Алимент мажбурияти — Ўзбекистон Республикаси оила қонунчилигига кўра, ота-она вояга етмаган, меҳнатга лаёқациз, ёрдамга муҳтож болаларига ҳамда вояга етган, меҳнатга лаёқатли болалар ўз ота-онасига таъминот бериши шарт.

Вояга етган меҳнатга лаёқациз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот бериш ота-онанинг келишувига биноан амалга оширилади. Ота-она ўртасида бундай келишувга эришилмаган тақдирда низо суд тартибида ҳал қилинади.

Алимент мажбурияти оила аъзолари ўртасида содир бўлади. Алимент мажбуриятлари мулкий-ҳуқуқий муносабатлар доирасига кириб, шу билан бирга ўзининг баъзи бир махсус белгиларига ва хусусиятларига эга. Алимент мажбуриятининг фуқаролик ҳуқуқидаги мажбуриятдан фарқ қиладиган томонлари мавжуд. Алимент мажбурияти шундай ҳуқуқий муносабатки, у қонунда белгиланган юридик фактлар содир бўлганда вужудга келади. Амалдаги қонунчиликда алимент мажбуриятларида бир қатор янги қоидалар белгиланган. Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси алимент ундиришнинг 3 тартибини белгилайди:

1) Алимент тўлаш тўғрисидаги келишув тузиш;

2) Алиментни ихтиёрий тўлаш;

3) Алиментни суд тартибида ундириш[1].

Манбалар

  1. ↑ Ўзбекистон Юридик энсиклопедияси