Александр Петрович Перов (1935-йил, 1-июл, Чимкент шаҳри, Қозоғистон) – ранг-тасвир устаси. Ўзбекистон халқ рассоми (2002). Перов Бенков номидаги Республика рассомлик билим юрти (1955) ва Тошкент театр ва рассомлик санъати институти (1965)ни тугатган. 1974-йилдан хрз. Республика тасвирий санъат лицей-интернатида педагог. Перов асарларининг ранглар уйғунлигида таъсирчанлик, образлилик, композиция ечимида юксак маҳорат кўзга ташланади; ижодидан қишлоқ меҳнаткашлари, замондош зиёлилар, ўлканинг тарихий манзаралари кенг ўрин олган: „Замондош“, „Ёшлар“, „Меҳмонда“, „Қиш“, „Она“, „Матлуба“, „Оби ҳаёт“, „20-йиллар“, „Қўриқ ер“, „Самарқанд. Амир Темур мақбараси“, „Хива“ туркум асарлари, „Дала гуллари“ ва бошқа 1965-йилдан республика ва хориждаги бадиий кўргазмаларда иштирок этади. Кўплаб шогирдлар тайёрлаган[1].

Манбалар

  1. ↑ ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил