60 та баҳодир қўзғолони (тув. Алдан Маадир — 60 баҳодир) — Манчжур-Хитой кучларига қарши Тува миллий озодлик ҳаракати тарихидаги энг катта қўзғолонлардан бири.

Қўзғалоннинг бориши

Қўзғолон 1883-1884-йилларда Хемчик дарёси водийсида юз берган бўлиб, мустамлака ва феодал зулмига қарши қаратилган эди. Қўзғолон раҳбарлари аратлардан Самбажик, Кожагар-Комбулдай ва кичик амалдор Дажима эди. Бевосита иштирокчиларнинг умумий сони 300 кишини ташкил қилган.

Қўзғолончилар Туванинг энг кўп сонли икки хошунини Тува амалдорлари ва манчжур-хитой истилочилари ҳукмронлигидан озод қилиб, у ерда ўз ҳокимиятини ўрнатиш ниятида эди. Улар феодал ва савдогарларга босқинлар уюштириб, уларнинг чорва молларини ўғирлаб, камбағалларга бўлиб берди. 1884-йил кузида бутунтува раҳбари — амбин-нўён — қўзғолон бўлмаган барча хошунларда аҳолини сафарбар қилди. Қўзғолонни бостириш учун Син империяси томонидан тузилган 300 кишидан иборат жазо отряди амалдор Тарлук бошчилигида Сут-Холга қараб юрди.

1884-йил ноябр ойида қўзғолон бостирилди. Барча асирларни Чирғоқ қишлоғига олиб бориб, қийноққа солдилар. 1885-йил мартда Улясутайда қўзғалоннинг фаол 43 иштирокчиси қатл қилинди. Улясутай сзян-сзюн буйруғи билан қатл этилганларнинг бошлари Тувага олиб келинди ва ибрати олам учун асосий йўллар ва довонлар ёнидаги устунларга ўрнатиб чиқилди.

Абадийлаштириш

Тува тарихшунослигида 60 та баҳодир образи поэтиклаштирилиб, миллий бирдамлик тимсолига айлантирилди. Тувадаги қишлоқлардан бирига қўзғолончилар номи берилди. Қўзғалон хотирасига бир қанча ҳайкалтарошлик намуналари бағишланган. Тува Республикаси Миллий музейига „Алдан Маадир“ номи берилган.

Ҳаволалар