Швейсер Алберт (1875.14.1, Кайзерсберг, Элзас — 1965.4.9, Ламбарене, Габон) — немис-франсуз мутафаккири, ҳаёт фалсафаси намояндаси, илоҳиётчи, шифокор, мусиқашунос ва органчи. Страсбург, Берлин, Париж университетларини тугатган. 1899 йилдан фалсафа, 1900 йилдан илоҳиёт, 1913 йилдан тиббиёт доктори. ХХ аср бошларида консерт бериб юрадиган органчи сифатида шуҳрат қозонди. И.С. Бах ижодини ўрганишга бағишланган асарлар ёзди. 1913 йил рафиқаси — ҳамшира Элен Бреслау билан бирга ўз маблағи ҳисобига Габоннинг Ламбарене қишлоғида шифохона очиб, умрининг охирида АҚШга бориб, университетларда маърузалар ўқиб турди; ўнлаб унтнинг фахрий доктори, Франсия Ахлоқий ва сиёсий Фанлар академиясининг (1952), Англия Қироллик тиббиёт жамиятининг (1955) аъзоси. СҲ. дунёқараши бўйича, ҳаёт — табиат яратган энг олий неъмат сифатида буюк ҳурматга сазовордир. Унинг ақидаси "мен — ҳаётман, ҳаётлар ичида яшашни истагувчи ҳаётман" шиорида ўз ифодасини топган. Ш. наздидаги эзгулик — тирик жонни сақлаб қолиш, ҳаётга қўмаклашиш; ёвузлик эса — жонлини жонсиз қилиш, ҳаётга зарар етказиш. Ҳар бир шахс шу тамойилига амал қилганидагина, у одам ва олам уйғунлигига, яхлитлигига эришади. Тўғри, табиатда бир ҳаёт 2ҳаёт ҳисобига яшайди, ҳар нарсанинг қушандаси бор, лекин Ш. фақат ҳаётни "исроф қилиш"га қарши. Ш. олға сурган ҳаётга эҳтиром ахлоқий таълимоти инсонни шафқатли, мурувватли зот бўлиб умр кечиришга чорлайди. Айни пайтда у замонавий инсонда экологик маданиятнинг юксалишига, умумжаҳон ахлоқий муҳит — этосферанинг яратилишига хизмат қилади. Асосий асарлари: "Кантнинг дин фалсафаси" (1899), "Раймардан Вредегача. Исо Масиҳ ҳаётини ўрганиш тарихи" (1906), "И.С.Бах" (1905), "Маданият фалсафаси" (1923), "Насронийлик ва жаҳон динлари" (1923), "Ҳаворий Павелнинг мистикаси" (1929), "Ҳинд мутафаккирларининг қарашлари" (1995).[1]

Манбалар