Alanchuq
Аланчуқ – Жанубий Озарбайжон (Эроннинг шимоли-ғарби)даги тоғ ён бағрида жойлашган мустаҳкам қал’а. Аланчуқ уч поғона (ярус)дан иборат, ҳар бир поғонанинг қалин ва баланд деворлари бўлган. Аланчуқ сосонийлар даврида Византияга қарши истеҳком сифатида бунёд этилган. Кейинчалик унинг юқори поғоналари барпо қилинган. Тарихий манбаларда Аланчуқ ҳақида илк бор Амир Темурнинг „уч йиллик юриши“ (1386-88) муносабати билан қайд қилинган. 1387-йил кузида Соҳибқирон Султон Аҳмад Жалойирни таъқиб этиб, Аланчуққа дуч келиб, уни қамал қилган. Қал’анинг биринчи поғонаси олингач, Тўхтамишнинг Мовароуннаҳрга қилган чопқуни хабари олиниши муносабати билан қамал тўхтатилган. Амир Темур Аланчуқни иккинчи марта „беш йиллик юриш“ (1392- 96) пайтида, 1394-йил майида қамал қилган. Қамал ишларини Муҳаммад Дарвеш Барлос бошчилигида қўшин олиб борган, қамал чўзилиб кетганлиги боис бу вазифа Мироншоҳ мирзога топширилган. Бироқ 1395-йил Тўхтамишга қарши қилинган юриш туфайли Аланчуқ қамали яна тўхтатилган. Амир Темур Олтин Ўрдани тор-мор этиб қайтгач, 1396-йил ўртасида Аланчуқни мусахҳар (тобе) қилган. „Етти йиллик юриш“ (1399-1404) пайтида Аланчуқ Амир Темурнинг ҳарбий истеҳкоми вазифасини ўтаган.
Адабиётлар
- ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
| Ушбу мақолада Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (2000-2005) маълумотларидан фойдаланилган. |
| Ушбу мақола çаладир. Сиз уни бойитиб, ЗиёСферага ёрдам бериşингиз мумкин. Бу андозани аниқроғига алмаштириш керак. |