарқли равишда онасига қаршилик қилмай, бутун ҳокимиятни расман онасига топширди ва онасининг маслаҳатига амал қилди.
Ҳаёти
Хайзуран Саудия Арабистонининг замонавий Биша шаҳри яқинидаги Жорашдан эди. Уни бир бадавий уйидан ўғирлаб кетган ва Макка яқинидаги қул бозорида зиёратдаги Маҳдийга сотган. Расмий равишда мусулмонлар учун мусулмонларни қул қилиш ноқонуний эди. Бироқ барча манбалар Хайзураннинг қул бўлганини қатъий таъкидлайдилар ва бунда мусулмонларни қул қилишни тақиқловчи расмий қоидани бузиш амалда одатий ҳол эмас эди[1].
Маҳдий ҳукмронлиги
Хайзуран гўзал, ақлли ва истеъдодли деб таърифланган. Ўша пайтда жория ёки жаворий деб аталган ҳарамнинг қул аёллари ўз хўжайинининг қизиқишини сақлаб қолиш учун мусиқа, қўшиқ, мунажжимлик, математика ва илоҳиёт илмларини ўрганишлари керак бўлган. Хайзуран энг илмли қозилардан фиқҳ бўйича мунтазам сабоқ олган[1].
Хайзуран охир-оқибат Маҳдийнинг севимли аёлига айланди. 775-йилда Маҳдий халифа бўлганидан сўнг, Хайзуран эрини ўзини озод қилишга ва уйланишга кўндирди. Шунингдек, биринчи хотини малика Райтани (халифа Ас-Саффоҳнинг қизи) имтиёзлардан маҳрум қилиб, ўғлини тахт вориси лавозимидан туширишга ҳам эришди. Унинг ўрнига Маҳдий Хайзураннинг ўғилларини ўз меросхўрлари этиб тайинлайди. Бунда қулдан туғилган ўғилларга меросхўрликни бериш одатга зид эди. Хайзуран малика сифатида халифа Ҳарамида олий ҳокимиятга эга бўлди. Ҳатто халифа ҳам бу ҳудудда унинг хоҳишига кўра яшаши ёки ўзини тутиши керак эди. У мазкур мураккаб муассасанинг ижтимоий ҳаётдан тортиб то зиёфат ва маросимларни режалаштиришгача, жумладан, кириб келаётган катта маблағларни бошқаришни ҳам ўз қўлига олди.
Шу пайтдан бошлаб Хайзуран империядаги энг қудратли ва нуфузли аёл бўлиб, Маҳдий ҳар доим саройга келганида халифага ҳамроҳ бўлган. Хайзуран парда орқасида ўтириб, агар бирор нарсага рози бўлмаса, қўлини парданинг орқа томонига қўйиб, фикрини англатарди. Хайзуран ҳар доим халифа ҳузурига тўғридан-тўғри кириш имконига эга бўлган. Унинг таклифлари доимо қабул қилинган, тавсия қилган шахслари маъқулланган ва лавозимга тайинланган. Унинг шафоати билан душманлар кечирилган ёки ўлим жазоси бошқа жазога алмаштирилган[1].

Ҳукуматда бармакийлар билан иттифоқчи эди. Маҳдий ҳукмронлиги даврида Хайзуран аёл киши у ёқда турсин, ҳамма учун фавқулодда ва ғайриоддий ҳокимиятга эга бўлган: барча ҳарбий ва давлат ишларини муҳокама қилган ва ҳал қилишга ёрдам берган, ҳарамда қолиб кетмаган, халифа Маҳдийга таъсир ўтказа олган, ҳарамдан ташқарида ҳамма ва ҳамма нарса устидан ёки ҳамма жойда сиёсий ҳокимиятни амалга оширган, эркак ва аёлларнинг ўзидан илтифот сўраган илтимосномалари билан танишиб, халифа олдида ўз номидан шафоат қилган. Бу аризачилар орасида ҳукумат амалдорлари, ҳарбий зобитлар, зодагонлар ва савдогарлар бор эди. Хайзуран ўз хонадонида генераллар, сиёсатчилар ва амалдорлар билан тингловлар ўтказган, эркаклар билан бирга давлат ишларини муҳокама қилган ёки эркаклар ўзларининг давлат ҳақидаги илтимосномаларини Хайзураннинг уйида конвертларда топширишган. Маҳдий Хайзуранга ҳатто хорижий элчилар билан учрашиш ва империя бошқаруви учун расмий ҳужжатларни имзолашга ҳам рухсат берган. Буларнинг барчаси аёл учун маданий жиҳатдан ноўрин деб ҳисобланган янгиликлар бўлиб, Хайзураннинг империя бўйлаб таъсири ва кучини кўрсатади[1].
