Али ибн Абу Саид, Зул-Қаламайн номи билан ҳам танилган[1], 9-аср бошларида Аббосий халифа ал-Ма’мун (ҳ. 813–833) хизматида бўлган Аббосий амалдор ва ҳарбий қўмондон. Я’қубийнинг та’кидлашича, Али ал-Ма’муннинг энг нуфузли амалдорларидан бўлган хуросонлик ака-ука ал-Фадл ибн Саҳл ва ал-Ҳасан ибн Саҳлнинг холаваччаси бўлган[2]. Табарий эса Алини ушбу шахслар синглисининг ўғли деб ҳисоблайди[2][3].

Али ибн Абу Саид
Таваллуди Хуросон, Аббосийлар халифалиги
Вафоти 820-йиллар
Аббосийлар халифалиги
Фуқаролиги Аббосийлар халифалиги
Қўшин турлари Аббосийлар армияси
Хизматдаги йиллари тах. 812 — 833
Ҳарбий  қисм ал-Маъмун қўшини
Жанг/уруш ал-Маъмуннинг ҳарбий юришлари

Али Бағдод қамали ва ал-Ма’мун акаси ал-Амин билан бўлган фуқаролар урушида ғалаба қозонганидан сўнг тарих саҳнасига чиққан. Ал-Ма’мун ал-Ҳасанни Аббосийлар империясининг катта қисмига, я’ни Жибал ва Форсдан тортиб Ироқ, Ҳижоз ва Ямангача бўлган ҳудудларга ноиб этиб тайинлаган. Ал-Ҳасан Алини Ироқдаги ер солиғи (хирож) йиғиш вазифаси бўйича ўринбосари этиб тайинлаган[4].

815-йилда Али Ироқда Абу ас-Сарая ас-Сарий ибн Мансур бошчилигидаги Алийлар қўзғолонини бостиришда асосий қўмондонлардан бири бўлган. Май ойининг охирида ал-Мадаин яқинида қўзғолончи кучларни мағлубиятга учратиб[5], Восит шаҳрини қайтариб олган[6] ва ниҳоят Басрани шафқациз Алий ноиб Зайд ибн Мусо ал-Козимдан озод қилган[7]. Шундан сўнг, Али бир неча лашкарбошиларини Исо ибн Язид раҳбарлигида Ҳижозда юз берган қўзғолон тарафдорларини бостириш учун жўнатган[2].

Али тез орада ал-Ҳасан ибн Саҳлдан узоқлашиб, унинг рақиби, саркарда Ҳарсама ибн Аён ҳамроҳлигида Марвдаги халифа ҳузурига қайтади[8]. Бағдодда ал-Ма’муннинг амакиси Иброҳим ибн ал-Маҳдий раҳбарлигида халифага қарши исён кўтарилганида, ал-Ма’мун тарафдорлари Саҳлий ака-укаларни айбдор деб билишади. Айниқса, ал-Фадл ҳақиқий аҳволни халифадан яширишда айбланган. Ал-Ма’мун шахсан жазолардан хавфсизлик кафолатини бергандан сўнг, Али Саҳлийларга қарши гувоҳлик берган қўмондонлардан бири бўлган. Бу воқеа ал-Маъмуннинг Марвдан чиқиб, Бағдодга қайтиш ҳақида қарор қабул қилишига туртки бўлади[9]. Шундай бўлса-да, ал-Фадл қўмондонларни ушбу қарорда иштирок этган деб гумон қилиб, уларни қамоққа олиб, ёмон муносабатда бўлади[10]. 818-йил февралида ал-Фадл ўлдирилганидан сўнг, қўлга олинган қотилларнинг айримлари суиқасднинг асл режалаштирувчиси Али эканлигини айтишган. Али ва қамоқдаги бошқа қўмондонлар суиқасдга алоқадор эмасликларини таъкидлашларига қарамай, ал-Ма’мун уларни қатл эттирган. Уларнинг кесилган бошлари укасининг тақдири ҳақидаги хабар билан бирга Ироқдаги ал-Ҳасан ибн Саҳлга юборилган[11].

Манбалар

  1. ↑ Босwортҳ 1987, с. 10 (ноте 11).
  2. ↑ 2,0 2,1 2,2 Элад 2013, с. 277.
  3. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 78–79 (эсп. ноте 251), 81.
  4. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 9–10.
  5. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 17–18.
  6. ↑ Босwортҳ 1987, с. 23.
  7. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 26–27.
  8. ↑ Босwортҳ 1987, с. 39.
  9. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 78–80.
  10. ↑ Босwортҳ 1987, с. 80.
  11. ↑ Босwортҳ 1987, сс. 80–81.

Адабиётлар