Алкалоидлар — ўсимликларда, камдан-кам ҳолларда ҳайвонот организмида учрайдиган ва асос хоссасига эга бўлган азотли органик бирикмалар. Шулар жумласидан морфинни биринчи марта (1806) немис аптекари Сертюрнер кўкнори шираси (афюн)дан ажратиб олди. Шундан кейин олимлар ўсимликлар та-насида нейтрал ва кислота хоссасига эга бўлган кимёвий бирикмаларгина эмас, балки асос хоссасига эга бўлган моддалар ҳам мавжуд деган хулосага келдилар. ХИХ асрда стрихнин, хинин, кофеин, атропин, эфедрин ва бошқа ажратиб олинди. ХХ асрнинг 60-йилларда 1000 дан зиёд табиий ва сунъий йўл билан олинган Алкалоидлар маълум эди. Алкалоидлар ўсимликлар ҳаётини бошқариб турадиган фаол моддалардир. Аксарият Алкалоидлар рангсиз кристалл моддалар бўлиб, кимё-вий табиатига кўра ҳалқасида азот атомлари бўлган гетероциклик бирикмалар ҳисобланади. Оддий Алкалоидлар таркибида 10 га яқин, мураккабларида 50 дан зиёд угле-род атомлари бўлади. Алкалоидлар сулфат, хлорид, салицилат, оксалат ва бошқа кислоталар билан кристалл тузлар ҳосил қилади; бу жара-ёндан уларни тозалаш ва олишда фойда-ланилади. Алкалоидга ишқорий хосса берадиган элемент азотдир. Алкалоидлар соҳасида Ўзбекистон олимларидан академиклар С. Ю. Юнусов ва О. С. Содиқовнинг ўз шогирдлари билан бу соҳада қилган ишлари анча салмоқлидир. Собир Й. Юнусов кашф этган қонуниятга кўра, Алкалоидлар эрта баҳорда ўсимликнинг ер усти қисмларига, куз фаслида бир йиллик ўсимликларнинг уруғига, кўп йиллик ўсимликларнинг эса пиёзи, илдизи ва уруғига миқдор жиҳатидан энг кўп йиғилади. 1943–1993-йилларда Ўзбекистон Фанлар Академияси Ўсимлик моддалари кимёси институтида С. Ю. Юнусов раҳбарлигида 29 оила-345га мансуб 266 ўсимлик тури ўрганилиб, улардан 913 алкалоид ажратиб олинди. Турли гуруҳларга кирувчи 518 янги ал-калоиднинг тузилиши аниқланди. Си-тизин, галантамин, ликорин каби препа-ратларнинг ишлаб чиқариш технологияси кўрсатиб берилди, холинестеразага қарши дезок-сипеганин гидрохлорид препарати Тошкент кимё фармацевтика заводида ишлаб чиқарила бошланди. Аритмияга қарши дитерпин алкалоиди асосида препа-ратлар олишнинг янги йўналишлари очилди. Бу препаратлардан аллапинин тиббиёт амалиётида қўллана бошлади. Тиббиёт-биология тадқиқотлари учун бир қатор биореактив препаратлар (би-бикулин, аконитин, гелиотрин, импери-алин) олишга муваффақ бўлинди. Айни вақнда яна бир янги йўналиш — заҳарли замбуруғлардан алкалоидлар ажратиб олиш устида тадқиқот ишлари олиб борилмоқда. Тиббиётда турли касалликларни даволашда юздан ортиқ Алкалоидлар (морфин, кодеин, кофеин, эфедрин, стрихнин, колҳамин, атропин, кокаин, галантамин, ситизин ва қ.к.) қулланилмоқда. Алкалоидларнинг баъзилари (мас, анабазин ва никотин сулфат) қишлоқ хўжалигида инсектицид сифатида ишлатилади. Кашандалик ва бангиликнинг „сабабчиси“ ҳам Алкалоидлардир. Таркибида Алкалоидлар бўлган бегона ўсимликларнинг баъзилари (масалан, кукмараз ва кампирчопон) ғалла экинлари орасида ўсади, дон бу ўсимликлар уруғидан тозаланмай истеъ-мол қилинса, одам ва ҳайвонлар оғир касалликларга чалиниши мумкин[1].

Манбалар

  1. ↑ Файл:Натионал Энcйcлопедиа оф Узбекистан лого.пнг „Алкалоидлар“, Ўзбекистон миллий энсиклопедияси (А-ҳарфи). Тошкент: „Ўзбекистон миллий энсиклопедияси“ Давлат илмий нашриёти, 2000–2006-йиллар.

Адабиётлар

  • ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил
  • Орехов А. П., Химия алкалоидов, М., 1955; Итоги исследования алкалои-доносних растений, Т., 1993.

Ҳаволалар