Хайзураннинг саройи, худди халифаникидек, аскарлар томонидан қўриқланар, унинг ерлари пойтахт чеккасида жойлашган, шунингдек, унга тўғридан-тўғри бўйсунадиган агентлар орқали бир қанча ҳунармандчилик марказларини бошқарган, хорижда ҳам йирик бизнеси бор эди. Пойтахт ва унинг атрофидаги кўплаб савдогарлар ва зодагонлар Хайзуранга боғлиқ эди. Хайзуран юзлаб қулларга эга эди, кўплаб аёл хизматкорлари бор эди ва турмуш тарзи ҳам ҳашаматли эди. Унинг йиллик даромади халифалик даромадининг учдан бир қисмини ташкил этган бўлиб, ўғиллари Ал-Ҳодий ва Ҳорун ар-Рашидлар халифалиги даврида даромади икки баравар кўпайиб, халифалик умумий даромадининг ярмидан кўпини ташкил қилган. Эрининг ёши улғайгани сари Хайзураннинг ҳукуматдаги қудрати кучайиб, ҳатто ба’зи қариндошларини мансаблар билан тақдирлаган. Маҳдий ғарб ва шимолда ҳарбий юришлар олиб бораётганида ёки диққатга сазовор жойларни кўриш учун империя бўйлаб саёҳат қилганида, Хайзуран Бағдодда халифа номидан ишларни бошқарган. Шунингдек, онаси, икки синглиси ва икки укасини ҳукуматга таклиф қилди. Синглиси Салсални шаҳзода Жаъфарга узатади. Укаси Ғатрифни Яман ҳокими этиб тайинлайди[1].
Эр-хотиннинг икки ўғлидан ташқари Бануқа исмли қизи ҳам бор эди. Маҳдий уни шунчалик яхши кўрар эдики, ўғил боладек кийинтириб, саёҳатларида ўзи билан олиб юрар эди. Бануқа 16 ёшида вафот этганида[2], отаси қизи учун тўғри бўлмаган таъзияни талаб қилиб, жанжал келтириб чиқарди[1].
Бир куни Хайзуран ўз уйида халифанинг бошқа аёллари ўртасида ўтирганида, хизматкор унга охирги Умавий халифа Марwан ИИнинг беваси Музнаҳнинг эшик олдида турганини хабар қилди. Музнаҳ қашшоқ эди. Унинг ҳикояси ва аҳволи Хайзуранни шу қадар ҳаяжонга солдики, уни таъминлаш учун ҳаракат қилди. Кечқурун Хайзуран Маҳдий билан бирга кечки овқатни тановул қилишаётганда, бўлган воқеани халифага хабар қилди. Маҳдий хотинининг хайр-эҳсонини эътироф этган. Музна вафот этгунига қадар халифа ҳомийлигидан баҳраманд бўлган[3].
Муса ал-Ҳадий ҳукмронлиги
785-йилда Маҳдий ўғли Ҳорун билан бирга ҳарбий юришга чиққан пайтда вафот этди. Ҳорун бу хабарни онасига етказиш учун Бағдодга қайтиб келди. Хайзураннинг икки ўғли ҳам пойтахтда эмас эди. Хайзуран ўғлининг меросхўрлик ҳуқуқини таъминлаш учун вазирларни чақирди. Шаҳарда тартибни таъминлаш учун қўшиннинг иш ҳақини тўлашни буюриб, кейин ўғлига халифа сифатида байъат қилиш ҳақида буйруқ берди[1].
