Ali Banokatiy
- Википедияда исми Али бўлган бошқа кишилар ҳақида ҳам мақолалар мавжуд.
Али Банокатий – тошкентлик аллома ва файласуф. Али ибн Аҳмад ибн Муҳаммад Банокатий ҳуснихат соҳиби хаттотлардан саналади. Қадимда Тошкентни Бинкат, Банокат деб ҳам аташган. Банокатий Бағдодда вафот этганлигидан у киши бу томонга келиб таълим олган кўринади. Банокатий асарлари сақланиб қолмаган, лекин у кўчирган асарлар бизгача етиб келган. У араб тили, адабиёти, фалсафасини яхши билган фозил кишилардан бўлган. Араб тилида ёзилган ва у кўчирган асар Ибн Сино (980—1037) ва Насируддин Тусий (?—1273)лар қаламига мансуб. Маълумки, Ибн Сино „ал-Ишорот ва ат-танбихот“ деган асар ёзган. Бу асарга аллома Насруддин Тусий шарҳ боғлаган. Тусий фақатгина мантиқшунос, файласуфгина эмас, балки иқтидорли астроном, математик ҳам эди. У ёзган асарида, у ҳоҳ оригинал ва ҳоҳ шарҳ асар бўлсин, албатта, ўзи билган соҳалар акс этиши турган гап эди. Шу нуқтаи назардан қараганимизда, Тусий асарини кўчириш, уни тушуниш ва ҳаттотнинг илм-маърифати, савияси билан боғлиқ бўлиши турган гап эди[1]. Банокатий ана шундай иқтидорли олим ва хаттот эди. У Насируддин Тусий Ибн Сино асарига ёзган шарҳи „Халл ал-мушқилот ал-ишорот“ асарини кўчирган. Шу кўчирилган нусха Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти қўлёзмалар фондида сақланади. Асар зулҳижжа ойининг ўнинчисида 669-йили кўчирилган (21-июн 1271), ҳажми 270 варақ. Бу асар муаллифининг ҳаёт вақтида кўчирилган. Китоб қўлдан-қўлга кўп бор ўтган кўринади, унинг ҳошиясида ёзилган изоҳлар, сўзлар шундан дарак беради. Бу китоб соҳибларидан бири 12 муҳаррам 772-йили (1370, 7-август) ва бошқаси эса 907-йил зулхижжа (1502, июн) деб ёзиб қўйилган. Кейинги ёзув эгасига асар ҳаж сафарида қўлга тушган. Шарқшунослик институтида сақланаётган бу китоб нусхасидаги ёзувларга қараганда, бу китоб ўлкама-ўлка кезиб, кўп жойларда бўлганлиги ва шу орадан ўтган етти юз йил ичида кўпчилик диққат-эътиборини тортиб келганлиги маълум[2].
| Али Банокатий | |
|---|---|
| Таваллуди | номаълум |