Хабарларга кўра, Хайзуран ўғлининг ҳукмронлик даврида ҳам сиёсат билан шуғулланишни хоҳлаган: „Хайзуран илгари эри Маҳдий устидан ҳукмронлик қилганидек, ўғлининг устидан ҳам ҳукмронлик қилмоқчи эди“[1]. Хайзуран ўғли Ҳадий даврида ҳам ўз идорасида тингловни ва давлат ишларини муҳокама қилишни давом эттирди:
У [ал-Ҳадий] билан маслаҳатлашмасдан қарор қабул қилишни монополия қилишда давом этди. Хайзуран Ҳадий ҳукмронлигининг дастлабки даврида унинг ишларини ҳал қиларди ва отаси билан қандай муомала қилган бўлса, ўғлининг даврида ҳам буйруқ ва ҳокимиятни ўз зиммасига олди. У Ҳадий ҳукмронлигининг дастлабки даврида ўзини аввалгидек тутди... Маҳдий даврида одамлар унинг эшигидан кириб-чиқар, у давлат ишларини ҳал қилар эди[1].
Бироқ, Ал-Ҳадий онасининг давлат ишларида иштирок этишига қарши чиқиб, онасига ўз обрў-эътиборини намоён этишига йўл қўймади. Онасини тобора давлат ишларидан четлатишга ҳаракат қилган ва хабарларга кўра: „Аёлларнинг давлат ишларига аралашуви мумкин эмас ... Дуоларингиз ва ибодатларингиз билан мшғул бўлинг“, деган буйруқ берган[1].
Ҳадий онасининг шикоятчилар, сиёсатчилар, амалдорлар ва генералларга минбар бериб, улар билан маслаҳатлашиб, эркаклар билан аралашиб юришини номақбул деб ҳисоблаган. Халифа ўз генералларини йиғиб, оналарининг ижтимоий ҳаёти масаласига очиқчасига мурожаат қилди ва улардан сўради:
- — „Орамизда ким яхшироқ, сизми ёки менми?“, – деб сўради тингловчиларидан халифа ал-Ҳадий.
- — Шубҳасиз, сиз яхшироқсиз, эй мўминлар амири, — дея жавоб бердилар мажлисдагилар.
- — Кимнинг онаси яхшироқ, меники ёки сизники? — давом этди халифа.
- — Эй мўминлар амири, сизнинг онангиз яхшироқ.
- — Сизлардан кимлар, — дея давом этди ал-Ҳадий, — эркакларнинг онаси ҳақида гапириб юришини хоҳлайди?
- — „Ҳеч ким онаси ҳақида гапиришларини ёқтирмайди“, деб жавоб беришди йиғилганлар.
- — Унда нега эркаклар онамнинг олдига бориб, у билан гаплашишади?[1]
Бу давргача мусулмон аёллар ҳали ҳарамда жамиятдан тўлиқ ажратилмаган эди. Аббосийлар халифалиги даврида ҳарам тизими ислом оламида Аббосийлар ҳарами ташкил этилгач[4], тўлиқ институционализация қилиниши керак эди[5].
Қаршилик қилишига қарамай, Ал-Ҳадий онасининг ғайриоддий ҳокимият тизимини буза олмади. Хайзуран сиёсатни тарк этиб, ҳарамга боришни рад этди. Ниҳоят, Хайзуран дуо қилган Абдуллоҳ ибн Молик фойдасига шафоат сўраб, ўғлидан жавоб талаб қилган вақтда, ўғлининг жаҳли чиқиб, очиқчасига бақирди:
Бир оз кутинг ва сўзларимни яхшилаб тингланг ... Атрофимдан ким – генералларим, хизматкорларим сизнинг олдингизга ариза билан келса, боши кесилади, мол-мулки мусодара қилинади. Эшигингиз атрофида ҳар куни тўпланадиган мулозимларнинг муддаоси нима? Сизни банд қиладиган ишингиз, намоз ўқиш учун Қуръон, сизни ўраб олганлардан яширадиган уйингиз йўқми? Ўзингизни эҳтиёт қилинг, бировнинг фойдасига оғиз очсангиз ҳолингизга вой[1].
Бу воқеадан кейин Хайзуран тўнғич ўғли Ал-Ҳадийни ўлдиргани ҳақида миш-мишлар тарқалди[1]. Келтирилган бир версияга кўра, Хайзуран Ҳадий укаси Ҳорун ар-Рашидни ўлдирмоқчи эканини билган бўлса, иккинчисида Ҳадий Хайзуранни заҳарламоқчи бўлган. Халифанинг бу режасини халифа онасига юборган таомни итга бергач аниқлаган[1]. Яна бир версияда айтилишича, Хайзуран халифа ўғлини ўлдиришни халифанинг қул канизакларидан бирига ёки жаварига топширган ва канизак Ҳадийни ёстиқлар билан бўғиб ўлдирган[1].
Ҳорун ар-Рашид ҳукмронлиги
Халифа бўлган иккинчи ўғли Ҳорун ар-Рашид акасидан фарқли ўлароқ, онасининг давлат ишларидаги иштирокига қарши бўлмаган. Аксинча, онасининг сиёсий иштирокини очиқ тан олган ва омма олдида маслаҳатига амал қилиб, давлатни онаси билан бирга бошқарган[1]. Ҳорун ар-Рашид Хайзурандек қобилият ва имкониятга эга бўлган аёл билан кучини баҳам кўришдан уялишига ҳеч қандай асос йўқлигини ғурур билан та’кидлаган[1].
Хайзуран қайси масалаларда сиёсатини кучайтиргани ҳақида аниқ айтиш қийин бўлса-да, халифалик сиёсатини шакллантирадиган қарорлар қабул қилишда иштирок этгани э’тироф этилади. Бу даврда Хайзуран халифаликдаги барча ваколатларини сақлаб қолиб, амалда халифа ўрнига ҳукмронлик қилди. Шунингдек, ўзининг ўғли устидан кенг кўламли ҳокимиятини эски ва машҳур „онанинг ҳаққи — Худонинг ҳаққи“ деган нақл билан қонунийлаштирди[1].
Тарихий манбаларда Хайзураннинг сиёсий ютуқлари ҳақида батафсил ма’лумот берилмаган. Бироқ, унинг номидан тангалар зарб қилинган, саройларга номи берилган ва Аббосийларнинг кейинги ҳукмдорлари дафн этилган қабристон ҳам Хайзуран номи билан аталган. Буларнинг барчаси унинг нафақат мавқеидан, балки фуқаровий жиҳатдан олиб қараганда бойлигидан ҳам далолат беради[6].
Хайзуран 789-йилда вафот этганида, ўғли қайғурмасликни талаб қиладиган қоидаларни бузиб, ўз қайғусини ошкора намойиш қилди. Ҳорун ар-Рашид онасининг дафн маросимида қатнашгани кўпчиликнинг эътиборини тортди[1].
Оиласи
Хайзуран икки халифа Ал-Ҳодий ва Ҳорун ар-Рашидларнинг онаси эди[7]. Яна Исо исмли ўғли[8] ва Бануқа ёки Банужа исмли қизи ҳам бўлган[9]. Маккада туғилиб, Журашда улғайган[10]. Салсал[11] ва Асма[8] исмли икки синглиси ва Ғитриф исмли укаси бўлган[11]. Ал-Маҳдийнинг севимли хотини бўлган[12].
Ғитриф ибн Атта исмли укаси бўлиб, Ғитрифнинг Убайда ва Азиза исмли икки қизи Хайзураннинг икки ўғли Мусо ва Ҳорунга турмушга чиқишган. Шу тариқа икки жиянини ўзига келин қилган.
| Но. | Оила аъзоси | Қариндошлиги |
|---|---|---|
| 1 | Ал-Маҳдий | Эри |
| 2 | Муса ал-Ҳодий | Ўғли |
| 3 | Ҳорун ар-Рашид | Ўғли |
| 4 | Иса ибн ал-Маҳдий | Кичик ўғли |
| 5 | Бануқа бинти ал-Маҳдий | Қизи |
| 6 | Лубаба бинти Жаъфар | Келини |
| 7 | Убайда бинти Ғитриф | Келини |
| 8 | Зубайда бинти Жаъфар | Келини |
| 9 | Азиза бинти Ғитриф | Келини |
| 10 | Умму Муҳаммад | Келини |
Мероси
Кўплаб адабиёт тарихчилари Хайзуран ва унинг кучли шахсияти „Минг бир кеча“ асарининг бош қаҳрамони Шаҳризода шахсиятига асосий таъсир кўрсатувчи бўлган, деб ҳисоблашади. Ҳорун ар-Рашид ва унинг саройи асардаги кўпгина ҳикоялар учун илҳом манбаи бўлган.
Хайзуран халифалик тарихида бирдан ортиқ халифанинг онаси бўлган (икки халифанинг онаси) иккинчи ва охирги аёлдир. Биринчи аёл Умавий халифалар Ал-Волид И ва Сулаймонларнинг онаси бўлган Валлада эди.
Яна қаранг
- Умму Исо бинти Мусо Ал-Ҳадий, Аббосий малика
Манбалар
- ↑ 1,00 1,01 1,02 1,03 1,04 1,05 1,06 1,07 1,08 1,09 1,10 1,11 1,12 1,13 1,14 1,15 1,16 1,17 1,18 Мернисси, Фатима; Марй Жо Лакеланд (2003). Тҳе форготтен қуээнс оф Ислам. Охфорд Университй Пресс. ИСБН 978-0-19-579868-5.
- ↑ Бобриcк, Бенсон. Тҳе Cалипҳ'с Сплендор: Ислам анд тҳе Wест ин тҳе Голден Аге оф Багҳдад. Симон & Счустер, 2012 — 20-бет. ИСБН 978-1416567622.
- ↑ Бобриcк, Бенсон. Тҳе Cалипҳ'с Сплендор: Ислам анд тҳе Wест ин тҳе Голден Аге оф Багҳдад. Симон & Счустер, 2012 — 23-бет. ИСБН 978-1416567622.
- ↑ Эл-Азҳари, Таэф. Қуээнс, Эунучс анд Cонcубинес ин Исламиc Ҳисторй, 661–1257. Эдинбургҳ Университй Пресс, 2019. ЖСТОР, www.жстор.орг/стабле/10.3366/ж.cтвнжбг3қ. Аccессед 27 Мар. 2021.
- ↑ Элеанор Абделла Доумато (2009). "Сеcлусион". ин Жоҳн Л. Эспосито. Тҳе Охфорд Энcйcлопедиа оф тҳе Исламиc Wорлд. Охфорд: Охфорд Университй Пресс. Арчивед фром тҳе оригинал он 2021-03-06. ҳттпс://wеб.арчиве.орг/wеб/20210306013759/ҳттп://www.охфордисламиcстудиэс.cом/артиcле/опр/т236/э0713.<!--->
- ↑ Верде, Том. 2016. "Малик И: Кҳайзуран & Зубайда" (Wайбаcк Мачине сайтида 2019-04-15 санасида архивланган). Сауди Арамcо Wорлд. Жануарй–Фебруарй 2016. Вол. 67, но. 1, паге 44.
- ↑ Абботт 1946, с. 24.
- ↑ 8,0 8,1 Абботт 1946, с. 31.
- ↑ Абботт 1946, с. 32.
- ↑ Абботт 1946, с. 26.
- ↑ 11,0 11,1 Абботт 1946, с. 29.
- ↑ Абботт 1946, сс. 26, 20.
Адабиётлар
- Ибн Касир, Ал Бидоя ва ал-Ниҳоя
- Ал-Тҳаҳби, Сират Алам ал-нубала
- Ал-Заркали, Ал-Алам
- Аҳмад Кҳалил Жума, Несаа мин ал-тарикҳ
- Верде, Том. 2016. "Малик И: Кҳайзуран & Зубайда" (Wайбаcк Мачине сайтида 2019-04-15 санасида архивланган). Сауди Арамcо Wорлд. Жануарй–Фебруарй 2016. Вол. 67, но. 1, пагес 42–45.
- Зайнаб Ҳусаян, Мажаам Алам ак-несаа
- Абботт, Набиа. Тwо Қуээнс оф Багҳдад: Мотҳер анд Wифе оф Ҳāрūн Ал Рашīд. Университй оф Чиcаго Пресс, 1946. ИСБН 978-0-86356-031-6.
- Qirollik bilgiqutisida nomaʼlum parametrlar qoʻllangan sahifalar
- 8-asr arab shaxslari
- 8-asrda tugʻilganlar
- 8-asrda vafot etganlar
- Abbosiylar xalifaligidan boʻlgan 8-asr ayollari
- Abbosiylar xalifaligidan boʻlgan 8-asr shaxslari
- 789-yilda vafot etganlar
- Arab musulmonlari
- Abbosiy xalifalarning xotinlari
- 8-asr qullari
- Abbosiy xalifalarning onalari
- Horun ar-Rashid